Наманганда водийда ягона Фармацевтика институти ташкил этилади

Наманганда водийда ягона Фармацевтика институтини ташкил этиш бўйича дастлабки ташкилий ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу олийгоҳни педагогик таркибини шакллантириш учун ҳаракатлар бошланган. Наманганда истиқомат қилувчи олий маълумотли, тажрибали доришунос мутахассислар рўйхати шакллантирилмоқда. Яқин вақт ичида ҳукуматнинг бу борадаги махсус қарори имзоланади. Унга кўра янги ташкил этилажак олийгоҳни олий маълумотли доришуносларга бўлган эҳтиёжини қондиради. Бу ҳақда vodiymedia.uzнинг ҳукуматдаги манбалари маълум қилди.
 
 
Маълумки, сўнгги пайтларда давлат раҳбари томонидан дори-дармон таъминоти ва бу соҳада савдо тизимини ислоҳ қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, бу соҳанинг малакали мутахассисларга жуда катта эҳтиёжи бор. Чунки, аксарият дорихоналарда соҳа бўйича маълумоти йўқ кишилар иш олиб боришаётгани маълум. Бундан ташқари тиббий лабараторияларда ҳам малакали мутахассисларга эҳтиёж катта. Шу жиҳатдан олиб қараганда, ташкил этилажак олийгоҳ бу бўшлиқнинг ўрнини бемалол тўлдиради.
  • Олдинлари Тошкентдаги Фармацевтика олийгоҳида талабалар қабул қилишда вилоятларга квоталар берилар эди. Мисол учун Наманганга берилган 15 та ўринга, улардан ҳар қанча юқори баҳо олган бошқа талабалар даъвогарлик қилишолмасди. Бу эса уларни олийгоҳга киришини кафолатлаб, якунда вилоятга қайтиб ишлашлари учун имконият берарди. Лекин узоқ йиллардан бери бундай квоталаш тизими йўқ. Тўғри, вилоятлардан олий маълумотли доришунос бўлиш учун ўқишга кирганлар топилади. Лекин уларнинг аксарияти, ўқишни битиргач  Тошкентда қолиб кетмоқда. Анчадан буён шу хол давом этиб келади, - дейди кекса доришунослардан бири.

Биз Twitterда