Юксак матонат ва кучли ирода соҳиблари байрами кўтаринки руҳда ўтди

3 декабрь куни Наманган шаҳридаги “Висол” мажмуасида “Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбири ташкил этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Унда иштирок этган вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамолиддин Алойдинов йиғилганларни байрам билан табриклади ва барчага вилоят ҳокимлигининг совғаларини улашди.
“Юксак матонат ва кучли ирода соҳиблари бўлган сиз азизларнинг ҳар қандай тўсиқни ошиб ҳаётга дадил давом этаётганингиз барчага ўрнак бўлишга арзийди.
 
 
Имконияти чекланган инсонларни алоҳида тоифалаш нотўғри деб ҳисоблайман аслида. Дунё бўйича статистикаларга назар соладиган бўлсак, ҳар ўн кишидан бир киши имконияти чекланган ҳисобланади. Бундай ҳолатда олдимизда турган асосий вазифа имконияти чекланган инсонларнинг жамият ичида ўзларини тўла рўёбга чиқариб, хотиржам ҳаёт кечиришлари учун имконият яратиш, шунга мослаштирилган инфратузилма ва тизимларни жорий этиш холос.
 
 
Муҳтарам Президентимиз раҳбарликларида бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатнинг марказида ҳам айнан шу жиҳат – инсон қадр-қимматини улуғлаш ётмоқда”, - дея таъкидлади ҳоким ўринбосари ўз сўзида.
Тадбир санъаткорларнинг куй-қўшиқларига уланиб, байрамона руҳда ўтказилди.
 
 
Вилоятда истиқомат қилаётган имконияти чекланган аҳоли вакилларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш доимо эътиборда бўлиб келмоқда.
Имконияти чекланган, ногиронлиги бор фуқароларга уй шароитида ижтимоий хизмат кўрсатишни, таълим олишни ташкиллаш учун тиббиёт ва таълим бирлашмаларида кўплаб мутахассислар жалб этилган.
Бугун Наманганда “Мурувват” ва “Саховат” интернат-уйлари фаолият олиб бормоқда, ёшлар учун 8 та махсус мактаб-интернатлар фаолият олиб бормоқда.
 
 
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, бугунги кунда вилоятимизда 1079 имконияти чекланган ўқувчига 3044 та педагог уйларда махсус инклюзив таълим ташкил этиб келмоқда. Бунинг натижаси сифатида олийгоҳларда кўплаб имконияти чекланган талабаларнинг эришаётган илмий ютуқларини кўрсатиш мумкин.
Спорт соҳасида паралимпиадачиларимиз натижалари ҳам эътиборга сазовордир. Жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида 50 дан зиёд спортчилар Республика чемпионатлари совриндорлари бўлишди, бундан 22 таси олтин медалга эга чиқди. Тўрт спортчи жаҳон чемпионатлари ғолиби бўлди. Найза улоқтириш спортида Нозима Қаюмова Токио 2020 Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритиб улгурди, яна 7 спортчи Токио йўлланмалари учун баҳсларни давом эттирмоқда.
Бугунги кунда имконияти чекланган аҳоли вакиллари жамиятнинг исталган соҳасида ўзларини намоён этишлари учун барча шароитлар яратилмоқда. Уларнинг турмуш сифатини янада яхшилаш, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга, жамиятдаги фаол позициясини шакллантиришга кўмаклашиш энг устувор вазифадир.

Биз Twitterда