Физика-математика фанлари доктори, профессор Ўткир Розиқов – Бутунжаҳон фанлар академияси ҳақиқий аъзоси!

 
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси В.И.Романовский номидаги Математика институти етакчи илмий ходими, физика-математика фанлари доктори, профессор Ўткир Абдуллоевич Розиқов Бутунжаҳон фанлар академиясининг ҳақиқий аъзосига айланди!
Ўткир Розиқов математик анализ, алгебра ва эхтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда юксак натижаларга эришган математик-олим, 200 дан чоп этилган илмий ишлар муаллифи. Унинг  “Gibbs measures on Cayley trees” деб номланган, Сингапурдаги World Scientific нашриётида 2013 йилда чоп этилган 404 бетлик монографияси ҳозирги кунда дунёнинг 200 дан ортиқ университет ва илмий марказлари кутубхоналаридан муносиб ўрин олган.
www.scholar.google.com сайтидаги маълумотларга кўра Розиқовнинг илмий мақолаларига 2129 марта иқтибос (ссылка) қилинган, h-index – 24, i10-index – 65.
Олинган натижалари ҳалқаро миқёсда юқори баҳоланиб, Ўзбек математик олими Розиқов Англия, Франция, Туркия, Италия, Россия, Испания, Германия ва бошқа кўплаб давлатлардаги халқаро университет ва илмий марказларга ҳамкорлик қилиш учун таклиф қилинди ва илмий маърузалар қилди.
2015 йил 25-26 июнь кунлари Ўткир Розиқов ташаббуси билан Франциянинг Марсель шаҳридаги Назарий физика маркази ва IMeRA институти ҳамкорлигида "Dynamical Systems: Modern results on Gibbs-non-Gibbs dynamical transitions, Thermodynamics of extremality of Gibbs measures, Evolution dynamics of population genetics" номли илмий конференция ташкил қилинди. Шунингдек, олим ўзининг илмий ишлари ҳақида Франция фанлар академияси учун интервью берди.
Ўткир Розиқов раҳбарлигида 8 та фан номзоди ва 1 та фан доктори диссертациялари ҳимоя қилинган, 3 та иш PhD ва 2 та иш фан доктори илмий даражаларини олишга тайёрлаган, ва яна 2 та фан докторлиги диссертациялари тайёрланмоқда. Ушбу илмий ишлар алгебра, анализ ва эҳтимоллар назариясининг долзарб муаммоларини ҳал қилишга бағишланган.
Қўлга киритилган фундаментал ютуқлари учун Ўткир Розиқов 1995 йилда Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси мукофоти, 2000, 2001, 2009 йилларда ЎзР ФА ва Бутунжаҳон фанлар академияси (TWAS)нинг ёш олимлар учун халқаро мукофотларини қўлга киритган. Қатор ҳалқаро илмий грантлар ғолиби.

© Vodiy Media


Биз Twitterда