Косонсойлик Шаҳноза – ютуқлари олам ичра овоза!

 
Мамлакатимиз Президентининг "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ бу йилдан эътиборан Зулфия номидаги Давлат мукофотини ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга бериш бўйича янги тартиб жорий қилинди.
Бу йил 28 нафар истеъдодли қиз ана шу мукофотга сазовор бўлди. Уларга мукофотларни Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган учрашувда давлатимиз раҳбари тантанали равишда топширди. Бундай шарафга муяссар бўлганлар сафида Наманган санъат коллежининг 3-босқич ўқувчиси, ҳамюртимиз Шаҳноза Ёқубжонова ҳам бор эди.
Шаҳнозанинг Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори бўлгани ҳақидаги хушхабар, ота-онаси, айниқса, бобоси Ёқубжон акани беҳад қувонтириб юборди. Бувиси Жамила ая ҳаёт бўлганида набирасининг ютуғидан икки чандон қувонган бўларди.
-Ҳар бир ота-она учун фарзандларининг ютуқларини кўришдан ортиқ бахт бўлмаса керак,-дейди Ёқубжон ака Эшматов. - Унинг зукко, оқила, қатъиятли бўлиб улғайишида бувисиниг ҳиссаси катта бўлган.
Набирамизнинг муваффақиятларида давлатимиз томонидан ёшларга қаратилаётган улкан эътибор ва ғамхўрликнинг ўрни беқиёс.
Юртимизда ёш иқтидор соҳибларини аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, уларни юксак ижодий парвозлар сари руҳлантириш мақсадида ташкил этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти аъло хулқи, зукколиги, ўқишдаги муваффақиятлари, ижоддаги ютуқлари билан тенгдошларига намуна бўлаётган қизларнинг ибратли фаолиятини рағбатлантириш имконини бермоқда.
2000 йилда Чиндовул қишлоғида туғилган Шаҳноза 42-мактабда аъло баҳоларга ўқиш билан бирга тумандаги 3-болалар мусиқа ва санъат мактабига қатнайди. Мактабда устозлари Зайнабхон ва Ҳуринисса аялардан чуқур билим олган бўлса, мусиқа мактабида Раҳматилла Жўраев, Обиджон Азимовдан мусиқа, айниқса, опера санъати сир-асрорларини пухта ўрганди.
2014 йилда Хоразмда ўтказилган "Ягонасан муқаддас, Ватан" деб номланган республика кўрик-танловида қатнашиб, академик опера йўналишида фахрли биринчи ўринни эгаллади. 2015 йилда эса Мухтор Ашрафий номидаги республика ёш ижрочилар кўрик-танловида ҳам муваффақиятли қатнашиб, совриндорлар қаторидан жой олди.
Астойдил қилинган меҳнат бесамар кетмайди. Шаҳноза коллежда ҳам опера санъати сир-асрорларини қунт билан ўрганиб, қўша-қўша ютуқларга эришмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Шаҳноза ёш бўлсада фикр доираси, дунёқараши кенг. Меҳр-оқибат, инсонийлик фазилатлари билан ҳам бошқалардан ажралиб туради. Ўқиш, изланиш билан бирга вақт топиб 90 баҳорни қарши олаётган катта бувиси Латофат аянинг ҳузурига ошиқади. Аянинг олқишлари, дуоларидан кўнгли тоғдек кўтарилади. Дуо билан эл, ёмғир билан ер кўкаради, деб шунга айтсалар керак.
-Бундай юртда яшаш ҳақиқий бахт. Барчамизга, айниқса, ёшларимизга ҳар доим ғамхўр, меҳрибон бўлаётган Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг олтин бошлари омон бўлсин. Юртимизга кўз тегмасин - дейди Латофат ая Эшматова биз билан суҳбат чоғида.
2017 йил Шаҳноза учун муваффақиятларга бой бўлди. Ёш ижрочиларнинг республика танловида фахрли биринчи ўринни эгаллаган Ш. Ёқубжонова Тошкент Давлат консерваториясига имтиҳонсиз кириш ҳуқуқини қўлга киритди.
-Шаҳноза опера санъатини қунт билан ўрганибгина қолмай, спорт билан ҳам мунтазам шуғулланиб келади. Зеро, спорт орқали унда ўзига нисбатан ишонч, қатъият шаклланмоқда,-дейди коллеждаги устози Н. Норматова.
Санъат коллежи директори Н. Юсупова ҳам ўз шогирди ҳақида ҳамиша илиқ фикрлар билдириб, уни янги-янги зафарларга эришишига рағбатлантириб келади.
Ҳақиқатан ҳам инглиз, рус тилларини пухта ўрганаётган, бичиш-тикиш, пазандачиликда ҳам ҳеч кимдан қолишмайдиган бу қиз ўзи таълим олаётган коллежнинг энг фаол, билимдон ўқувчиларидан. Жамоат ишларида ҳам барчага намуна, бўш пайтида адабиёт, айниқса, шеър мутолаа қилишни хуш кўради. Унинг шахсий кутубхонасидан Зулфия, Навоий, Бобур, жаҳон адабиёти намояндаларининг энг сара асарлари ўрин олган.
-Бу мукофот менга билдирилган юксак ишонч рамзидир,- дейди Ш.Ёқубжонова. - Шу азиз Ватан, шу юрт фарзанди эканимга шукр қиламан. Қаранг, биз, ёшлар учун катта-катта имкониятлар эшиги очиқ. Хоҳ у илм-фан, хоҳ у маданият ва санъат бўлсин, барчасида муҳтарам Президентимизнинг ғамхўрлигини кўришимиз мумкин.
Шу азиз Ватанга, Президентимиз ишончига муносиб бўлиш, содиқ хизмат қилиш, унинг корига яраш, нурли келажаги сари интилиш муқаддас бурчимдир.
 
А. Олимов, М. Акрамов,
"Косонсойнома" газетаси

Биз Twitterда