Фарғонадаги ментал арифметика олимпиадасида ким 1000000 сўм соҳиби бўлди?

 
Фарғона вилоятининг марказидаги Ал-Фарғоний маданият ва истироҳат боғида 250 нафардан зиёд болажонлар жамланди. Боиси улар ментал арифметикадан билимларини синовдан ўтказиш мақсадида IV Водий олимпиадасида иштирок этишди.
Синов олдидан иштирокчиларга маданий ҳордиқ сифатида “Фазо стар” доира гуруҳи ҳамда “Кичкинтой” болалар рақс дастасининг мусиқий чиқишлари намойиш этилди.
Мазкур олимпиадада марказнинг Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари филиалларининг ўқувчилари қатнашдилар.
Олимпиада синовлари 4 босқичда: А, В, С, Д даражаларда бўлиб ўтди. Ҳар бир босқич учун учтадан ўринлар белгиланди.
Дастлаб Хитойда абакус тошлари ёрдамида хисоб-китоб амалини бажариш орқали ташкил топган ментал арифметикаси, бугунги кунга келиб бутун дунё бўйлаб кенг ривожланмоқда.
Ўқувчиларнинг дарс машғулотларида ўрганган билимларини синовдан ўтказиш, билимли ўқувчиларни рағбатлантириш мақсадида ментал арифметика бўйича водий турнири ўтказилди.
Финал босқичига қадар машаққатли йўлни босиб ўтган ёш математиклар синовда чинакамига беллашдилар. Ҳар бир босқичнинг 1-, 2-, 3-ўрин эгалари диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. “Д” босқичи иштирокчилари орасида энг юқори натижани қайд этган андижонлик Моҳларой Муталипова 1-ўринни қўлга киритиб, бир миллион сўмлик Гран-при совриндорлик сертификати билан тақдирланди. 
Улуғбек РЎЗИМАТОВ

Биз Twitterда