"Иш йўқ, хоҳласа Президентга ёзсин!" Наманганлик ёшлар иш топишдаги сунъий тўсиқларни ҳикоя қилишди

 
 
Ёшлик инсон ҳаётининг энг ёрқин ва навқирон фаслидир.
Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса битирувчиларни бандлик масаласига биринчи навбатдаги вазифалар қаторида қараляпти. Аммо шу ўринда тан олиш керакки, аниқ мақсадлар сари интилиб, ҳаётда ўз ўрнини топаётганлар қаторида унинг акси бўлганлар ҳам йўқ эмас.
Бинобарин, фикримизнинг исботи ёшларнинг бир гуруҳ вакиллари билан қилинган суҳбат мазмунида ҳам яққол акс этади.
Хуршида РАҲМАТУЛЛАЕВА: - 2015 йил НамПИ қурилиш факультетини ўқиб тугатганман. Мутхассислигим бўйича ишга жойлашолмадим. Лекин ортга ҳам чекинмадим. 2013 йил «Ёш тадбиркор – юртга мададкор» кўрик-танловида қатнашиб 10 миллион сўмлик имтиёзли кредит соҳиби бўлганим асқотди. Оилавий бизнесни ривожлантириб, зардўзлик, тикувчилик, маиший хизмат фаолият турларини йўлга қўйиб 10 та иш ўрни яратдим. Келгусида яна 15 кишини банд этадиган кичик кохона ташкил этмоқчиман.
Ҳа, нафақат олий, балки ўрта-махсус маълумотга эга ёшлар орасида Хуршида сингари ишга жойлашиш масаласида қийналаётганларни ҳар қадамда учратиш мумкин. Бироқ бу фақат йигит-қизларни маълумот ва мутахассислик бўйича дипломли бўлиш-бўлмаслиги ёки уқувли, ишбилармон эмаслиги билан боғлиқ муаммо эмас, балки айрим мутассадди ташкилотдагиларнинг лоқайдлиги, бепарволиги, совуққонлиги, энг асосийси пулсиз иш битмаслик ҳолатлари ҳануз давом этаётганлигидан далолатдир. Сабаби танлаган мутахассислик бўйича коллежни тугатганларга ҳамма ерда бир хил – «бизда сиз ўқиган мутахассислик бўйича иш йўқ», «вакант бору фақат олий маълумотлини ишга оламиз» деган жавоб айтилса, олий маълумотли ҳам осонгина ишга жойлашаяпти деб бўлмайди.
- 2011 йил Чортоқ педагогика коллежини тамомлаганман, - дейди янгиқўрғонлик Эътибор Мамадалиева. - Дипломим бўйича «Куни узайтирилган гуруҳ тарбиячиси. Бошланғич синфларда тасвирий санъат ва меҳнат тарбияси раҳбари Тарбиявий ишлар катта етакчиси» ихтисосликларига эгаман. Афсуски, етти йилдан бери ушбу мутахассисликларнинг биронтаси бўйича ҳеч қаерга ишга жойлашолмай сарсонман.
Эътиборнинг таъкидлашича, туман марказидаги 1-, 3-, 4-, 8-, 16-, 20-МТМ ва 1-, 9-, 10-, 11-, 12-мактаблардан ишга жойлашиш масаласидаги суриштирувлари, бир неча марта туман ХТБ ва туман хотин-қизлар қўмитасига ёзма ва оғзаки равишда мурожатларидан ҳеч қандай натижа бўлмаган. Ваҳоланки унинг куюнишича «Иш бўлади, ҳаракат қиляпмиз, хабар берамиз», «Мутахассислигинг тўғри келмас экан, сенга лойиқ иш йўқ экан» деган жавобларгача ва ундан кейин ҳам ўша муассасаларга қанча номутахассислар жойланибди. Унинг арзини тинглагач, холис ният билан бир неча марта Янгиқўрғон туман ХТБ услубчи Довудхон домла ва кадрлар бўйича мутахассисдан Эътибор Мамадалиевага ёрдам бериш масаласида суриштирувимиздан ҳам Эътибор фойдасига ҳеч қандай натижа бўлмади. Уларга Э.Мамадалиева Президент қабулхонасига мурожаат этмоқчилигини айтганимизда эса «марҳамат, бемалол ёзаверсин, иложи йўқ бўлгандан кейин нима қилишимиз керак!» деган совуқ ва қўрс жавобни эшитдик. Маълум бўлишича, Эътиборга ўхшаганларни ишга жойлашиш масаласида вакант ўринларни мактаб директори ва мудираларнинг ўзи ими-жимида сўраган «ставкаси»ни олиб ҳал қилади. Шунинг учун ҳам Эътибор тумандаги ҳеч бир мактаб ва боғчага, ҳатто техник ходим сифатида ишга жойлашолмай келмоқда. Ана шунақанги “ўйинлар” туфайли Янгиқўрғондаги таълим муассасалари қошида фаолият юритаётган АРМларда номутахассис кадрлар ишлаб, кутубхоначиликни битирганлар ишсиз юрибди. Шунингдек «штат йўқ» деган жавобдан ҳафсаласи пир бўлиб юрган ўрта-махсус тиббий маълумотга эга ёшлар ҳам кўпчилик эканига нима дейсиз?
Шоҳида МЕЛИБОЕВА: - Ўтган йили худи шу вақтда Наманган тиббиёт коллежини тугатганимда астойдил ишлашни ният қилгандим. Афсуски, дипломимга ёзилган “тиббий профилактика иши фельдшери; санитар врачи ассистенти; эпидемиолог ассистенти; дезинструктор” ихтисосликлари бўйича Янгиқўрғонда штат бўшмаслиги учун ҳеч қаерга ишга жойлаша олмадим.
- Уф, ҳали ўзимга бириктирилган битирувчиларни биронтасини ишга жойлашиш бўйича шартномаси битмади. Илгари баъзи ташкилот ва фермерлар билан «ишга жойлашди», 2-3 ойдан кейин эса айрим сабабларга кўра «ишдан бўшади» деган ҳужжат тўғрилаш билан шу машмашадан қутилиб кетардик. Энди ҳамма ўзидан қўрқиб шуни ҳам иложи қолмабди шекилли, эссиз. Бунақада таътил вақтим ҳам ўтиб кетаркан-да…
Коллеж ўқитувчисининг сўзидан англаганингиздек, баъзан битирувчининг ишга жойлашиш масаласи ана шундай қалбаки хужжат тўғрилаш билан ҳал этилиши ҳам сир эмас.Ўқитувчики зиммасидаги масъулиятга ортиқча юк  сифатида қараркан, битирувчининг бандлигида яна қандай натижа бўлсин?!
Сурайё Парпиева: - Ёшим 21да. 2009-2012 йилларда Янгиқўрғондаги аниқ фанларга ихтисослашган ДИМИ ва 2012-2015 йилларда НамДУ қошидаги 1-академик лицейда ўқиганман. Афсуски билимим панд бердими, ёки бошқа «сабабданми» (айрим абитурентларни телефондан фойдаланиш орқали тўплаган баллари юқори бўлгани туфайли) икки йилдан бери олийгоҳга киролмайман. Ҳозир яна учинчи марта тайёргарлик кўряпман.
Хулоса ўрнида айтсак, ёшларимиз орасида аниқ мақсадларни олдига қўйиб, ҳар хил тўсиқ ва қийинчиликларни енгишга интилаётганлари талайгина.
Келажак учун маъсул ҳеч бир шахс уларни ишга жойлашиш ёки ўқишга кириш масаласида адолатсизлик, бепарволик қилишга ҳаққи йўқ!
Зеро, келажакка хиёнат асло кечирилмайди.
Шаҳзода АКБАРОВА
vodiymedia.uz учун махсус

Биз Twitterда