Маҳкумлар ҳам энди сайловда овоз берадилар

Наманган вилоят ички ишлар бошқармасига қарашли 6-сон тергов ҳибсхонасида сайлов тарғиботига бағишланган тадбир ўтказилди. Давра суҳбатини ҳибсхона бошлиғи ўринбосари Умиджон Раҳимов очди. Халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман кенгашларига сайлов ўтказувчи вилоят комиссияси раиси ўринбосари Саодатхон Усмонова, модератор Отабек Юлдашев Сайлов кодекси ҳақида тушунча бердилар. 


Аввалги қонунларда суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга эмас эди. Кодексдаги энг катта янгиликлардан бири ушбу нормага ўзгартириш киритилганида. Кодекснинг 5-моддасида суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар шахслар сайловда иштирок этмайди, деб белгилаб қўйилди. Бу билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларда сайловда иштирок этиш, яъни сайлаш ҳуқуқи вужудга келди. Бу эса озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари тузиш мумкинлигини Кодекснинг 10, 27-моддаларида мустаҳкамлаш имкониятини берди. 
Уйчи туман адлия бўлими бошлиғи Ҳалимжон Қобилов сайлов бюллетенларини , уларни тўлдириш тартиби билан таништирди. 
Тадбир сўнгида тарғиботчилар ҳибсхонада ташкил этилган 475-сайлов участкасида олиб борилаётган ишлар билан танишдилар. 


Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА.

Биз Twitterда