Миллиардер Алишер Усмонов Ўзбекистонга қайтмоқчи

Article

12 миллиард долларлик бойлиги билан дунё миллиардерлари рўйхатидан мустаҳкам ўрин эгаллаган Алишер Усмонов Ўзбекистонга қайтишга тайёрлигини билдирди.

Россия24 телеканалига интерьвю берган Алишер Усмоновнинг сўзларидан юртга қайтишга ва ўзи туғилиб ўсган заминга хизмат қилишга тайёрлик сезилиб турди. “Агар солиқ тўлаш ҳудудимни Россиядан бошқа жойга кўчирадиган бўлсам, бу фақат Ўзбекистон бўлади... Агар Халқаро қиличбозлик федерацияси юридик адреси жойлашган ҳудуддан солиқ адресимни Россияга ўзгартиришимдан олдин юртимга таклиф қилиб қолишса у ерга кетаман... Ўзбек бўлганимдан жуда фахрланаман. Бу замин (Ўзбекистон) менинг ватаним эканидан ғурурланаман... Исталган дақиқада Ўзбекистон учун ҳар қандай ишга, бу юртга, мамлакат ҳукуматига елка қўйишга тайёрман...” деган сўзлари сўнгги йилларда Россияда яшаб келаётган ҳамюртимизнинг Ўзбекистонга қайтишга иштиёқи баландлигини кўрсатиб берди.

Асли Наманганлик бўлган Алишер Усмоновнинг Наманган вилоятига қайтиши вилоят иқтисодиётига катта инвестициялар олиб кириш билан бирга, Наманган футболининг маёғи бўлган “Навбаҳор” жамоасига ҳам ўз ижобий таъсирини ўтказиши мумкин. Чунки Алишер Усмонов Лондоннинг “Арсенал” жамоасининг ҳам йирик ҳиссадори ҳисобланади. Футболга киритаётган сармояларининг кичик қисми “Навбаҳор”га йўналтирилса, жамоа Осиё грандлари қаторига кириши шубҳасиз...