Наманган - улуғ уламо ва етук диний соҳа вакилларини етказиб берган юрт

Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар қатори диний-маърифий соҳани янада ривожлантириш борасида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2018 йилнинг 16 апрель куни эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан эканлигини яна бир бор исботлаб беради.
 
 
Диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари минтақавий филиалларига эга бўлган Малака ошириш маркази ташкил этилиши соҳада малакали кадрлар тайёрлаш ва уларнинг билимларини ошириш бўйича муҳим аҳамият касб этмоқда.
 
 
Жорий йилнинг май ойидан эътиборан ўз фаолиятини бошлаган Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази Наманган минтақавий филиали ҳам ўзининг қизғин иш фаолиятини бошлаб юборди. Бу марказда водийнинг учта вилояти диний соҳа кадрлари ўз малакаларини оширмоқдалар. Марказда уч йил ичида 900 ортиқ имом-хатибларнинг малака ошириши кўзда тутилган.
Ҳозирга қадар ушбу даргоҳда 300 та отинойи ва 128 та имом-ҳатиблар ўз малакаларини ошириб, махсус сертификатларга эга бўлдилар.
 
 
Айни пайтда отин ойиларнинг икки ҳафталик, имом-ҳатибларнинг бир ойлик малака ошириш курсларининг 5 ва 4-гуруҳи фаолиятини давом эттирмоқда.
21 ноябрь  куни куни ушбу курслар тингловчилари учун “Диний соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифалар” мавзусида маҳорат дарслари ўтказилди. Унда Ўзбекистон халқарол ислом академияси Халқаро алоқалар бўйича проректори Баҳромжон Мамадиев, Малака ошириш маркази директори Дурбек Раҳимжоновлар иштирок этишди. Ўзаро қизғин мулоқот тарзида ўтказилган маҳорат дарсларида муҳим мавзуларда муҳокама этилди. Бу эса иштирокчилар учун ўта фойдали бўлгани қайд этилди. 
 
 
- Малака ошириш курслари давомида яқин вақт ичида хорижий мутахассислар, дунёнинг етакчи уламолар иштирокида имом-ҳатибларимиз учун маҳорат дарслари ва мулоқотларни ташкил этишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Наманган азалдан ўлкамизга улуғ уламо, етук диний соҳа вакилларини етказиб берган юрт. Наманган минтақавий филиалида водий вилоятлари имом-ҳатиблари учун яратилган шароитлар, филиалнинг илмий салоҳиятини янада ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам юқори даражда эканлигини эътирофга сазовор. – дейди бошлаган Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази директори Дурбек Раҳимжонов.
 
 
Ўзбекистонда сўнгги йилларда маърифий-диний соҳада изчиллик билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асл моҳиятларидан бири – бу соҳада заҳмат чекаётган кўп сонли мутасаддилар беминнат меҳнатларининг юқори қадрланишидир.
 
Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Биз Twitterда