Келиннинг уйидан келадиган ризққа кўз тикиш – тубанлик ботқоғига ботмоқликдан далолатдир. Наманган шаҳри бош имом-хатиби билан суҳбат

 
НОТЎҒРИ ҚАРОРДАН МУАММОГА, ХАТОДАН ЭСА ФОЖИАГАЧА…
 
Қариндошлар ўртасидаги никоҳ. Бу жумлаларнинг таг замирида қанчалар муаммо, таъбир жоиз бўлса, фожиа яширинганини англаш мушкул эмас. Бироқ ҳали-ҳамон қариндошлар ўртасидаги никоҳдан туғилган ақлан мажруҳ, жисман носоғлом, руҳан майиб бўлган неча-нечалаб фарзандлар – инсонларнинг тақдири, аянчли қисмати бизни нотўғри қарор қабул қилишдан, хато қилишдан, фожиаларга йўл очиб беришдан тўхтатиб қололмаяпти…
Фарзандларни илм олишдан кўра пул топишга эртароқ ўргатиб қўймаяпмизми? Балки келиннинг уйидан келадиган ризққа кўз тикиб ўтиришимиз бизнинг тубанлик ботқоғига ботиб бораётганимиздан далолатдир? Болаларимизга «урф»га кирган исмларни қўйганимиз яхшироқми ёки маънолилариними?
Наманган шаҳрининг бош имом-хатиби Мусохон АББАСИТДИНОВ билан бўлган суҳбатимиз шу каби оғриқли мавзуларда...
- Яширишнинг ҳожати йўқ, қанчалар тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмасин, Наманган шаҳридаги оилаларда қариндош-уруғларнинг қуда бўлиш ҳолати ҳалиям кўп учраяпти. Энг ачинарлиси, бундай оилаларда икки-учтадан ногирон болалар тарбияланмоқда. Қуда тутинмоқчи бўлган ака-ука, опа-сингилларга шу ҳақда сўз очангиз, улар: «Ҳаммаси – Худодан, пешонага ёзилгани бўлади», дейишади. Бу дардга даво, чора бормикан? Сиз нима деб ўйлайсиз?
- Динимиз таълимоти бўйича амма, тоға, хола ва амакилар аёл кишига маҳрам ҳисобланади, аммо уларнинг фарзандлари номаҳрам бўлиши айтиб ўтилади. Бу дегани улар ўртасида никоҳланиш мумкиндир. Демак, холавачча, амакиваччалар ўзаро никоҳланишлари шаръан ҳалолдир. Аммо бегоналарга қараганда қариндош билан оила қуришнинг баъзи хавфли ва ноқулай томонлари бор. Маълумки. фарзанднинг соғлом ва бақувват туғилишида эр-хотиннинг бир-бирига меҳр-муҳаббатли бўлишлари ғоят аҳамиятли. Баъзан шундай бўладики, амакиваччалар бир ҳовлида вояга етишади, бир-бирларини жуда яқин ҳис қилишади. Шунингдек, қариндошлар орасида эмикдошлик кўп учрайди. Мана шу икки жиҳат фарзандларнинг ногирон туғилишига сабабдир.
Бугунги илм-фан болаларнинг нуқсонли, ногирон туғилишига асосий сабаб қилиб қариндошлар никоҳини кўрсатмоқда. Аммо эмикдошлик масаласини ёддан чиқаряпмиз. Бу хусусга нохолис ёндашаётганлар ислом динининг ҳукмини ўйлаб кўрсалар, яхши бўлар эди.
- Яқинда бир ҳамкасбим қўшнисининг аҳволидан ёзғириб гапирди. Унинг айтишича, қизини узатган оилага икки йилдан буён байрам, туғилган кунларда совға-салом ва тоғора жўнатаётган экан. Қизининг қайнотаси шуни истар экан. Нима сабабдан шундай оилаларга таъсир ўтказиб бўлмаяпти?
- Маълумки, никоҳ инсоний алоқалар ичидаги энг муҳими. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: «Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир». 
Дарҳақиқат, бошқа бир хонадондан келган қизнинг эр уйида яшаши, уни ўз уйи деб билиши, ўзи туғилиб ўсган хонадонига эса фақат меҳмон бўлиб бориши Аллоҳнинг мўъжизаси. Оила барпо бўлгач, динимиз келин ва куёвнинг зиммасига бир қанча мажбуриятларни юклайди. Икки тараф ана шу мажбуриятларни ўз ўрнида адо этса, оила тинч, сокин ва мустаҳкам бўлади. Икки тарафдан бирлари ўз вазифасини пайсалга солса, бажармаса, ўша оилада нотинчлик содир бўлаверади.
Никоҳ ўқилгандан кейин куёвнинг зиммасига келиннинг барча нафақаларини қилиш мажбурияти тушади. Бирорта куёв ўз жуфти ҳалолининг нафақасини қилишдан бош тортишга ҳаққи йўқ.
Хўш, бу нафақага нималар киради? Куёв келинни озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой, бемор бўлганда дори-дармон, илм олиши учун ўқув қуроллари билан таъминлаш нафақага кирувчи нарсалардир.
Афсуски, бугунги кунда келин ота-онасини кўриш учун уйига борганда, куёв томон келиннинг нимадир кўтариб келишини кутиши, ҳайит, арафа кунларида қудалардан таом, ширинлик ва либослар кутиш ҳоллари кенг авж олган. Бундай ҳолат куёв тарафдагилар учун уят, ор-номусдир. Нафақани қилиб бериши вожиб бўлган куёв тараф ожиза келин тарафнинг юборадиган нарсасига кўз тикиб туриши жуда хунук ҳолатдир.
Қайнона ва қайноталар келиннинг ҳақига дуо қилишиб, ҳар сафар уни ота-онасининг зиёратига кузатишаётганда, «Қизим, уйингизга яхши бориб келинг. Қудаларимга саломимизни етказинг. Кеч қолмасдан вақтлироқ қайтинг. Ҳеч нарса олиб келманг, агар уйингиздан нимадир олиб келсангиз, биз қаттиқ хафа бўламиз», дейишлари керак. Ана шунда қудалар ўртасидаги аҳиллик йўқолмайди ва икки ёшнинг тотувлиги бардавом бўлади.
- Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида Наманган шаҳридаги 7-мактабнинг довруғи бутун Ўзбекистонга тарқалган, Наманган шаҳридан математика фани бўйича академик чиққан. Мен айнан Наманган шаҳрида яшовчилар ҳақида сўзлаяпман. Нима учун ҳозирга келиб Наманган шаҳрида оилалар фарзандларини кўпроқ савдога ўргатишяпти. Бозорларда 6-10 ёш атрофидаги болаларнинг савдо билан машғуллигига кўзингиз тушади. Аслида ўша болалар мунтазам мактабга бориши, ота-онаси унинг ўқишини рағбатлантириши керак. Лекин аксар Наманган шаҳри аҳли нега бу йўлни танламаяпти?
- Ислом илм дини экани барчамизга маълум. Энг долзарб вазифалардан бири фарзандни илмли, маърифатли, зиёли қилиб вояга етказишдан иборат. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир», дедилар.
Исломда илм олишнинг чегараси бешикдан то лаҳадгача этиб белгилаган. Бас шундай экан, фарзандларга ёшликдан уларнинг ақллари кўтарадиган даражадаги илмларни ўргатиб бориш лозим. Фарзандларга таълим бериш оила бошлиғининг Аллоҳ, фарзандлар ва жамият олдидаги бурчи эканини ҳар бир оқил инсон яхшилаб билиб олмоғи керак.
 Фарзандлар жамиятда ўзларига мос ўринларини эгаллашлари, комил инсон бўлиб етишишлари йўлида ижтимоий тарбия масъулиятига катта аҳамият бериш лозим. Болага ўргатиш лозим бўлган одоблардан: кўришганда салом бериш, бемор бўлса хабар олиш, чақирганда жавоб бериш, каттани ҳурмат, кичикни иззат қилиш одобларини, энг муҳими, жамият билан боғлиқ алоқаларга оид оммавий, ижтимоий одобларни ҳам ўргатиш лозим.
- Ҳозир янги туғилган чақалоқларга миллатимизга хос бўлмаган исмларни қўйиш кўп учраяпти. Айтмоқчиманки, исм қўйиш борасида ҳам кўпроқ оммавийликка эргашяпмиз. Мувофиқ келса ҳам, келмаса ҳам, ажнабий исм қўйиш урфга айланмоқда. Эрта-индин бу жараён кучайиб, кенгайиб, бизга қандай ҳаётни туҳфа этаркин…
- Тўғри таъкидладингиз, фиқҳ китобларида фарзандга чиройли ва маъноли исмлар қўйиш хусусида айтиб ўтилади. Чунки кейинчалик фарзанд ўз исмидан бошқалар ҳузурида уялмаслиги керак. Исм Аллоҳга бандалик, Пайғамбаримизга уммат экани ва мусулмонлар тоифасидан эканига далолат қилиши лозим. Бу борада жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят бўлган қуйидаги ҳадиси шариф мавжуд: «Исм ўзагида «ҳамд» ва «абд» ўзларидан таркиб топган исмлар яхши номлардир».
Болага чиройли исм қўйиш ота-онанинг фарзанд олдидаги масъулиятларидан ҳисобланади. Ислом тарихида бўлиб ўтган ажойиб ҳодисалардан хабардор ҳар бир ота-она қандай шароитда бўлмасин, фарзандига чиройли, маъноси ҳам гўзал исм қўйишга ҳаракат қилади. Зеро, исм ўз эгасининг хулқ-атворига, ҳатто тақдирига ҳам таъсир қилиши айтилган. Қиёмат куни ҳар бир инсон ўз исми билан чақирилади.
Бола туғилганида кўпинча ота-оналар унга қандай исм қўйишга ўйланиб қолишади. Натижада, кўп бош қотирмай, маъноси ғализ, тумтароқ исмларни қўйишади. Шу қўйиладиган исм бола билан нафақат фоний дунёда, балки қиёматда, жаннат ё дўзахда ҳам бирга бўлади.
Ҳадисда исм қандай бўлиши кераклиги очиқ баён қилинган. Киши ўзининг Аллоҳ таолога суюкли эканини билдирмоқчи бўлса, «Абду…» билан бошланадиган исмларни қўйсин, чунки бундай исмлар Аллоҳ таолонинг қули эканини ҳамиша билдириб туради.
Бошқа бир ҳадисда бундай келган: Абу Ваҳб айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Пайғамбарларнинг исмларини олинглар, Аллоҳ таолога энг ёқадиган исмлар «Абдуллоҳ» ва «Абдурроҳман»дир, энг садоқатлиси «Ҳорис» ва «Ҳаммам»дир, энг ёмони «Ҳарб» (уруш) ва «Мурра» (аччиқ)дир». Ўғил болаларга «Муҳаммад», «Аҳмад» кабиларни қўйиш фазилатлидир, аммо у кишининг кунялари билан «Абул Қосим» деб исм қўйиш жоиз эмас.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) ёмон ва хунук исмларни ўзгартиришга буюрганлар. Масалан, ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг қизлари Осия (гуноҳкор) исмини Жамила (чиройли, гўзал) деб ўзгартирганлар. Ҳадисларда яна у зотнинг «Ҳарб» (уруш), «Мурра» (аччиқ) каби хунук исмларни яхшисига алмаштиришни буюрганлари нақл қилинган.
Фарзандга яхши исм қўйганидан кейин уни чала-ярим қилмай, тўлиқ ва гўзал талаффуз қилиш лозим. Афсус, баъзи оилаларда исмни қисқартириб чақириш одат тусига кирган. Масалан, «Абдуллоҳ»ни (Аллоҳнинг бандаси) «Абди», «Абдул» дейишади, бу иши эгасига ҳам, Парвардигорга ҳам катта ҳурматсизликдир. Чиройли исм қўйиш зарурлигини шундан ҳам тушунса бўлади. Демак, бу ишга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
- Халқимизда «ноумид шайтон» ибораси мавжуд. Бу ҳар бир муаммонинг ечими борлигига умид боғлаш демак. Айни шу масалада муқаддас китобларимизда қандай фикр билдирилади?
- Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ: «Аллоҳнинг азобидан омонда бўлиш, яъни «мен ҳар қандай амал қилсам ҳам, Аллоҳнинг азобига дучор бўлмайман», деган хаёлда бўлиш, шунингдек, инсон гуноҳларни қилиб, тирик бўлатуриб, Аллоҳнинг мағфиратидан ноумид бўлиш кишининг Ислом миллатидан чиқишига сабаб бўлади. Ҳақ иккисининг ўртасидадир», деганлар. Аллоҳ таоло «Зумар» сурасида марҳамат қилади: (Менинг номимдан) айт: «Эй ўз жонларига исроф қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».
 Имом Бухорий Саъийд ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда айтилишича, кўплаб гуноҳлар қилган бир гуруҳ мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Албатта, сен даъват қилаётган нарса жуда ҳам гўзал. Қани, айт-чи, биз қилган нарсаларни ювадиган нарса ҳам борми?» – деб сўрашганида, Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилган экан.
Тафсирчи уламоларимизнинг таъкидлашларича, бу ояти карима Қуръондаги энг умидворлик ояти ҳисобланади. Бу оятда бандалар учун энг улуғ башорат бор. Аввало, Аллоҳ таоло: «Эй ўз жонларига исроф (жавр) қилган бандаларим», – деб, бандаларига Ўз нисбатини бермоқда. Аслида, «исроф» деб мол-дунёни ортиқча сарфлашга айтилади. Шунингдек, бу сўз маънавий жиҳатдан ҳаддан ошишга нисбатан ҳам ишлатилади. Бинобарин, гуноҳ қилган одам исрофчи бўлади, чунки у Аллоҳ белгилаб қўйган ҳаддан (чегарадан) чиққан ҳисобланади. Гуноҳ туфайли ҳаддидан ошган одам ўзига зарар, жабр қилади. Аллоҳ таоло ушбу оятда бандаларининг гуноҳ сабабли исрофга йўл қўйиб, ўзларига жабр этишларини айтмоқда. «…Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг!» Унинг раҳмати жуда кенгдир. «Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар». Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида ширкдан бошқа барча гуноҳларни мағфират этишини таъкидлаган. Чунки, «Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир». Тавба қилган бандаларнинг гуноҳларини кечиради. Муфассирларимиз, аввал айтиб ўтилганидек, ушбу ояти каримани Аллоҳнинг китобидаги энг умидли оят, деб таъкидлайдилар ва шу билан бирга, бу умид гуноҳга ташвиқ этувчи умид эмаслигини ҳам қаттиқ уқтирадилар. Яъни «Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради», деган умид билан била туриб, гуноҳларда давом этишнинг фарқи бор. Бу оятда Аллоҳнинг қонун-қоидаларини билмасдан аввал гуноҳ қилиб юрганлар мағфиратдан умид узмасликлари кераклиги айтиляпти. «Рум» сурасида: «Ва қачон одамларга раҳматни тоттирсак, ундан шод бўлурлар. Агар уларга ўз қўллари тақдим қилган нарса туфайли ёмонлик етса, дарҳол умидсизликка тушурлар». Бу ҳам субутсиз инсонларнинг ҳолатларидан бир кўринишдир.
Аллоҳ таолога иймон воситасида мустаҳкам боғланмаган одамларда бундай ҳолатнинг бўлиши турган гап. «Ва қачон одамларга раҳматни тоттирсак, ундан шод бўлурлар». Ўзларига Аллоҳ томонидан бир яхшилик етса, ўта қувониб, ҳовлиқиб кетадилар. Бурунлари осмонга кўтарилиб, босар-тусарларини билмай қоладилар. Бундай яхши ҳолат ўзлари учун синов эканини ўйламайдилар. Шукр айтадими ёки ношукрлик қиладими – шуни синаш учун берилган бўлиши мумкинлигини хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Балки манманликка, риёкорликка ва мақтанишга ўтадилар. Худди шу одамларнинг ўзи: «Агар уларга ўз қўллари тақдим қилган нарса туфайли ёмонлик етса, дарҳол умидсизликка тушурлар». Улар, аввало, ўзларига етган ёмонлик «ўз қўллари тақдим қилган нарса», яъни гуноҳ туфайли келганини англаб етмайдилар. Уни ўзларига нисбатан ўта адолатсизлик сифатида қабул қилиб, ортиқча маҳзун бўлиб, дод-вой соладилар. Бу мусибат ўзларига бир насиҳат, танбеҳ ёки гуноҳларига каффорот бўлиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Шунингдек, бу ҳам синов бўлиши мумкинлиги уларнинг хаёлларига ҳам келмайди. Бутунлай умидсизликка тушмасдан, сабр қилиб, чин ихлос билан Аллоҳга ёлворсалар, мушкуллари кушод бўлиши мумкинлигини эсламайдилар. Бундай одамларнинг калтафаҳмлиги, узоқни кўра олмаслиги собит ақийда соҳиби эмасликларини билдиради. Бўлмаса: Улар Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсага ризқни кенг ёки тор қилишини билмасларми? Албатта, бунда иймон келтирадиган қавм учун оят(белги)лар бордир. («Тафсири ҳилол» китобидан). 
- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
Санжарбек ҲАМИДОВ.
Vodiymedia.uz

Биз Twitterда