Энди ГАИ билан "келишиб" бўлмайди: Наманган шаҳри чорраҳаларига видеокамералар ўрнатилди!

Жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб Наманган вилояти марказидаги чорраҳаларга ўрнатилган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги бўйича доимий чоралар қўллашнинг «Маъмурий амалиёт» электрон тизими жорий этилди.
Мазкур тизим Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 7-8 июль кунлари вилоятга ташрифи давомида Наманган шаҳри ҳудудида «хавфсиз шаҳар» концепциясини жорий этиш ҳақидаги топшириғи ҳамда 2017 йил 11 июлдаги «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш, йўл ҳаракати соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишлари самарадорлигини, бунда замонавий интерактив хизматларни жорий этиш ҳамда транспорт воситалари эгалари учун қўшимча қулайликлар яратиш қўллаш мақсадида йўлга қўйилди.
«Хавфсиз шаҳар» концепцияси доирасида Наманган шаҳри ҳудудидаги 6 та катта чорраҳалар автоматлаштирилган замонавий видео ва фото қайд этиш техника воситалари билан жиҳозланди.
Мазкур камералар чорраҳалардаги қоидабузарликларни қайд этиб боради ва айбдорлар Ўзбекистон Республикаси МЖТК нинг тегишли моддаларига асосан маъмурий жавобгарликка тортилади. Бунда ҳуқуқбузарликларнинг такрорийлиги инобатга олинмайди.
Қоидабузарликлар юзасидан чора кўриш ишларини ташкил этиш мақсадида эса «маъмурий амалиёт» электрон тизими ташкил этилди. Ушбу тизимда қоидабузарлик тўғрисида маъмурий баённома расмийлаштирилмасдан, жарима солиш тўғрисидаги қарор олинган материаллар илова қилинган ҳолда почта орқали транспорт воситаси эгасининг яшаш манзилига юборилади.
Солинган жаримани ҳуқуқбузар жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб 60 кундан кечиктирмай тўлаши лозим. Жарима ўз вақтида тўланмаган тақдирда, транспорт воситаси Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан вақтинчалик жарима майдонида ушлаб турилади.
Шундай экан, йўлларда қоидаларга кўра ҳаракатланиш кераклигини унутманг, ҳар қандай қоидабузарлик фото ва видео қайд этиш камералари назоратидадир.

Биз Twitterда