Коллежларда давоматнинг пастлигига ота-она айбдорми?

Коллежларда давоматнинг пастлигига ота-она айбдорми? Ёки бу муаммода таҳсил масканларининг ўқувчиларни ўзига жалб эта олмаётгани тарозининг палласида оғирроқ келадими? Балки маҳалла ва жамоатчиликнинг ҳам бунда "ҳисса"си бордир. Хуллас бу масалага тўхталар эканмиз "қарс икки қўлдан чиқиши"га гувоҳ бўламиз. Қуйида эътиборингиз коллеж ўқитувчиси ҳамда жамоат ташкилоти ҳисобланган маҳалла раисининг бу борадаги фикрларини ҳавола этамиз. Ота-оналардан эса фикр кутиб қоламиз.
Ҳар бир ота-она фарзандини бахтли, саодатли, халқ эътиборидаги инсон бўлишини хоҳлайди. Бу йўлда кечаю-кундуз тинмай меҳнат қилади, моддий бойлик тўплайди. Лекин фарзанд тарбиясига эътибор-чи? Миллионлар эвазига фарзанд учун тарбия сотиб олиб бўлармиди? Эрталаб фарзандини қайси вақтда коллежга бориши, унинг ўқув қуроллари борлиги ёки йўқлиги билан қизиқмайдиган, кийим-кечагига эътибор бермайдиган ота-оналар ҳам кундалик ҳаётимизда афсуски учрамоқда.
 
 
Тарбиянинг асосий бўғини бу - оила. Ота - она фарзанд учун мисли ойна. Тарбияли болага таълим бериш ҳам мушкул эмас. Оила, маҳалла, таълим муассасаси тамойилларига амал қилиш, ўзаро ҳамкорлик асосидаги ишлар бугунги давр талабидир. Агар мана шундай ҳамкорликдан асосан ота-оналар тўғри хулоса чиқарсалар, таълим-тарбия самарадорлигига эришиш мумкин. Дарс машғулотларида қатнашмаган ўқувчи турли зарарли ғоялар, жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик кўчасига кирмаслигини ким кафолатлайди? Республикамизда ҳафтанинг пайшанба куни профилактика куни, деб эълон қилинди. Назорат қилувчи органлар ходимлари томонидан коллежларда ўқувчиларни формаси, дарс машғулотларига иштироки, ўқув қуроллари, уяли алоқа воситаларидан фойдаланиши назорат қилиниб, суҳбатлар олиб борилмоқда. Айни дамда ёшларимиз тарбиясида мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашга эътибор қаратилаётган долзарб паллада баъзи ота-оналаримизнинг фарзанди тақдирига эътиборсизлиги биз устозларни ўйлантиради.
Айнан давомоти ва ўзлаштириши паст ўқувчиларнинг ота-оналари коллежга ва ота-оналар йиғилишларига умуман ташриф буюрмайдилар. Бунинг сабабини суриштирганда эса улар турли баҳоналарни рўкач қилишади. Ачинарлиси, балоғат ёшидаги қизларини таълим-тарбияси, коллеждаги ҳаёти, кийиниши, жамоат жойларидаги юриш-туриши ҳақида гапирсангиз, «ёшда энди», деган сўзлари билан устозлар фикрини писанд қилмайдиган ота-оналарнинг борлиги бизни мулзам қилади. Қиз бола оиланинг фариштаси, ор-номуси-ку...
Фарзанднинг бахту камолини кўриш ота-она учун энг олий бахт-дир. Ана шу бахтдан бенасиб қолмаслик учун фарзанд келажагига бефарқ бўлмаслик керак. Устоз ҳамда ота-оналарнинг муносабатларини соф ва самимий ришталар асосида шакллантиришга интилиш зарур. Шундагина келажагимиз ишончли қўлларда бўлади.
И.Мамадалиева, ўқитувчи
 
 
Ҳафтанинг ҳар пайшанбаси «Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни». Шу муносабат билан маҳалламизда ўтказилаётган тадбирларда туман ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этиб, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, жиноятчиликнинг олдини олиш, оилавий ажримларга барҳам бериш каби масалаларда кенг кўламли тушунтириш ишларини олиб боришмоқда ва бу қисқа вақт ичида ўз натижасини бермоқда.
Хусусан, «давомот» тадбирлари ўз самарасини бериб, ҳудуддаги 25-мактабда ўқувчиларини юз фоиз дарсларга қатнашиши таъминланди. Маҳаллада жиноятчилик, ҳуқуқбузарликлар барҳам топди.
Навбатдаги тадбирда ишчи гуруҳ маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги яраштириш комиссияси билан ҳамкорликда нотинч оилалар муросага келтирилди.
Хусусан, бундай муаммоли Х. Маткаримовлар оиласи билан суҳбат ўтказилди ва бу оиладаги эр-хотин ўртасидаги муросасизликка барҳам бериш чора-тадбирлари кўрилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари хонадонларда бўлиб, аҳолининг ўз томор-қаларидан фойдаланиш аҳволи, маҳаллада амалга оширилаётган ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларининг боришини кўздан кечирди ва шу куни бўлиб ўтган якуний йиғилишда чуқур таҳлил қилинди.
Бундан буён ҳам шижоат ва сергаклик билан ишлаб, маҳалламизни тумандаги энг яхши маҳаллалардан бирига айлантирамиз.
Х. Холиқчаева, маҳалла  раиси.
 

Биз Twitterда