Мукофотни шахсан Президент қўлидан олишим ҳаётимдаги энг унутилмас он!

Зулфия номидаги Давлат мукофотининг бу  йилги совриндори чустлик спортчи қиз Севинч Муҳаммаджонова бўлгани ҳақида хабар бергандик.
Чуст туманининг Олмос қишлоғида туғилиб ўсган Севинч Муҳаммаджонова ўз муваффақиятлари билан нафақат отаси Иброҳим ака, онаси Фотима опани, балки, бутун наманганликларнинг ҳам севинчига айланди.
Севинч қишлоқдаги 20-умумтаълим мактабининг бошланғич синфида ўқиб юрган кезлариданоқ спортнинг таэквондо тури билан қизиқиб келарди.
Унинг интилишларига бобоси Муҳаммаджон ота айниқса эътибор қаратди. Ўшанда Олмос қишлоғида ҳам таэквондо тўгараги очилганини эшитган бобоси Севинчни етаклаб бориб, дуо қилганди.
 Севинч таэквондо сир-асрорларини Жаҳонгир Жаъфаровдан ўрганди. Кейинчалик Наманган Таэквондо федерацияси олий спорт маҳорат мактаби бош мураббийи Маъмуржон Нозимовдан  сабоқ олди.
Тинимсиз меҳнатлар эвазига тўрт карра Ўзбекистон чемпиони деган юксак номга сазовар бўлган Севинч 2015 йилда Кореяда ўтказилган халқаро турнирда  биринчи ўринни қўлга киритганди. 
Айни кунларда Чуст спорт коллежининг биринчи босқичида таҳсил олаётган Севинч устози Жавоҳир Сирматов билан янада юксак марраларни кўзлашмоқда.
- Байрам арафасида, юксак мукофот билан тақдирланганим ва бу мукофотни шахсан Президентимизнинг қўлларидан олишим ҳаётимдаги энг унутилмас кунлардан бири бўлиб қолади. Байрам даврасидаги ҳаяжонимни сўз билан таърифлай олмайман, - дейди у. - Юртбошимиз мукофотни топширар эканлар, бундан кейинги халқаро мусобақаларда ҳам Ўзбекистон номини шарафли ҳимоя қилишимга катта  ишонч билдирдилар.
Мен бу  ишончни албатта  оқлайман!
Ҳотам Мамадалиев олган сурат

Биз Twitterда