Кореялик инвесторларнинг Попдаги ер майдони билан боғлиқ масаласи ечимга боғланди

 
Ижтимоий тармоқларда тарқалган, Наманган вилояти Поп туманида кореялик инвесторларга аввалдан ер майдони ажратилиб, сўнгра уни бошқа тадбиркорга бериб юборилгани ҳақидаги асоссиз материаллар юзасидан Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан қуйидагилар баён қилинди:
 
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида, Ўзбекистонга сармоя киритмоқчи бўлганини билдирган кореялик тадбиркорнинг Поп туманида қўй ва паррандачилик фермаси очишига туман ҳокимлиги тўсқинлик қилаётгани ҳақидаги маълумотлар тўла асоссиз экани маълум қилинади.
Масаланинг моҳиятини англамасдан, ҳар қандай ҳолатда қонун устуворлиги таъминланиши кераклигини унутган баъзи ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ҳамда ахборот манбаларининг ўз муайян мақсадларини кўзлаган субъектив чиқишлари кескин қораланади.
Маълумки, Президентимиз кўрсатмаларига асосан, ҳар ҳафтанинг чоршанба куни хорижий инвесторларни қабул қилиш куни деб белгилангани натижасида, Наманган вилоятининг барча шаҳар ва туманлар ҳокимлари томонидан хорижий ишбилармон доира вакиллари билан музокаралар муттасил олиб борилиши йўлга қўйилди.
Хусусан, Поп тумани ҳокими А.Султанов томонидан 2019 йилнинг 19 феврал куни Корея Республикаси фуқароси Hwang Eun Kyeng ҳамда унинг маҳаллий ҳамкорлари А.Холматов ва Ш.Холматовалар билан қабул ўтказилган. Учрашув давомида Hwang Eun Kyeng томонидан умумий лойиҳа қиймати 2,2 млрд.сўм (экв. 230,0 минг долл.), шундан 200 минг доллар хорижий инвестиция маблағлари ҳисобига “Чорвачилик, иссиқхона ҳамда темирни қайта ишлаш лойиҳаси”ни амалга ошириш таклифи билдирилган.
Ўтган давр мобайнида инвесторлар билан туман ҳокимлиги томонидан 5 маротаба, шундан туман ҳокими А.Султонов раҳбарлигида 3 марта ва туман ҳокимининг Инвестиция масалалари бўйича ўринбосари М.Имомназаров бошчилигида 2 марта учрашув ҳамда музокаралар ўтказилган. Учрашувлар давомида республикамизда яратилган имконият ва шароитлар бўйича маълумотлар тақдим этилган.
Натижада 2019 йилнинг 1 март куни “AZIZBEK EUN KYEONG” МЧЖ қўшма корхонаси давлат рўйхатидан ўтказилган. Лойиҳани амалга ошириш учун инвесторлар томонидан Поп туманининг “Беруний” муқобил машина трактор парки ҳудудидаги ер майдони танланган.
А.Холматов томонидан танланган ер майдони Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган хуқуқларини тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 11 октябрдаги ПФ-5552-сон фармони талаблари асосида тўғридан-тўғри ажратиб берилиши сўралган. Ўтказилган учрашувлар давомида фармон талабларига асосан, танланган ер майдонига лойиҳа қиймати 1 млн. АҚШ доллари эквивалентида инвестиция киритиш шарти билан инвесторларга тўғридан-тўғри музокара орқали ер майдонлари ажратиш белгилаб қўйилганлиги тушунтирилган.
2019 йилнинг 25 октябр куни Поп тумани ҳокимлиги ва “AZIZBEK EUN KYEONG” МЧЖ қўшма корхонаси таъсисчилари билан ўтказилган учрашувда танланган ер майдони ҳужжатлари тайёрланиб, белгиланган тартибда аукцион савдоларига қўйилиши маълум қилинган. А.Холматов мазкур ер майдони “YERELEKTRON” ААТга қўйилганидан миннатдорчилик билдириб, лойиҳани тез кунларда амалга оширишини таъкидлаган.
Бугунги кунда инвестор томонидан танланган Поп туманининг “Беруний” муқобил машина-трактор парки ҳудудидаги ер майдони Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини бериш ҳамда архитектура-қурилиш ишларини амалга ошириш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 26 августдаги ПҚ-4427-сон қарорига асосан, танланган ер майдонини туман ҳокимлиги захирасига олиш ҳамда “YERELEKTRON” ААТга қўйиш чоралари кўрилмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб маълум қиламизки, Наманган вилоятига ташриф буюраётган хорижий ишбилармонлар учун барча шароитлар яратилиши ҳамда юзага чиқадиган ҳар қандай  муаммони ўз вақтида бартараф этилиши таъминланади.

Биз Twitterда