Наманганда "Экологик ҳашар"лар бўлиб ўтмоқда. Навбатдагиси 10-11 март кунлари!

 
Ўзбекистон Президентнинг шу йил 23 февралдаги “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ҳамда мамлакатимизда март-апрель ойларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги муносабати билан Наманганда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ташаббуси билан март ойида уч босқичли “Экологик ҳашар”ни ўтказишга қарор қилинганди.
Ҳашарнинг биринчи босқичи жорий йилнинг 3-4 март кунлари шаҳар-у туманларда уюшқоқлик билан ташкил этилди, деб Vodiymedia'га хабар беради Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот хизмати.
Икки кун давом этган тадбирда барча ҳамжиҳатлик намуналарини кўрсатишди. Белгилаган тадбирларга асосан асосий эътибор, яшаш хонадонлардан тортиб, кўча-ю хиёбонлар, маҳалла-ю гузарлар, муқаддас қадамжолар, қабристонларни тартибга келтиришга қаратилди. Манзарали ва мевали дарахт кўчатларига шакл берилиди. Йўл бўйлари, маҳалла-ю гузарлар, хиёбонларга янги дарахт кўчатлари ва гуллар экилди. Тўпланиб қолган турли маиший чиқиндилар белгиланган жойларга махсус техникалар ёрдамида чиқариб ташланди.
Ўтказилаётган экологик ҳашар давомида тарғибот тадбирларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, маҳалла фуқаролар йиғинлари, ишлаб чиқариш корхоналари, таълим муассасаларида вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасидан шаҳар ва туманлар бириктирилган давлат инспекторлари томонидан учрашув, давра суҳбатлари, турли танловлар ташкил этилмоқда.
Хусусан, Чортоқ туманидаги 24-умумтаълим мактабида “Экологик ҳашар” доирасида расм ва иншолар танлови ҳам ўтказилди. Тадбир якунларига ҳашарда фаоллик кўрсатган ва танловда юқори натижаларни қўлга киритган ўқувчилар муносиб рағбатлантирилди.
Умуман олганда, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза бошқармаси ташаббуси билан ўтказилаётган ҳашарнинг биринчи босқичи уюшқоқлик билан ўтказилди.
Навбатдаги ҳашар шу йилнинг 10-11 март кунлари ўтказилади.
Барча “Экологик ҳашар”га!

Биз Twitterда