Янгиқўрғон шаҳарчаси "Обод марказ" дастури натижасида янгича қиёфага кирди

Наманган вилоятининг энг сўлим туманларидан бири бўлган Янгиқўрғонда “Обод марказ” дастури доирасида амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари натижасида туман маркази замонавий шаҳарчага айланди. Туристлар оқими кун сайин кўпаяётган ушбу туман, янгича қиёфадаги обод марказга эга бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
 
 
Тантанали маросим билан фойдаланишга топширилган 37 та “Обод марказ” дастури объектларида янги қурилиш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари учун жами 75,6 млрд. сўм маблағ сарфланди.
Янгиқўрғон шаҳарчаси инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида, 8,8 км янги ичимлик суви тармоғи тортилди. Бу билан тумандаги 2500 та хонадонда яшовчи 20 мингдан зиёд аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.
 
 
Туман марказидаги 5 кмдан ортиқ автомобиль йўллари реконструкция қилинди ва пиёдалар йўлаги қурилди. Кўчаларга тежамкор ёритиш чироқлари ўрнатилди.
450 ўринли Маданият уйи, Давлат хизматлари маркази бинолари мукаммал таъмирланди. Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази қурилди.
 
 
Янгиқўрғон тумани аҳли учун қадрли гўшага айланиши шубҳасиз бўлган Хотира хиёбони барпо этилди, қад ростлаган “Мотамсаро она” ҳайкали пойи, очилган илк дақиқадан гуллар билан тўлди.
Туман Мудофаа бўлими, 10-сонли умумтаълим мактаби, 1-сонли мактабгача таълим муассасаси, Енгил саноат коллежи биноси, Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида катта ҳажмли қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
 
 
Тадбиркорларнинг маблағлари ҳамда банк кредитлари ҳисобидан 15 та янги савдо ва маиший ҳизмат шахобчалари қурилди, ҳамда 35 таси тўла таъмирланди. “Мадина Шоҳрух” тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси барпо этилиб, 150 нафар хотин-қизларга янги иш ўринлари яратилди.
 
 
Туман марказидаги қатор кўп қаватли уйларда таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Биз Twitterда