Исҳоқхон тўра Ибрат ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси қарор қабул қилди

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида атоқли маърифатпарвар Исҳоқхон Ибрат номидаги ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 15-сон, 258-модда)
XX аср Миллий уйғониш даврининг етук намояндаларидан бири, ноёб истеъдод эгаси, кўплаб Шарқ ва Ғарб тилларининг билимдони, ўлкамиздаги илк матбаачилардан бири сифатида Ватан тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган Исҳоқхон Ибрат номини абадийлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Бадиий академия, Маданият вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Наманган вилояти ҳокимлигининг Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида Исҳоқхон Ибрат номидаги боғ, атоқли маърифатпарварнинг ҳайкали ва музейи ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактабдан иборат «Исҳоқхон Ибрат мажмуаси»ни (кейинги ўринларда — Мажмуа деб юритилади) ташкил этиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Исҳоқхон Ибрат музейи Тўрақўрғон туманидаги маданий мерос объекти бўлган Ғойибназар Қози мадрасаси негизида ташкил этилсин.
Белгилансинки:
Исҳоқхон Ибрат ҳайкали ўрнатиладиган унинг номидаги боғ, хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб алоҳида юридик шахслар сифатида;
Исҳоқхон Ибрат музейи Наманган вилоят ўлкашунослик музейининг филиали сифатида фаолият юритади.
3. Исҳоқхон Ибрат мажмуасини ташкил этиш бўйича республика ишчи гуруҳи иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Республика ишчи гуруҳига тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Мажмуани ташкил этиш ҳамда қурилиш ишларини амалга ошириш билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштириш вазифаси юклансин.
4. Наманган вилояти ҳокимлиги 10 кун муддатда мажмуани ташкил этиш учун тегишли ер майдони ажратилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги бир ой муддатда Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб уставини тасдиқласин ва уни давлат рўйхатидан ўтказсин.
6. Белгилансинки:
Исҳоқхон Ибрат ҳайкали постаменти ҳамда музей учун қўшимча бинолар қуриш Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Инвестиция дастури доирасида Наманган вилояти ҳокимлигига назарда тутилган марказлаштирилган маблағлар ҳисобидан;
хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб қуриш ишлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан;
Исҳоқхон Ибрат музейи биносининг маданий мерос объекти қисмида реставрация ишлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига маданий мерос объектларини реставрация қилиш ишларига ажратиладиган бюджет маблағлари, жиҳозлаш ишлари маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан;
Исҳоқхон Ибрат ҳайкалини яратиш ва ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида ижтимоий соҳага назарда тутилган маблағлар ҳисобидан;
Косонсой сойининг «Исҳоқхон Ибрат мажмуа»си ҳудудидан ўтган қисмининг қирғоқларини бетонлаш ва мустаҳкамлаш ишлари Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Инвестиция дастури доирасида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан;
боғни ташкил этиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш билан боғлиқ харажатлар Наманган вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Исҳоқхон Ибрат номидаги боғ ва хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб фаолиятини ташкил этиш, шунингдек уларнинг тузилмаси ва сақлаш харажатларини молиялаштириш манбалари юзасидан белгиланган тартибда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси Мажмуа қурилиши бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда қурилиш-монтаж ишлари бажарилиши устидан назорат ўрнатсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига:
хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб фаолиятини йўлга қўйиш ва уни малакали кадрлар билан таъминлаш;
умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий таълим муассасаларининг ўқувчи ва талабаларини ушбу мактабга кенг жалб этган ҳолда тарғибот тадбирларини ташкил этиш вазифалари юклансин.
10. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Исҳоқхон Ибрат хотирасини абадийлаштириш ишларини кенг ёритиш тавсия этилсин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ва Наманган вилояти ҳокими Х.Х. Бозаров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 13 апрель,
208-сон

Биз Twitterда