Ислом Каримов номидаги Фонд грант танлови совриндорлари Европа ва АҚШда олий таҳсил оладилар

Ислом Каримов номидаги Фонд томонидан шу йилнинг январь ойида эълон қилинган Европа ва АҚШ олий ўқув юртларида магистратура йўналиши бўйича таҳсил учун грант танлови доирасидаги саралаш синовлари якуний босқичга келди.Имтихонлар бир неча босқичда амалга оширилиб, чет тилидан махсус тест, танланган мутахассислик бўйича тест ва суҳбат, мутахассислар билан суҳбат, IELTS тестларидан иборат бўлди. Бу ҳақда Лола Каримова ўзининг фейсбукдаги расмий саҳифасида маълум қилди.
“Таълим гранти учун саралаш танловида Ўзбекистон олий ўқув юртларининг 300га яқин битирувчилари иштирок этдилар. Улардан 25 нафари танловнинг охирги босқичига ўтиб, IELTS тестларида иштирок этди. Хозирда ғолиблар сони ва рўйхатини аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ғолиблар танлов давомида ўтказилган барча тест ва имтихонларда эгалланган балларнинг умумий йиғиндиси асосида танланади. Энг кўп бал тўплаган номзодлар Европа ва АҚШ олий таълим муассасаларида магистрлик йўналишида таҳсил олиш имконига эга бўладилар. Европа ва АҚШнинг пешқадам олийгоҳларида таълим олган кадрлар келажакда Ватанимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшишига аминман. Танлов иштирокчиларига омад тилайман!”, - дейилади хабарда.
Фонд бу борада Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Британия Кенгаши, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкентдаги филиали, ИНХА университети ҳамда Ўзбекистоннинг бир қатор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилмоқда.  

Биз Twitterда