Янги қурилаётган Жиззах нефт заводига "қора олтин" Россиядан Қозоғистон орқали қувурларда еткизиб берилади

Жиззахдаги янги нефт заводини хом-ашё билан таъминлаш учун,  Қозоғистон чегарасигача нефт қувури қурилади, деб хабар қилмоқда Спутник.
Апрел ойи охирида Жиззах вилоятида янги нефтни қайта ишлаш заводи қурилиши бошланган эди. Умумий қиймати 2,2 миллиард доллар бўлган нефтни қайта ишлаш заводи йилига 5 миллион тонна нефтни қайта ишлаш қувватига эга бўлади. Янги заводга хом ашё Россиядан, Қозоғистон орқали олиб келинади.
 
 
Қозоғистон билан "Омск-Павлодар-Чимкент" нефт қувурини Ўзбекистон ҳудудигача олиб келишга келишиб олинган. Бунинг учун 95 км нефт қувури қурилса бўлди. Ўзбекистон йилига 5 миллион тонна нефт олиш имконига эга бўлади.
Қозоғистон томони "Омск-Павлодар-Чимкент" нефт қувурининг ўз ҳудудидан ўтган қисмини қайта тиклашга рози бўлган. Ушбу нефт қувури Жиззах вилояти ҳудудига жуда яқин жойдан ўтган.
Ўзбекистонга темир йўл орқали еткизиб берилаётган бир тонна нефтнинг нархи 150-250 долларни ташкил қилади.
Режага кўра, янги қурилаётган завод ҳар йили 3,7 миллион тонна мотор мойи, 700 минг тонна авиация керосини ва 300 минг тонна қушимча нефт маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Завод қуриб битказилиши 2022 йилга режалаштирилган.
Ўзбекистондаги нефт заводининг умумий қуввати 11-12 млн тоннани ташкил қилади. Бугунги кунда ушбу корхоналар ўз қувватининг 60% идан фойдаланмоқда. Охирги йилларда Ўзбекистонда нефт маҳсулотлари танқислиги муаммоси долзарб бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон ва Россия муассасалари апрел ойининг бошида нефт еткизиб бериш ҳақиа шартнома имзолаган эди. Унга кўра дастлабки босқичда Россия Ўзбекистонга 500 минг тонна нефт еткизиб беради.

Биз Twitterда