"Косонсой" сиҳатгоҳи Ўзбекистондаги энг яхши сиҳатгоҳ сифатида эътироф этилди

 
Мамлакатимизда фуқароларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ҳақида ғамхўрлик давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда ҳам тиббиёт соҳасида кенг миқёсли ислоҳотларни янада чуқурлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар фикримиз далилидир. Мазкур йўналишдаги хайрли ишларга туманимизнинг бутун мамлакатга машҳур дам олиш масканларидан бири – замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган “Косонсой” сиҳатгоҳи жамоаси ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Чотқол тоғининг ён бағирларидаги хушманзара жойда қўним топган ушбу сиҳатгоҳда ҳар йили минглаб юртдошларимиз ҳордиқ чиқариб, ўз саломатликларини тикламоқдалар.
Малакали врачлар ва ўрта тиббиёт ходимлари таянч-ҳаракат, юрак-қон томир, асаб тизимлари, нафас йўлларида учрайдиган ва қатор бошқа хасталикларни даволаш бўйича самарали иш олиб бормоқдалар. Даволаш жараёнларида шу ернинг ўзидан чиқадиган маъданли сувнинг шифобахш хусусиятларидан ҳам кенг фойдаланилаётгани диққатга сазовордир. Бу ерда тиббий муолажалардан ташқари дам олувчилар учун ранг-баранг маънавий-маърифий тадбирлар ҳам ўтказилади.
 – Жамоамиз мижозларга намунали хизмат кўрсатишни ўзининг энг муҳим ва биринчи даражали вазифаси деб ҳисоблайди, - дейди сиҳатгоҳнинг даволаш ишлари бўйича директор ўринбосари Нўъмонхон Мўйдинов. – Ўндан ортиқ врачлар, қирқ нафардан зиёд ҳамширалар ва кўплаб бошқа ходимлар дам олувчиларнинг кўнглини олиш учун тинимсиз изланадилар. Дам олувчиларнинг сиҳатгоҳдан саломатликларини тиклаб, яхши кайфиятда уйга қайтишлари биз учун энг юксак мукофот ҳисобланади.
Санаторий меҳнат аҳлининг бу борадаги саъй-ҳаракатлари юксак даражада баҳоланмоқда. 2015 йил якунларига кўра жамоа Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси санатор-курортлар бошқармаси анъанавий тарзда ўтказадиган танловда ғолиб чиқиб, биринчи даражали диплом билан тақдирланганди. Шуниси диққатга сазоворки, бу муваффақият барча соҳаларда ютуқларни мустаҳкамлаш учун асос яратди. Натижа эса кутилганидан ҳам зиёда бўлди.
Яқинда санаторий маъмурияти номига келган хабарда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси санатор-курортлар бошқармасининг 2016 йил якунлари бўйича «Косонсой сиҳатгоҳи» МЧЖ «Йилнинг энг яхши сиҳатгоҳи» номинациясида яна биринчи ўринни олиб, биринчи даражали диплом ва эллик миллион сўм пул мукофотига муносиб деб топилганлиги маълум бўлди. Ана шу қувончли воқеани нишонлашга бағишланган тантаналар Наврўз байрами шодиёналарига уланиб кетди. Шифокорлар ва ходимлар баҳор неъматлари билан тўлган дастурхон атрофида тўпланиб, азалий ва қадимий кўклам айёмига бағишлаб қўшиқлар айтдилар, шеърлар ўқидилар, рақсга тушдилар. Дошқозонда қайнаётган сумалак атрофида ҳам хушхон наволар, ялла ва лапарлар янгради.
Тантанада Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши қошидаги санатор-курортлар бошқармасининг ўқув услубий маркази бош мутахассиси М.Мурзаева жамоани катта муваффақият ва Наврўз байрами билан қутлаб, дипломни сиҳатгоҳ жамоасига топширди. Шунингдек, бир қатор врач ва ҳамширалар, техник ходимлар сиҳатгоҳ маъмуриятининг пул мукофотлари билан тақдирландилар. Тўкин дастурхон атрофидаги суҳбатлардан сўнг Наврўз айёмига бағишлаб ташкил этилган спорт баҳслари бўлиб ўтди. Уларнинг ғолиблари ҳам қимматбаҳо совғалар билан мукофотландилар.
 – Жамоамизнинг меҳнати шундай юқори даражада эътироф этилгани ходимларимизни чексиз руҳлантириб юборди, - дейди “Косонсой сиҳатгоҳи” МЧЖ раҳбари Абдуллахон Қаландаров. – Биз бундан буён ҳам дам олувчиларга намунали хизмат кўрсатиш учун барча мавжуд имкониятларни ишга солаверамиз. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ҳам барчамизни шунга даъват этади.
манба: "Косонсойнома" газетаси

Биз Twitterда