"Мусулмон биродарлари" кимга биродар?

Диний экстремизм маълум сиёсий мақсадлар йўлида ва дин ниқоби остида мутаассиблар ёки уларнинг иродасига кўра иш кўрувчи  гуруҳлар томонидан олиб бориладиган ўта ашаддий ҳаракатлар ва қарашлар мажмуидир. У - муайян диний йўналиш ва ташкилотлардаги ашаддий мутаассиб унсурлар сиёсий фаолиятининг мафкураси.
 
 
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг "Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавф­сизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари" китобида шундай таъриф берган.
"Мусулмон биродарлари" ва ундан ажралиб чиққан кўплаб диний-экстремистик руҳдаги гуруҳ ва ташкилотлар таянадиган асосий ғояларни эслаш жоиз шу ўринда. Уларнинг эътиқоди бўйича ислом  нафақат дун­ёвий ва ягона тўғри дин, балки ҳаётни ташкил этиш қомуси ҳамдир. Улар назарида ислом пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий бўлган давридан бугунги кунгача юзага келаётган барча ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий, яъни соф дунёвий муаммоларни ҳал этишнинг ягона йўли ҳисобланади. Бу ақидага кўра, ҳамма мусулмонлар ягона миллатни ташкил этади ва эътиқодлари бўйича ўзаро биродар. Шу асосида "Мусулмон биродарлари" ҳеч қандай маъмурий-жуғрофий ҳудудни тан олмайди ва пировард мақсадда ер юзидаги барча мамлакатларда ягона мусулмонлар бирлиги ҳамда уларнинг диний ва дунёвий ҳокимиятини ўзида мужассамлаштирган "халифа" раҳбарлигидаги ягона мусулмон давлати қуришни кўзлайдилар.
1811 йили "Қуръон" ва ислом арконларидан яхши хабардор бўлган Миср ҳукм­дори Муҳаммад Али ваҳҳобийлик ҳаракатига қарши чиқиб, Ҳижозга, 1818 йили эса Диръа вилоятига қўшин тортиб, ваҳҳобийларни қирдирган.
Бу каби мисоллар ҳозирги даврда ҳам бор. Миср ҳукумати маҳаллий "Мусулмон биродарлари" ташкилоти томонидан исломий давлат тузиш ниятида референдум ўтказиш ташаббуси билан чиққанлиги сабабли (эътибор беринг, куч ишлатиш йўли билан эмас, атиги референдум ўтказиш воситасида исломий давлат тузиш ниятида бўлганлари учунгина) 1952 йилдан бери бундай ҳаракатларга йўл бермай келади. Ҳаттоки,1966 йили бу мамлакатда "Мусулмон биродарлари" ташкилоти фаолияти тақиқланиб, унинг раҳбари Саид Қутб қатл этилган. Ачинарлиси ва ҳайратомуз жиҳати шундаки, Ўзбекистондаги "Ҳизб ат-таҳрир"чилар кўзларига суртиб фойдаланиб келаётган адабиётларнинг аксарияти айнан Саид Қутбга тегишли экан.
Яна бир мисол. Саудия Арабистони деганда, кўз олдимизга мусулмон диёр келади. Исломни тушунишда ва унга эътиқод қилиш даражаси бўйича саудияликлар ўзбекистонликлардан кам бўлмасалар керак. Шундай бир исломобод мамлакатда ҳам мутаассиб ваҳҳобийлар1979 йили Каъбани босиб олиб, бир гуруҳ зиёратчиларни шаҳид этдилар. Улар куч билан сиёсий ҳокимиятни эгалламоқчи бўлишган. 90-йилларда Саудия ваҳҳобийлари иккинчи марта қўзғалон уюштирдилар. Ҳар иккала сафар ҳам бундай бузғунчилик иштирокчилари жамоат олдида қатл этилди.
Хулласи калом, ҳеч бир давлат халқни қўзғаб, мамлакатда тўс-тўпалон уюштириш ҳисобига ҳокимият учун курашга  йўл қўймаган ва қўймайди ҳам.
Муқаддас динимизни ниқоб қилган ақидапарастлар: "Шариатга асосан иш юритиладиган давлатда ўғрилик, зинокорлик, номусга тажовуз каби ва ҳоказо жиноятлар содир этишга йўл қў­йилмайди", деб оммани исломий давлат қуриш ғоясига даъват этадилар.
Қайси бир ислом давлатида юқорида зикр этилган жиноятлар юз бермаяпти?
Бу сабаблар кўпчиликка маълум. Улардан биринчиси - мустамлакачилик ва янги мустамлакачилик, буюк давлатчилик шовинизми.
Исбот сифатида тарихий бир далил келтирсак. Хемпер исмли инглиз жосуси Шайх Муҳаммад номи билан иш юритиб, дастлаб 1730 йили Абдулваҳҳоб билан учрашади.
Кейинчалик у ўз кундаликларида бундай деб ёзган: "Биз "Ваҳҳобийлик" деб аталмиш дин яратдик. Нажд шаҳарчаси унинг маркази бўлиб қолди. Буюк Британиянинг мустамлака ишлари вазирлиги фаолиятимизни маъқуллаб, турли ёрдам кўрсатиб, керакли анжомлар билан таъминлаб турди..."
Бу ерда изоҳга ҳожат бўлмаса керак. Демак, сунъий равишда ваҳҳобийлик оқимини яратиб, мусулмонларни чин динидан қайтариш ўша даврда айнан Буюк Британия мустамлакачиларига керак бўлганлиги аён.
Иккинчи сабаб - халқаро муносабатларда мусулмонларга қарши зўравонлик, мусулмон давлатларининг Ғарб­ мамлакатларидан кучайиб кетмаслигига эришиш нияти, "парчалаб ташла ва ҳукмронлик қил" деган кўп синалган сиёсатни давом эттириш.
Шу ўринда яна бир мисол. Турк султони Боязид Оврупони деярли тўлиқ ­босиб олганини, улуғ ватандошимиз Амир Темур эса Боязидга зарба бериб, Оврупонинг халоскори бўлганини кўплар яхши билади. Лекин Бағдод дорилфунуни профессори Муҳсин Абдулҳамид ўзининг "Ислом ва империализм" китобида инглиз олимлари Жардайти, Пал­граф ҳамда католик папаси Симон сўзларига таяниб, тарихий ҳақиқатни ошкор қилганини ҳам эслаб қўяйлик-да: "...Мусулмон оламининг қудрати Оврупани жуда ташвиш ва таҳликага солди". Шу сабабли Оврупа давлатлари ҳукмдорлари мусулмон оламини бир-биридан ажратиб юборишнинг махсус дастурини ишлаб чиқдилар.
Учинчи сабаб - иқтисодий камситишлар, калондимоғлик. Бошқа маданият, бошқа цивилизациянинг фазилатларини, умуман, исломнинг ўзини яхши билмаслик, тушунмаслик ҳоллари каби сабабларни ҳам кўрсатиб ўтиш мумкин.
Булардан кўриниб турибдики, экстремизм - мутаассиблар мафкураси. Унга ишонмаслик, ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлмоқ лозим. Ватанпарвар, иймон-эътиқодли кишилар аслида бу йўлда адашмайдилар.
Шамсиддин РАЗЗОҚОВ

Биз Twitterда