Исмат Хушев: Ислом Каримов билан илк учрашув

 
…Мен Дадахон Ёқубов билан Арманистондаги зилзила сафари пайтида яқиндан танишган эдим.
Телевидениедан машҳур оператор Рафаэл Камолов, журналистлар Бобур Алихонов ва Дадахон Ёқубовдан иборат ижодий гуруҳ ҳам Арманистонга келишган эди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси йўлланмаси билан мен ҳам зилзила ҳақида мақола ёзиш учун Арманистонга борган эдим.
Биласиз бу ҳақда «Адабиёт ва санъат» газетасида «Арман жароҳатлари» номли сафар таассуротларимни ҳам эълон қилинган эди.
Назаримда, бизнинг жиддий мулоқот ўша сафар давомида рўй беради. Шундан кейин биз Дадахон ака билан қадрдон бўлиб қолгандик.
Тошкентга қайтганимиздан сўнг мен Дадахон Ёқубов билан газета учун суҳбат қилгандим. «Ёш ленинчи» газетасининг 1988 йил 7 май кунги сонида ўша суҳбатимиз чоп этилганди…
Биз Дадахон ака билан қадрдон бўлиб қолганимиз учунми: «Исматжон, Қашқадарё вилоятига бағишланган кўрсатувни тайёрлашга киришсам, албатта, сизни ҳам олиб кетаман», деб олдиндан айтиб қўйган эди.
Сабаби – бирор вилоятга кўрсатув тайёрлаш учун Дадахон ака энг камида икки ҳафталик ижодий сафарга борарди ва албатта ўша вилоятда танилиб қолган ижодкорлар билан бамаслаҳат иш кўрарди.
Ўша пайтларда “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” ўз эшиттиришларини бирма бир вилоятлардан олиб боришни йўлга қўйган ва бу Дадахон акага янада катта обрў эътибор келтирган эди.
Ниҳоят, Қашқадарё вилоятига ҳам навбат келади. Биз – Дадахон Ёқубов раҳбарлигида, операторлар Исмоил Ҳайдаров, Рафаэл Камолов, режиссёр Мели Маҳкамов – сафарга жўнаймиз.
Ҳозир ҳам кечагидек ёдимда: дастлаб, биз Китобга борган эдик.
Одатда, Қашқадарё дейилса, одамларнинг кўз ўнгида дашту биёбонлар гавдаланади. Чироқчи, Қамаши туманлари ҳақиқатан ҳам чўлу биёбонлардан иборат. Шоир айтмоқчи:
Кун кеча Нишонда ёвшан оралаб,
Нортуя қувганлар айтсинлар аён.
Қашқадарё дея сўзга очсанг лаб,
Тап-тақир саҳрони англарди жаҳон…
Лекин Қашқадарё воҳаси ям-яшил Китоб ва Шаҳрисабз туманларидан бошланади. Самарқанд тугаб, Ҳисор тоғлари аро Тахтақарача довонидан ўтилгандан сўнг, қаршингизда ям-яшил водий ястаниб ётади.
Сиз Қашқадарёга келдим деб ўйламайсиз. Чунки Китоб худди Швейцарияга ўхшайди.
Назаримда, менинг она юртим мадҳини ҳали ҳеч ким Абдулла Ориповчалик меъёрига етказиб куйлолмаган:
Ҳисор тоғларининг нақ этагида,
Макон бор хушҳаво, сарбаланд, юксак.
Ажиб бир осмон бу, осмон тагида,
Юлдузлар қўл чўзсанг, шундоқ етгудак.
Она табиатнинг хуш санъати бу,
Макон ва юлдузлар салтанати бу.
Атрофда водийлар товланар ҳал-ҳал,
Минг йиллик чинорлар кўкка боққан тек.
Бу ерда, во ажаб, юз йиллар аввал,
Дунёга келибди султон Улуғбек.
Ажиб тасодиф ё шаҳри Ҳумой бу,
Ҳойнаҳой, даҳоси туганмас жой бу!
Қўлингда тап-тайёр ҳадди-ҳисоб бу,
Ҳадди-ҳисоб берган – шаҳри Китоб бу!
Қисқаси, Китобга бориб «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» кўрсатувининг илк саҳифалари Жовуз деган тоғли қишлоқда суратга олинади.
Чунки ўша пайтларда ҳукуматимиз бу сўлим қишлоқни ёппасига кўчириш тўғрисида қарор қабул қилган эди.
Қишлоқ аҳли эса ҳукумат қароридан норози бўлиб, ҳеч ким ўзининг сўлим ва оромбахш масканини тарк этишни истамасди.
Ажабки, «десантчилар» юртимизга бостириб келгандан сўнг кўчириш масаласи яна қўзғалди.
Худди аввалгидек, яна халқ бир тараф, ҳукумат бошқа тараф бўлиб қолди. Тарафкашлик ҳамон давом этаётир.
Жовуз – чигал муаммо…
Бутун Қашқадарё халқи «Жовузни кўчиришадими, кўчира олишмайдими?» деган жумбоқ устида бош қотираётган пайтда биз ўша қишлоққа ташриф буюрган эдик.
Оқсоқоллардан, хотин-қизлардан, болалардан, фаоллардан интервьюлар олинади. Қишлоқнинг бетакрор манзаралари, зилол сувлари суратга туширилади.
Қишлоқ аҳли ҳукумат номига ёзган шикоятларининг бир нусхасини бизга топширади.
Биз ўз навбатида Дадахон аканинг кўрсатуви воситасида қишлоқ аҳлининг арз-додини қайсидир маънода ҳукумат раҳбарларига етказган эдик.
«Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» шу қадар қудратли эдики, ўша кўрсатувдан сўнг Жовуз қишлоғи кўчирилмайди – қишлоқ аҳолисининг талаблари қондирилади.
Жовуздан сўнг вилоят марказига – Қаршига йўл олдик.
Нормўмин Туроповнинг ўрнига областга янги раҳбар – Ислом Абдуғаниевич Каримов Қашқадарё обкомининг биринчи котиби бўлиб келган эди.
Дадахон Ёқубов билан тўппа-тўғри вилоят партия қўмитасига бордик.
У кишининг одати шунақа экан: қаерга борсалар, албатта, маҳаллий раҳбарлар билан учрашиб, уларни ўз режасидан бохабар этиб, жўяли таклифлар чиқиб қолса, уни ҳам ҳисобга олиб қўяркан.
Афсуски, вилоят партия қўмитаси идорасида Ислом Каримов йўқ экан.
Навбатчиларнинг айтишича, «вилоятдаги ҳамма раҳбарларни тўплаб, Нишон туманида кўчма семинар ўтказаётган» эканлар.
Кўпинча вилоят миқёсидаги анжуманлар албатта обкомнинг мажлислар залида ўтарди, лекин Ислом Абдуғаниевич бундай йиғилиш кўпроқ амалий аҳамиятга эга бўлишини кўзлаб семинарни Нишон туманида ўтказишга қарор қилган эканлар.
Обкомдагилар бизни Нишонга жўнатишди. Операторлар меҳмонхонада қолдирилди. Биз Дадахон ака билан ўзимизнинг «маршрутка»га ўтириб Нишонга кетдик…
Нишон туманидаги бир дала шийпонида кўрганим манзара ҳамон кўз ўнгимда турибди: соя-салқин очиқ майдонда беш юз чоғли одам стулларда ўтиришарди.
Ўшанда биринчи марта бир жойга тўпланган бунчалик катта миқдордаги раҳбарларни кўрганман: ҳаммасининг бошида шляпа, кун иссиқ бўлишига қарамасдан кўпчилиги костюм-шим кийиб, бўйинбоғ тақиб олганди: ҳаммаси ҳақиқий раис, ҳақиқий раҳбар эди!
Ислом ака галстуксиз, оқ финка кўйлакда йиғилишни бошқарардилар.
Ростини айтишим керак, менинг ўшандаги ёшлик тасаввуримда Ислом ака шу оппоқ кўйлакда Нишон чўлларида кезиб юрган Хўжаи Хизирга ўхшаган эди.
Бу оқ кўйлакли ва ойдин юзли одамнинг фақат соқоллари йўқ эди, холос…
Биз бир четга бориб ўтирдик.
Дадахон акани кўпчилик таниди. Раҳбарлар орасида шивир-шивир бошланди ва ҳамма зимдан Дадахон Ёқубовни кузатиб ўтирди. Лекин менга ҳеч ким эътибор бергани йўқ.
Орадан хийла вақт ўтгач, танаффус эълон қилинди. Бу орада бизни ҳам дастурхонга таклиф қилдилар. Худди тўйдагидек ош тортилди. Уч-тўрт киши бўлиб бир даврада ўтирдик.
Райкомнинг биринчи котиблари, Ислом ака бошчилигидаги вилоятнинг барча раҳбарлари алоҳида жойда ўтиришар экан. Янглишмасам, Қашқадарёда ўн учта туман, демак ўн учта райкомнинг биринчи котиби бор эди. Раисларга алоҳида хонада жой қилинганди.
Хуллас, Ислом ака ҳам тамадди қилгани кириб кетадилар. Тўрга ўтирганларидан сўнг мухбирлар қаерда деб дараклайдилар ва дарҳол буёққа чақиринглар, дейдилар.
Бир пайт Нишон район партия қўмитасининг биринчи котиби Тошпўлат Соатов ташқарига шошилиб чиқиб келди: «Сизларни Ислом Абдуғаниевич сўраяптилар», – деди.
Кейинчалик Т.Соатов вилоят ижроия қўмитасининг раиси бўлди, ҳозир ҳам вилоят ҳокимлиги тизимида масъул вазифада ишлаётган бўлса керак.
Биз Тошпўлат ака ҳамроҳлигида Ислом ака ўтирган хонага кирдик. У ерда йигирмага яқин одам бор эди. Дастурхон шоҳона безатилганди.
Шу ўринда Ислом Абдуғаниевичга хос бўлган бир хислат тўғрисида айтиб ўтишим керак (бу менинг шахсий кузатишим). Бошқа раҳбар бўлса: «Бўпти, мухбирларга ҳам овқат беринглар, қоринларини тўйдириб қўйинглар, тушдан кейин гаплашамиз», дейиши мумкин эди.
Лекин Ислом ака айнан шу туманнинг раҳбарини, яъни мезбонни ташқарига чиқариб юборибди: «Тезда буёққа таклиф қилинг!» дебдилар.
Ислом Абдуғаниевич матбуотга, матбуот вакилларига алоҳида эътибор беришини ўшанда сезгандим.
Шунинг учун ҳам у киши мухбирларни зиёфатга таклиф этган эдилар…
Биз хонага кириб бордик.
У кишининг бир одати бор – кишининг кўзига тик қарайдилар. Одамнинг кўзларидан ҳамсуҳбатининг ниятини англаб оладилар. Бизга ҳам тикилиб-тикилиб қарадилар-да, Дадахон акадан кўзларини узмай:
-Сизни танийман, – дедилар. – Хуш келибсиз!
-Бу йигит ҳам журналист, ҳамкорлик қиляпмиз, – деди Дадахон ака мени таништириб.
-Лекин мен сизни танимадим, – деди Ислом Абдуғаниевич менга қараб.
– Қани, марҳамат, ўтиринглар! – деб бизни райком котибларининг рўпарасига ўтқазиб қўйдилар.
-Ислом ака, телевидение мени анча машҳур қилиб қўйган, – деб ҳазиллашди Дадахон ака.
-Бўпти, иш тўғрисида кейин гаплашамиз. Марҳамат, дастурхонга қаранглар, – деб пиёлаларни тўлдириб ароқ қуйиб бизга узатдилар.
Чамаси, ўн минут давомида икки-учта райкомнинг биринчи котибларига сўз бердилар. Эзмалик қилаётган нотиқларнинг сўзларини бўлиб: «Қани, овқат совумасин, олинглар!» деб даврани бошқарар, ўзлари ҳам пиёладаги ичимликдан оз-оз нўш этиб ўтирдилар…
Ярим соатча тамадди қилингач, Ислом Абдуғаниевич биз билан гаплашгани ташқарига чиқдилар.
Биз ҳам ўрнимиздан ирғиб турдик. Шуни айтиш керакки, ҳали тамадди қилишга улгурмаган райком котиблари ҳам ўринларидан туриб кетдилар.
Вилоятнинг биринчи раҳбаридан кейин ҳеч ким дастурхон устида қолмас экан.
Орадан хийла фурсат ўтиб бир-иккита котиблар қолган овқатларини тамадди қилишга кириб чиқди, лекин кўпчилик ичкарига киришга ботинмади.
Маълум бўлишича, ҳали семинар тугамаган экан.
Дадахон ака қисқа қилиб нима мақсадда Қашқадарёга келганини тушунтирди. Назаримда, Ислом ака Ғузордан, Қарши шаҳридан, Қарши туманидан икки-уч нафар оддий одамларнинг номларини айтиб, ўшалар билан суҳбат қилишни тавсия этди.
Сўнг ўша туманларнинг раҳбарларига: «Йигитларга ёрдам беринглар!» деб тайинлагач, бизга омад тилаб хайр-хўшлашди.
Биз Ислом Абдуғаниевич билан ярим соатча бирга бўлдик, холос. Мен Ислом ака билан гаплашганим йўқ, фақат Дадахон ака гаплашдилар.
Ўшанда мен Ислом Каримов билан биринчи марта учрашгандим. Бу 1988 йилнинг ёз ойларида содир бўлган эди…
Исмат Хушев,
«Дунё Ўзбеклари» сайти бош муҳаррири

Биз Twitterда