ДХХ, 5 миллион доллардан зиёд пулни Янгиқўрғондан Қирғизистонга ноқонуний олиб ўтмоқчи бўлган гуруҳни қўлга олди

 
2017 йил 2 сентябрдаги ПФ-5177-сон Президент Фармонининг ижроси доирасида Ўзбекистон ДХХ Наманган вилоят бошқармаси томонидан чет эл валютаси билан ноқонуний операцияларни амалга оширишни ноқонуний пул ўтказмаларини бартараф этиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Жорий йилнинг 27 августидан 28 августига ўтар кечаси бошқарма тезкор-текширув гуруҳи томонидан ноқонуний пул олиб чиқиб кетиш каналларини тўхтатиш мақсадида тезкор тадбир ўтказилди. Натижада Янгиқўрғон тумани Ғазнон аҳоли пунктининг Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегараолди ҳудудида Йирик миқдорда хорижий валютани Қирғизистонга ноқонуний олиб ўтишни режалаштирган Луқмон Мўминов, Одил Мўйдинов ва Нозим Муллажоновлардан иборат уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда  “Ўзбекистон 24” телеканали хабар берди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра ушлаб қолинган хорижий валютанинг умумий миқдори 5,3 миллион АҚШ долларига тенг. Бу пуллар Тошкент ва Қўқон шаҳри ҳамда Наманган вилоятида иш олиб борувчи “яширин иқтисодиёт” вакилларига қарашли бўлган.
Ҳозирда ДХХ Наманган вилоят бошқармаси тергов бўлими томонидан юқоридаги шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 182-модда 2-қисми (Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) билан жиноий иш очиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Биз Twitterда