Китоб – билим булоғи

 
2017 йил 19 сентябрь куни Наманган туманидаги 24-сонли умумтаълим мактабида Наманган туман прокуратураси, Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман бўлими ҳамда Вояга етмаганлар ишлари бўйича туман идоралараро комиссияси билан ҳамкорликда “Китоб – билим булоғи” номли ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойиши ҳамда 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган семинарда туман прокурори Х.Исақов, туман ИИБ бошлиғи С.Абдураимов, туман ҳокимининг ёшлар сиёсати бўйича ўринбосари С.Дедамирзаев, Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман бўлими мудири Д.Хошимова, тумандаги барча мактаб директорлари, кутубхона мудирлари, информатика фани ўқитувчилари, шунингдек, Тепа Қиёт МФЙ ходимлари ва ота-оналар иштирок этишди.
 
 
Семинар иштирокчиларини бир томонда мактабнинг “Юлдузча” бадиий ансамбли аъзолари куй ва рақслар билан кутиб олишган бўлса, иккинчи томонда белбоғли кураш бўйича Ўзбекистоннинг бир неча карра чемпионлари – мактаб тарбияланувчилари чиқишлари тадбир очилишига ўзига хослик бахш этиб турди.
Тадбир доирасида ташкил этилган “Набирамга китоб совға қиламан” акциясини қўллаб-қувватлаш учун кун давомида ишлаб турган “Наманган китоб олами” дўконининг кўчма савдо ярмаркаси семинарга келганларга ўз фарзандлари ва набираларига китоб ҳадя этишларига шароит яратди. Иштирокчилар ва ўқувчилар ўзбек ноширлигининг сўнгги намуналари билан танишиш имконига эга бўлдилар.
 
 
Маҳалла ҳудудида яшовчи уюшмаган ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари одатга айланган. Худди ана шундай ёшлардан тузилган баскетбол жамоаси билан 24-умумтаълим мактаби терма жамоаси иштирокидаги учрашувдаги ҳарорат ва ҳаяжон Миллий Баскетбол Ассоциацияси ўйинларидагидан қолишмади.
 
 
Семинарни Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман бўлими мудири Дилбар Хошимова очиб, 24-мактабнинг нафақат туман, балки вилоят миқёсида энг кучли билим даргоҳларидан бирига айланганини, вилоят ва республика миқёсида ўтказилаётган фан ва спорт беллашувларида ушбу мактабнинг ўқувчилари ғолиблик шоҳсупаларидан мунтазам ўрин олиб келишаётганини тилга олди.
24-ўрта умумтаълим мактаби кутубхонаси иш фаолиятини ривожлантириш учун бу йил катта маблағ сарфланди. Ўн беш миллиондан зиёд маблағ эвазига кутубхона таъмирланди, замонавий китоб жавонлари ва шкафлар билан жиҳозланди. Иссиқ ва совуқ сув диспенсери олиб келинди. Ҳомийлик маблағлари ҳисобидан икки миллион сўмликдан зиёд янги адабиётлар келтирилди. Мактабдаги 695 нафар ўқувчидан 455 нафари кутубхонанинг мунтазам аъзолари ҳисобланишади. Семинарда сўз олган туман прокурори Х.Исақов буларнинг барчаси ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришга, она-Ватани ва халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашга қаратилганини таъкидлади.
 
 
Семинар давомида туман миқёсида бўлиб ўтган, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовга бағишланган “Менинг биринчи президентим” мавзусида ўзбек, рус, инглиз ва француз тилларида иншолар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
 
 
Мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Ҳидоят Полвонова раҳбарлик қилаётган “Ёш сухандонлар клуби” аъзолари томонидан ташкил этилган, таълим соҳасидаги янгиликлар ҳамда мактаб ўқувчиларининг ютуқлари ҳақида ҳикоя қилувчи “Мактаб радиоузелидан гапирамиз” номли радиоэшиттиришлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
 
 
Жаҳон банки лойиҳаси асосида сўнгги технологиялар билан жиҳозланган Информатика хонаси қошидаги “Методист мактаби” ҳам семинар иштирокчилари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилди.
 
 
Кенгайтирилган бадиий саҳна кўринишлари билан давом этган тадбир якунида сўз олган мактаб директори Муяссар Набиева олиб борилаётган ишлар ҳамда эришилаётган натижалар жамоанинг умумий меҳнати ва жонкуярлиги натижаси эканини таъкидлаб, бу борадаги ишлар мунтазам давом этишини билдирди.
Юлдуз Эргашева,
Наманган туманидаги 24-сонли умумтаълим мактаби
бошланғич таълим ўқитувчиси

Биз Twitterда