Исмат Хушев: Водийлик журналистлар ижодига Канададан бир назар...

 
Фарғонада давом этаётган бир ҳафталик журналистлар анжуманида намойиш этилган Исмат Хушев маърузаси танқидий қабул қилингани ҳақида водийдан хабарлар кела бошлади.
Начора, бугунги ўзбек жамиятидаги иллатлар, ҳокимликдаги баъзи уронғич ва сўконғич кулфатлар ҳақида очиқ ойдин ўз фикрини баён этган  журналистнинг чиқиши ўша тарбиясиз ҳокимлар қовоғига қараб кун кўрувчи нашр муҳаррирлари анжуманида танқидсиз кутиб олиниши мумкинмиди?
Йўқ, албатта.
Қолаверса, биз маърузани анжуман иштирокчилари томонидан “Шон-шараф” ва қарсаклар билан кутиб олиш учун юбормадик. Аксинча, улар ҳануз Ўзбекистонда эркин матбуот ярата олмаган эканлар, ҳеч бўлмаса биздек эркин гапиришни ўргансинлар деб ўз фикрларимизни эркин баён этган эдик.
Лекин бундан қатъий назар “Дунё ўзбеклари” нашри ва унинг Бош муҳаррири Исмат Хушевнинг бугунги Ўзбекистон расмий анжуманларига кириб боришининг ўзиёқ мамлакатда ростдан ҳам инқилобий ўзгаришлар бошланганидан далолат беради.
Биз учун энг муҳими шу.
Фурсатдан фойдаланиб, ушбу анжуманни ташкил этган – Фарғона вилоят журналистлар уюшмаси раиси Муҳаммаджон Обидов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Саъдулла Ҳаким дохил соҳага алоқадор барча давлат ва ҳукумат мулозимларига олис Канададан туриб ўзимизнинг меҳр ва  муҳаббат билан йўғрилган самимий миннатдорчилигимизни изҳор этамиз.
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири
 
Водий Медиа таҳририятидан: Ўзбек журналистикасининг дарғаларидан бўлган Исмат Хушевнинг Фарғонада бўлиб ўтган журналистларнинг "Чимён" медиаҳафталиги иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатини томоша қилиб, очиғи кўзларимизга ёш келди. Ватан соғинчи ва дарди билан йўғрилган Ватан севгисини ҳис этарканмиз, ғурбат элларда бўлишига қарамай, Исмат аканинг ҳар бир сўзида бугунги ўзбек жамиятининг қувонч ва ташвишларига шерикликдан, дахлдорликдан бошимиз осмонга етди. Қани эди Ўзбекистонда матбуотга бевосита масъул бўлганларнинг барчаси шундай муносабат билан иш олиб борсайди...
Ижтимоий тармоқларда "Чимён" медиаҳафталиги иштирокчилари томонидан Исмат Хушевнинг видеомурожаатига бўлган баъзи бетаъсир муносабатларни ўқир эканмиз, очиғи хафа бўлдик. Тўғри гап туққанингга ёқмайди дейишгани рост. Водий матбуотига ҳамда ижтимоий-сиёсий ҳаётига берилган бу баҳони аслида водийдаги ҳар уч вилоятда алоҳида алоҳида жамики журналистларини йиғиб намойиш этиш, туман ва вилоят газетасида маҳалла имоми-ю ёнғин ўчириш инспектори номидан "галочка" учун материал тайёрлаш билан бугун Ўзбекистон матбуотига хизмат қилиб бўлмаслигини тушунтириш, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсатда матбуотнинг бўлиши керак бўлган жойига чиқариш юзасидан чора-табдирлар ишлаб чиқиш керакдай... 
 

Биз Twitterда