Маъруфжон Мўминов: Сайрам ва Туркистонга қилдик сафар...

 
Қозоғистонда 2018 йилнинг «Ўзбекистон йили» деб эълон қилиниши оламшумул воқеълик бўлди десак адашмаймиз. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қадим Туркистон элидаги қўшни-қардош давлатлар орасида яқин қўшничилик, биродарлик алоқаларини ўрнатишга йўналтирилган сиёсати, қўшниларимиз томонидан ҳам айни даражада қўллаб-қувватланмоқда, ўзаро алоқалар янада ривожлантирилмоқда.
Қозоғистонда «Ўзбекистон йили» ўтказилиши муносабати билан шу йил Наврўз байрамида бир гуруҳ қозоғистонлик ўзбек адиблари Наманганга ташриф буюришганди, Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида 5 тонналик Мега-сумалакнинг тайёрланишида иштирок этишганди. Меҳмонлар ташриф чоғида шаҳардаги улуғ зиёратгоҳларни, Ўн бир Аҳмад мажмуасини зиёрат этишганди, Чуст паловини Чустда татиб кўришга муяссар бўлишганди. Ташрифга бағишлаб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилоят бўлими томонидан ҳар икки қардош юрт шоир ва ёзувчилари асарларини жамлаган «Қардошлик ришталари» номли баёз тайёрланиб, чоп этилганди.
Яқинда наманганлик адабиёт ва маърифат соҳаси вакиллари, “Қозоғистондаги “Ўзбеклар этномаданият маркази” раиси, Амир Темур номидаги халқаро жамғарма Қозоғистон бўлими раиси Икромхон Ҳошимхоновдан Туркистон шаҳрида ўтадиган «Ўзбек халқининг тили, маданияти, урф-одатлари» деб номланган байрамда иштирок этишга таклифнома олдилар. Шунга асосан 20-22 сентябрь кунлари наманганлик ижодкорлардан бир гуруҳи Сайрам ва Туркистон шаҳарларида бўлдилар.
 
 
Сафаримиз "Авесто"да тилган олинган, тарихи 3 минг йилни ўз ичига оладиган Сайрам шаҳрида бошланди. Бизни Икромхон Ҳошимхонов ва «Истеъдод» ижодкорлар бирлашмаси раҳбари, шоир, Қозоғистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ўрмон Собир раҳбарлигидаги адиблар кутиб олишди. Наманганликлар билан бирга самарқандлик шоир ва ёзувчилар ҳам Қозоғистонга ташриф буюришди.
Аввало биз “Сайрам тарихи” музейини қизиқиб томоша қилдик. Бу қадимий шаҳарда буюк бобокалонимиз Аҳмад Яссавийнинг ота ва оналари, боболари ҳоки ётибди. Эртасига биз бу улуғ инсонлар қабрларини зиёрат қилдик.
Меҳмонлар шарафига қабул маросими ўтказилиб, Икромхон Ҳошимхонов ҳар биримизга совғалар ва Фахрий ёрлиқлар топширди.
Қорабулоқ қишлоғи маданият уйида вилоят фаоллари, ўқувчи ёшлар билан тантанали учрашув бўлиб ўтди. Бизни нон-туз ва гуллар билан қарши олишди. Наманганлик шоирлардан Боқий Мирзо, Дилбар Ҳайдарова, Руқия Ғозиева, Абдумуталлиб Қосимов, Зулфия мкофоти совриндори Гулчеҳра Зокирова, Тошкентдаги «Камалак» нашриёти муҳаррири, ҳамюртимиз Ўктамхон Холдорова ўзларининг шеърларидан, одобшунос, педагог, манбашунос Юсуфжон Алихонов одобнома туркумидан чиқиш қилдилар. Ўз навбатида самарқандлик шоирлар Ғайбиддин Фазлий, Хосият Бобожонова, Зуҳра, Хўроз Ўрхун, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Абдураим Солиев (тахаллуси Боғдонли) ва бошқалар ҳам ўз ижодларидан йиғилганларни баҳраманд қилдилар.
 
 
22 сентябрь тонгда қадимий Ясси, ХХ асрнинг 20-йиллардан Туркистон деб аталган, шу йилдан бошлаб Туркистон вилоятининг маркази бўлган шаҳарга йўл олдик. Бизни вилоят ҳокими Ж.Х.Туймембаев қабул қилди. Делегациямиз аъзоларига совғалар топширди. Ўз навбатида биз ўзбек адибларининг китобларини совға қилдик. Шундан кейин Аҳмад Яссавий мақбарасига туташ майдонда ташкил этилган «Ўзбек халқининг тили, маданияти, урф-одатлари» байрамида иштирок этдик. Майдонни айланиб унинг атрофида ўзбек пазандачилиги, ўзбек тўйлари, урф-одатларини талқин қилган саҳналаштирилган кўргазмаларни томоша қилдик. Тан олиш керакки, Қозоғистондаги “Ўзбеклар этномаданият маркази” байрамга жуда ката тайёргарлик кўргани кўриниб турарди.
Бу байрамдан чиқиб ниятимизга биноан бир хонадонда қўй суйиб эҳсон бердик.
Қозоғистонга бўлган ташрифимизни Қарноқ қишлоғидаги хонадонлардан биридаги меҳмондорчилик билан якунладик. Бу қишлоқ ҳам жуда қадимий бўлиб, маълум вақт Аҳмад Яссавий, Амир Темур бу ерда бўлишган. Қарноқ, Сулаймон Боқирғоний ва Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов туғилиб ўсган қишлоқдир.
Қадимий қардош юртга бўлган бу ташрифимиз ёрқин хотиралар билан эсда қоладиган бўлди.
Биз кимлар билан учрашмайлик, бир нарсада барчанинг фикри бир жойдан чиқарди. У ҳам бўлса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ниҳоятда қисқа вақт ичида қадимий Туркистон заминидаги давлатлар, уларнинг фуқаролари ўртасида биродарлик муҳитини янада юксакка кўтаргани эди. Ана шу ҳиссиёт бизни Қозоғистонда ўтказган уч кун ташрифимиз давомида қалбимизни иситиб турди.
Биз қозоғистонлик ва самарқандлик биродарларимизни келгуси, 2019 йилда Ўзбекистонда ўтказиладиган «Қозоғистон йили»да Наманганга, 59-Халқаро гул байрамида иштирок этиб азиз меҳмонларимиз бўлишга таклиф қилдик.
Маъруфжон Мўминов,
“Маърифат китоб олами” хайрия жамоат фонди раҳбари,
Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати

Биз Twitterда