Менинг ўғлим – Ватан ҳимоячиси!

Article

Жиззахда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Жиззах ва Наманган вилоятлари ҳокимликлари ҳамкорлигида Жиззах ва Наманган вилоятларида йигитлик бурчини ўтаётган аскарлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида “Менинг ўғлим – Ватан ҳимоячиси” деб номланган видеомулоқот ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Жиззах ва Наманган вилоятларидаги ҳарбий қисмларда йигитлик бурчини ўтаётган аскарларнинг ота-оналари ва яқинлари ўз фарзандларининг ҳарбий ҳаёти, уларга яратиб берилган шароитлар билан танишди, байрам билан табриклади. 

– Ўғлим Жаҳонгир Наманган вилоятида муддатли ҳарбий хизматни ўтамоқда, – дейди Зарбдор тумани Бўстон шаҳарчасида яшовчи Феруза Холмўминова. – Ўғлим ҳақида командирлардан мақтов эшитганимда бошим кўкка етди. Аскар фарзандларимиз учун яратилган шароитлардан кўнглимиз хотиржам. Бундай қулайликларни яратиб бераётган Президентимиздан миннатдормиз. 

Аскарлар ота-оналарига ўзларининг ҳарбийлик ҳаёти ҳақида сўзлаб берди. 

– Ҳарбий хизматга Наманган вилояти Учқўрғон туманидан чақирилдим, – дейди оддий аскар Ҳожимуҳаммад Ҳамиджонов. – Ҳарбий қисмда барча шароит ва имкониятлар мавжуд. Хизмат давомида жисмонан тобландим, ҳаётга муносабатим ўзгарди, дунёқарашим кенгайди. Келгусида Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртига ўқишга кириб, ҳарбий учувчи бўлишни мақсад қилганман. 

Учрашувда бадиий жамоалар ва таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди. 

 

Биз Twitterда