Хонободлик 93 ёшли Абдусалом ота 63 ёшли ўғли Абдулбоқи билан муқаддас ҳаж сафари тараддудида!

Наманган вилоятида бугунги кунда 88 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ҳаёт кечирмоқда. Уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, турмуш даражасини ошириш алоҳида эътиборда.
 
 
Наманган тумани Хонобод қишлоғида яшовчи 93 ёшли Абдусалом ота Раҳмонов урушдан қайтгач, 55 йил ёшларга таълим-тарбия берди. Бугун ҳам ёшлар билан суҳбатда уларга бугунги тинч, фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш лозимлигини уқтиради. Байрам арафасида отахон "Камолот" ЁИҲ Наманган вилоят Кенгаши фаоллари билан суҳбатлашиб, уларга ҳаёт йўли ҳақида гапириб берди. Ибратли ҳикматлари билан ўртоқлашди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 4 апрелдаги "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармони ҳамда "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида муқаддас ҳаж амалини бажаришни истаган иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига берилган имтиёздан Абдусалом отанинг боши осмонда. У 63 ёшли ўғли Абдулбоқи Раҳмонов билан сафар тараддудини кўрмоқда.
“Биз фахрийларга кўрсатилаётган бу ғамхўрлик ва эъзоз учун президент Шавкат Мирзиёевга мингдан-минг раҳмат айтаман. Элу юрт тинчи ва фаровонлиги йўлида амалга ошираётган ишларида яратгандан мадад тилаб қоламан”, - дейди Абдусалом ота Раҳмонов.
Хотам Мамадалиев

Биз Twitterда