Мирзиёевнинг Олмазор ташрифи тафсилотлари. Туманда ижобий ишлар мавжуд. Лекин бу ҳоким бошчилигидаги тўртликни ишда қолишлари учун етарли бўлмади

Президент Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 21 апрель куни Олмазор туманига ташриф буюрди. 
 
 
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олмазор туманидаги "Табассум" маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди, “Оникс Тошкент” масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюрди.  
Давлатимиз раҳбари маҳалла ҳаёти билан танишиб, аҳоли билан мулоқот қилди. Учрашувда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ислоҳотлар, ёшлар маънавиятини юксалтириш, китобхонлик маданиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр алмашилди. 
Президентимиз "Оникс Тошкент" МЧЖда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди. 
Давлатимиз раҳбарига 2017-2018 йилларда Олмазор туманининг саноат ва хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича лойиҳа кўрсатилди. Унда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, бўш турган ва қурилиши тугалланмаган бинолар ва иншоотлардан самарали фойдаланиш кўзда тутилган. 
Шавкат Мирзиёев тумандаги бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш, улар базасида замонавий ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди. 
Шунингдек, Президентимиз пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги Имом Термизий жомеъ масжидида бўлди. 
Шавкат Мирзиёев нуронийлар билан суҳбатда дунёнинг турли ҳудудларида ислом динини ниқоб қилиб олган кимсалар қанчадан-қанча бегуноҳ одамларнинг умрига зомин бўлаётганини, бундай қабиҳ ҳаракатлар муқаддас динимизга мутлақо тўғри келмаслигини, фарзандларимизни ана шундай ёвуз ниятли кучлар, экстремистик ғоялар таъсиридан асраб-авайлашимиз зарурлигини қайд этди. 
Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасида Ислом маданияти марказини ташкил қиламиз, деди Шавкат Мирзиёев. Юртдошларимиз, мамлакатимизга келадиган меҳмонлар бу ерда буюк алломаларимизнинг бебаҳо мероси намуналари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлмоғи лозим. Президентимиз мутасаддиларга масжидни реконструкция қилиш бўйича топшириқ берди. 
Биздаги мавжуд манбалар маълумотига кўра, кун охирига келиб, Тошкент шаҳар Олмазор тумани ҳокими Баҳодир Ғоибназаров ишдан олинган. Шунингдек, ҳокимдан ташқари туман прокурори, солиқ идораси бошлиғи ва ички ишлар бўлими раҳбари ҳам вазифасидан озод этилган. Ҳозирча уларнинг ўрнига тайинланган янги ходимлар борасида маълумот мавжуд эмас.
Бунгача, ҳафта бошида Тошкент шаҳрининг 6та туманида (пойтахтда жами 11та туман мавжуд) — Юнусобод, Чилонзор, Миробод, Яшнобод, Учтепа ва Сергели туманларида ҳам раҳбар тўртлик ўзгартирилганди.
 

Биз Twitterда