Мурожаатлар депутатлар эътиборида

 
“Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган эзгу ғояни ҳаётга изчил татбиқ этиш мақсадида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят, шаҳар ва туман партия ташкилотларида депутатлар, фаоллар, зиёлилар, журналистлар, олимлардан иборат таркибдаги ишчи гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилди.
Яқинда ЎзМТДП Янгиқўрғон тумани кенгашининг ишчи гуруҳи аъзолари тоғли ҳудуддаги Нурафшон ва Гаистон маҳалла фуқаролар йиғинидаги аҳоли хонадонларида фуқаролар билан мулоқотлар ўтказишди.
- Очиқ ва самимий мулоқотларда фуқаролар томонидан ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммоларни ҳал этиш юзасидан бир қатор мурожаатлар келиб тушди, - дейди ЎзМТДП Янгиқўрғон тумани кенгаши раиси Элшодбек Қорабоев. – Масалан, Нурафшон маҳалласи “Тинчлик” кўчасида истиқомат қилувчи фуқаролар кўчадаги йўллар анча таъмирталаблиги сабабли қатновда қийинчиликларга дуч келинаётганлигини, айниқса ёғин-сочин кунларда мактаб ўқувчилари учун қатновда анча мушкуллик туғдираётганини айтиб ўтдилар. Гаистон маҳалласида ўртага ташланган тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш масаласи 3 минг 384 нафар аҳолига эга бўлган ҳудудда кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифа саналади.
Дарвоқе, гаистонликлар томонидан билдирилган яна бир таклиф ҳам ғоят истиқболли аҳамиятга эга. Яъни, айни пайтда бўш турган эски боғча биноси ўрнида янги мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш зарур. Маълум бўлишича, мазкур маҳаллада боғча ёшидаги 354 нафар жажжи болажон бор. Бу масала ижобий ҳал этилиши ўз навбатида ЎзМТДП сайловолди Платформасида белгиланган жисмонан соғлом ва ҳар томонлама баркамол янги авлодни дунёга келтириш ва тарбиялаш учун янада қулай шарт-шароитни яратишдек устувор вазифалар ижросига ҳамоҳанг келади. Кези келганда айтиш жоиз, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва депутатлари томонидан ҳудудларни ўрганиш жараёни якунларига бағишланган Чуст тумани Кенгаши сессиясида Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев кичкинтойларни болалар боғчасига жалб этиш, мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини қайд этган эди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу очиқ мулоқотларда аҳоли томонидан келиб тушган мурожаатларни ижобий ҳал этиш мақсадида халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Аъзамжон Жўраев томонидан туман ҳокими номига алоқа хати, туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими, “Сувоқова” корхонаси раҳбарларига депутатлик сўровлари юборилиб, унинг бажарилиши назоратга олинди.
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик
партияси Наманган вилояти Кенгаши матбуот котиби

Биз Twitterда