Исмат Хушев: Ўзбекистон оламшумул ўзгаришлар остонасида

Article

Кўп йиллардан бери орзиқиб кутилган, соф ўзбек тилида жаранглаган қисқа ва самимий табрик

Ўзбекистон Президентининг янги йил табриги – хориждаги ўзбек журналисти нигоҳида

 

31 декабрь оқшомида Ўзбекистондан олис Канадада туриб янги Президентнинг ўзбек халқига янги йил табригини эшитдим.

Яширмайман, хориждаги ўн икки йиллик ҳаётимда илк маротаба Президентнинг ўзбекча нутқидан қалбимда фахр ва ифтихор ҳиссини туйдим…

Биринчидан, узоқ йиллардан бери давлат раҳбари Ўзбекистонда биринчи марта ўз халқини ўзбек тилида қутлади.

Президент томонидан айтилган соф ва мафтункор ўзбек тили эфирда биринчи марта жаранглади.

Иккинчидан, қисқа нутқда нафақат янги йилда, балки яқин келажакда мамлакат олдида турган энг муҳим вазифалар ихчам ва лўнда изоҳлаб берилди.

Учинчидан, Мирзиёевнинг янги йил табриги жуда қисқа ва лўнда бўлди.

Ва жуда тўғри бўлди…

Ўзбекистоннинг янги Президенти рус тилида ҳам бекаму кўст гапирди.

Мен Мирзиёевнинг рус тилидаги табригини – Ўзбекистонда яшаётган ва ўзбек бўлмаган барча қардош миллатлар учун – янги йил остонасидаги чуқур ҳурматнинг ифодаси деб тушундим.

Чунки Ўзбекистон азал аввалдан кўп миллатли, бағри кенг ва меҳрибон юрт. Бу диёрда юздан зиёд миллат ва элатлар бир оила фарзандидай дўст ва иноқ яшашади.

Улар учун рус тили ҳамон миллатлараро тил бўлиб келаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас…

Ўзбекистон – узоқ ва интиқлик билан кутилган янги даврнинг буюк ва оламшумул ўзгаришлари остонасида турибди.

Бундай улуғ ва муборак бир пайтда – узун ва сийқаси чиққан, биров ёзиб берган маърузадан кўра давлат раҳбарининг юрагидан чиққан самимий табриги минг карра афзал.

Икки табрик ҳам қоғозга қаралмасдан ўқилди. Назаримда бу Президентнинг ўзи томонидан ирод этилган нутқи экани билиниб турди.

Шунинг учун ҳам у қисқа, лўнда ва самимий чиқди…

Бир пайтлар жадидлар етакчисидан: “Сизларнинг бошқа маърифатчилардан фирқингиз нима?” деб сўрашган экан.

Шунда Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Улар асосан рақибларини – биз эса кўпроқ ўзимизни танқид қиламиз” – деб айтган экан.

Бугун Ўзбекистонда Ҳақиқатнинг кўзига қараб, рост гапларни айтиш, ўз-ўзини танқид қилиш тамойиллари амал қила бошлади…

Президентнинг янги йил табриги – халқимизни янги марраларга илҳомлантирибгина қолмай, катта ва оламшумул зафарларга, яхши ва ёруғ, ойдин ва мунаввар кунларга ҳам умидворлик уйғотмоқда.

Президентнинг янги йил табриги – Ўзбекистонда конкрет ишларга ўтиладиган давр келганлигидан дарак беради.

Бугун Ўзбекистонда зумрад ва марварид қиш меҳмон бўлиб турган бўлса-да, ўзбек халқининг қалбида ҳақиқий баҳор насимлари эса бошлаганидан далолат бу.

Буюк шоиримиз Абдулла Орипов башорат қилиб айтганидек:

Баҳоринг муборак бўлсин ушбу дам,

Менинг Ўзбекистон – дилбар ватаним…

Исмат Хушев

Биз Twitterда