Яна, Наманган, яна Ўзбекистонда биринчи марта: Наманганда Адабиёт уйи қурилади!

 
Наманганлик ишбилармон, депутат, хайриясевар Маъруфжон Мўминовнинг жамият ривожи учун, Наманганни танитиш учун, илм-ирфонни кенг ёйиш учун қилаётган эзгу ишларига Наманган аҳли ўрганиб қолди ҳисоб.
Маъруфжон Мўминов томонидан Наманганнинг қоқ марказида “Наманган Китоб Олами” савдо маркази очилганда бир суюнган Наманган аҳли, шаҳарнинг бошқа ҳудудларида бу марказнинг қўшимча китоб дўконлари очилганда икки суюнганди. “Мақсадимиз тижорат эмас, маърифат” шиори билан иш ташкил қилган Мўминов, бу йилдан китоб сотиб олишга имкони бўлмаганлар учун вилоятнинг ҳар гўшасида “Китоб жавонлари” ташкил этишга киришди.
Яқиндагина бўлиб ўтган “Сумалак сайли” халқаро туризм ва миллий қадриятлар фестивали ва унинг доирасида пиширилган 5 тонналик сумалак дунёга Наманганни танитди десак муболаға бўлмайди. Маъруфжон Мўминовнинг шахсий ташаббуси билан амалга оширилган бу йирик тадбир, ҳақиқатдан туризм равнақига, Наманган имижини оширишга ҳисса қўшди. Бугунги кунда баъзи матбуот саҳифаларида берилган ҳамда ижтимоий тармоқларда “5 тонналик сумалак Баҳриддин Чустийнинг лойиҳаси” деб шаклланган янглиш бир фикр юзасидан бу тадбирнинг биринчи босқичларидан тўла хабардор журналист сифатида шуни айтишни лозим деб биламанки, Баҳриддин Чустийнинг 5 тонналик сумалакдан хабар топиши вилоятда “Сумалак сайли” халқаро туризм ва миллий қадриятлар фестивалини ўтказиш юзасидан чора-тадбирлар режаси имзолангандан кейин бўлди...
 
 
Хуллас, тиниб-тинчимас Маъруфжон Мўминов томонидан яна бир янги, ижтимоий аҳамиятига кўра бугунги сиёсатимизни тўла қўллаб-қувватловчи лойиҳага қўл урилди. Наманган марказида, Бобур номли маданият ва истироҳат боғи бурчагида, “Нуроний” жамғармасининг янги биноси ҳамда ташкил этилган Оталар чойхонаси ёнида икки қаватли “Адабиёт уйи” маърифат мажмуаси барпо этиш юзасидан лойиҳа ва таклифлар ҳокимиятга тақдим этилди.
“Китоб Олами” савдо мажмуаси, Book Café, Элeктрон Кутубхона, Китоб музейи, Китоблар тақдимот маркази, Ижодкорлар гурунг уйи, ҳамда “Маърифат Китоб Олами” хайрия жамоат фондидан иборат бу Адабиёт уйи мажмуаси Ўзбекистонда ҳали ўхшаши йўқ маърифат марказига айланиши шубҳасиз.
 
 
 - Наманганда бундай Мажмуа иншо этилиб, иш бошласа, вилоят адабий ҳаёти ривожи учун, Наманган ижод аҳли учун катта воқеълик бўлади, – дейди наманганлик машҳур ёзувчи Исоқжон Нишонов. – Чунки ёзувчиларни, шоирларни бир том остида бирлаштирган бундай масканнинг йўқлиги сабабли, Наманган адабиётининг вакиллари, куни келса бир бирини танимаган ҳоллари ҳам бўлган. Қолаверса, вилоятимизда иш олиб бораётган “Наманган” ҳамда “Vodiy Media” нашриётларига ҳам бу мажмуадан жой ажратишга режалаштирилгани, ижодкор ва ноширни ҳам бир бирига янада боғлайди.
- Наманган азалдан маънавиятнинг, адабиётнинг кўҳна бешикларидан бири бўлиб келган. Бу юртдан етишиб чиққан Асириддин Ахсикатий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Раҳимбобо Машраб, Муҳаммад Шариф Сўфизода, Исоқхон Тўра Ибрат, Усмон Носир, Ҳусниддин Шарипов, Ҳабиб Саъдулла каби улуғ сўз санъаткорлари адабиётимиз оламида ўз ўрнига эга. Бугунги кунда ҳам уларнинг издошлари оз эмас.Шу маънода Наманганда Адабиёт уйи мажмуаси бўлиши давр ва замон тақозосидир, - дейди Наманган вилоят Матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси  Зиёвиддин Мансуров

Биз Twitterда