Ишсизларни касб-ҳунарга қайта тайёрлаш марказлари: у қандай ишлайди ва кимларни қабул қилади?

Жорий йилнинг 10 апрелида ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга қайта тайёрлашни самарали ташкил этиш ҳамда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган янги касб-ҳунар ва мутахассисликларга эга бўлиш учун уларга тегишли шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 199-сонли қарори қабул қилинди ва 2017 — 2020 йиллар даврида республика ҳудудларида ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш марказларини босқичма-босқич ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури қабул қилинди.
 
 
Ташкил этилаётган марказлар давлат таълим муассасалари ҳисобланиб, бевосита Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигига бўйсунади ва уларнинг фаолиятига умумий ўқув-методик раҳбарлик қилиш эса — Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига юкланди.
Марказларнинг асосий вазифаларидан бири бу - ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга бўлган ишсиз ва вақтинча банд бўлмаган, шу жумладан доимий ишга эга бўлмаган шахсларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассислик ва касблар бўйича — 1 йилгача бўлган муддатда касб-ҳунарга бепул қайта тайёрлаш ва малакасини оширишдир. Шунингдек, меҳнат органларида ишсиз сифатида рўйхатдан ўтмаган, иш излаётган шахсларни, шунингдек иш берувчиларнинг буюртманомалари бўйича — ходимларни, ҳар йили ўқишга олинадиганлар сонининг 15 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва касб-ҳунарлар бўйича — тўлов асосида қисқа муддатли ўқитишни ташкил этади.
Марказларни босқичма-босқич ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастурига кўра, биргина Наманган шаҳрида 2019-2020 йилларда ўртача 240 нафар ана шундай шахсларни ўқитишга мўлжалланган марказ ишга туширилади. Бу масканларда совутиш ускуналарига хизмат кўрсатиш, ахборот, тикувчилик ва тўқимачилик ишлаб чиқариш технологиялари, электротехника ва электроника, махсус техникани бошқариш мутахассислари (экскаваторчилар, кранчилар ва бошқалар) каби йўналишларда мутахассислар тайёрлаш назарда тутилмоқда.
Наманган вилоятидаги ташкилот, муассаса, корхоналар эса ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ўташ даврида уларга ишлаб чиқариш амалиёти дастурларига мувофиқ уларнинг ишлаб чиқариш фаолиятини таъминлайдиган ҳақ тўланадиган иш жойлари бериш ҳуқуқига эгадирлар. Бундан ташқари, қарорнинг 12-бандига мувофиқ белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган шахслар жумласидан бўлган ўқувчиларга ташкил этилаётган марказларда бевосита бепул ўқиётган даврида Бандликка кўмаклашиш жамғармасида ушбу мақсадлар учун назарда тутилган маблағлар ҳисобидан, қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида, 6 ойдан кўп бўлмаган муддатда стипендия тўланиши белгиланган.
Акрамжон ҲАСАНОВ

Биз Twitterда