Наманганда қуриб битказилган кўп қаватли уйлар эгаларига топширилди

 
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги байрами арафасида Наманган шаҳрида қуриб битказилган арзон ва қулай нархлардаги кўп қаватли уйларни ўз эгаларига топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
2016 йил 22 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон ва кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.
Мазкур қарорга асосан Наманган шаҳрида ҳам 8 та етти қаватли уйларни қуриш режалаштирилганди. Ўтган 11 ой давомида бу уй-жойларни қуриш бўйича катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
 
 
8 та хонадон имтиёзли равишда имконияти чекланган ва ногирон фуқароларга топширилгани байрам устига байрам бўлди.
- Мен бугун Ватан ичра ўз Ватанимга эга бўлганимдан ҳурсандман, - дейди Баҳромжон Шарипов. – Мен бу уйда онажоним билан байрамни кутиб олишимнинг ўзи қўшалоқ байрам. Шундайин мехрибон Ватанни севмай бўларканми?
Уйларнинг барчасидаги хонадонлар маҳаллий иситиш тизимларига эга. Бундан ташқари, хавфсиз шаҳар концепциясига амал қилган ҳолда кузатув камералари ҳам ўрнатилган.
 
 
- Мен шундай юртда яшаётганимдан фахрланаман, - дейди икки нафар фарзанднинг онаси, 5-умумтаълим мактаби муаллимаси Умида Собирова. - Бундай шарт-шароитларга эга хонадон барчамизнинг орзумиз эди. Чиндан ҳам бахтиёрман. Тинчлик ва осудалигимизга эътиборни қадрлаган ҳолда ёш авлодга сидқидилдан таълим-тарбия бериб тараққиётимизга ўз ҳиссамни қўшаман.
Юқорида келтирилган Президент қарори билан тасдиқланган дастурга асосан Наманган шаҳрида келгуси йилда яна шундай ўнта кўркам ва замонавий кўп қаватли турар жой бинолари бунёд этилади.
Шунингдек, Наманган шаҳрининг Уйчи, Навоий, Ҳамроҳ кўчаларида ҳам замон талабларига мос бўлган 55 та кўп қаватли кўркам турар жой бинолари барпо этилади.
Наманган шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

Биз Twitterда