Наманганлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи ҳаж сафарига жўнаб кетди

Бугун наманганлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи Наманган-Мадина йўналиши бўйича Саудия Арабистони Подшоҳлигига жўнаб кетди.
Сафар олдидан барча зиёратчилар жойлардаги марказлашган тиббиёт пунктларида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Гуруҳлар таркибида зиёратчилар билан сафар давомида ҳаж амалларини бажариш, хавфсизлик чораларига риоя қилиш, саломатликни асраш юзасидан тушунтириш ишлари ўтказилди. Зиёратчиларга Ўзбекистон Республикаси давлат рамзлари акс эттирилган махсус кийим ва сумкалар, «Ҳажнома» китобчаси ва видеотасмалар тақдим этилди. 

Жорий йил 950 нафар наанганликлар ҳаж амалини адо этишади. Уларга 19 нафар гуруҳ раҳбарлари бириктирилган.
Бу йил ўзбекистонлик зиёратчилар Мадина шаҳрида биринчи маротаба “Масжид ан-Набавий”дан 50 метр узоқликда жойлашган беш юлдузли “Пулман замзам” меҳмонхонасига жойлашади. Макка шаҳрида эса Ҳарамдан узоқ бўлмаган тўрт юлдузли “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида истиқомат қилади. Ҳожиларимиз учун 24 соат давомида замонавий автобуслар бепул хизмат кўрсатади.
Маълумот ўрнида ҳаж мавсуми учун сарф-харажатлар сметаси бўйича ҳар бир зиёратчидан олинадиган маблағ 33 миллион 300 минг сўм этиб белгиланди. Яъни нарх 5 миллион сўмга арзонлаштирилди.

Биз Twitterда