Эҳ, бу йўллар, Косонсойнинг йўллари…

 
КОСОНСОЙ / Vodiymedia / – Минг шукрки, бугун кўчаларимизда ўзимиздан чиқаётган «Ласетти», «Кобальт», «Нексия», «Каптива», «Дамас» русумли замонавий автомашиналарни кўриб беҳад фахрланамиз.
Барвақт ана шу уловлар ёрдамида биримиз ишга, яна биримиз ўқишга ошиқамиз. Транспорт ҳам, йўл ҳам, соз бўлса қадрдон ишхонамизга, севимли ўқув даргоҳимизга ўзгача кайфият билан етиб оламиз.
Борди-ю, иккисидан бирида яроқсиз ҳолат бўлса, манзилимизга ўз вақтида эмас, кечикиб борамиз ёки бир дилхираликка дуч келамиз. Оқибатда шу куни кечгача қандай ишлаганимизни билмаймиз. Энг муҳими, ишдан унум қочади.
 
 
– Автоуловларда ишга етиб боргунча юрагимни ҳовучлаб тураман, – дейди бекатда турган йўловчилардан бири. – Йўллардаги ўйдим-чуқурлар ўпкангни қоқиб олгудек бўлади. Ҳайдовчига кўзингга қараб юр десак у-бу йўлда чуқурлардан қочиб зўрға юрипман, – деб бир уф... тортиб қўяди.
Бугун орамизда йўлларнинг носозлигидан азият чекаётганлар биргина эмас.
Дастлаб Ровот, Навжартепа, Чиндовул-Ровот, Қайтмас-Тергачи йўлларида бўлдик. Йўллардаги ҳар қандай уловни "ютаман" деб оғзини очиб турган чуқурлар ҳар қандай одамнинг дилини бир зумда хуфтон қилади. Бундай аянчли ҳолларни мутасадди ташкилот-у бошлиқлар наҳот кўришмаса? Биз эса бу ҳолни кўриб индамай кетолмадик. Аянчли ҳолатларни суратга олдик.
 
 
Гулистон-2 маҳалласининг бош кўчасидаги йўлнинг ҳолати ўта ёмонлиги автоуловларнинг ҳаракатланишидан яққол кўриниб турибди. Воажаб!!! Автоуловлар йўлнинг қатнов қисмида эмас, чеккасида бир амаллаб ҳаракат қилаяпти. Йўлнинг ўртаси ўйдим-чуқурлигидан транспорт у ёқда турсин, одам ҳам зўрға оёқ қўяди.
Ҳадемай қишли-қировли кунлар бошланади. Унда чорасиз қолган ҳайдовчи "қадоқ"лардан қочиб йўлакда ҳаракатланади. Оқибатда пиёдалар ҳаёти хавф остида қолади. Ҳудуддаги аҳоли, 3-мактаб, 16-мактабгача таълим муассасаси устоз-мураббийлари, ўқувчилар қандай аҳволда қолишини шу пайтгача ҳеч ким ўйламаётгани ғоят ташвишланарлидир. Эшитишимизча, уларнинг бу борадаги дод-фарёдлари мутасаддилар эътиборидан четда қолмоқда.
Саъдий Шерозий маҳалласидаги бош йўл, Ҳуррият-2 маҳалласининг "Дукур" деб аталадиган ҳудудлардаги йўллар аҳволи юқоридагилардан икки чандон ёмон бўлса ёмонки, асло яхши эмас.
Гоҳ-гоҳида, эрта баҳорда, баъзан ёз ойларида йўлларимиз таъмирланаётганига кўзимиз тушиб қолади. Ачинарлиси ҳеч қанча вақт ўтмай ўша йўллар яна боб-боягидек таъмирталаб бўлиб қолаверади. Нега-нега шундай бўлаверади? Бу нимадан далолат беради? Ё йўллар яхши таъмирланмайди ёки кўпинча номигагина қўл учида таъмир қилинади. Ахир бунинг учун катта-катта маблағ сарфланиши ойдек аёнку. Ана шу маблағлар ҳавога учиб кетмаяптими?
 Бугун юртимизнинг кўплаб жойларида ҳеч қачон бўлмаган ободончилик, бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Қишлоқлар, шаҳарлар қиёфаси таниб бўлмас даражада чирой очмоқда. Равон йўлларга барчанинг ҳаваси келмоқда. Вақти-соати келиб, бизнинг туманда ҳам ана шундай буюк ишлар, равон йўллар бўлишига умид қилиб қоламиз.
Анорбой Олимов,
Муҳаммад Акрамов

Биз Twitterда