Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистонга объектив баҳоси кимга ёқмаяпти?

 
Ўзбекистон билан Жаҳон Банки ўртасидаги икки томонлама манфаатли алоқаларнинг ривожланиши, ўзаро ишончнинг ортиши Банк томонидан Ўзбекистонга йирик кредит пакетлари ажратилишини таъминламоқда.
Қолган соҳаларда бўлгани каби, қишлоқ хўжалигини ҳам модернизация қилишга, замонавий технологияларни ҳамда ечимларни бу секторга тадбиқ этишга бошлаган Ўзбекистонимизнинг бу сайъ-ҳаракатларини дунёнинг қатор молиявий институтлари билан бирга Жаҳон Банки ҳам қўллаб-қувватламоқда.
Жаҳон банки томонидан қишлоқ хўжалигимизга, хусусан пахтачиликка берилаётган катта кредитлар натижасида шундоқ ҳам пахта етиштиришда ва экспортида дунёда энг олдинги давлатлардан бири бўлган Ўзбекистоннинг салоҳияти янада ошиб бориши мумкинлиги, кун сайин юртимизнинг моддий мустақиллиги мустаҳкамланиб бораётгани баъзиларнинг пайтавасига қурт тушириб қўйди.
Сабаби оддий: Ўзбекистон билан нарх борасида рақобат қилишга кўпларнинг, хусусан АҚШнинг кучи етмай қолди. Қолаверса, барча пахта етиштирувчи давлатларни мажбурий-ихтиёрий Ливерпуль биржасига жалб этиб, пахтанинг нархини ўз билганларича белгилашга ўрганиб қолган “наҳанглар”га Ўзбекистоннинг ўз пахтасини сотишда Тошкентда ярмарка ташкил этиши ва ўзига маъқул нархларда сотиши кўпларнинг чўнтагига зарар беришга бошлади. Ана ундан кейин бошланди..
Дедиларки, “Ўзбекистонда пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан, болалар меҳнатидан бўлгани ҳам етмай, мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланилади, Жаҳон Банки бундай фаолиятни молиялаштиряпти”. Жаҳон банки бу масалада оқилона йўл тутиб, халқаро бетараф мониторинг ўтказишга қарор берди, Ўзбекистон ҳукумати ҳам бу қарорни қўллаб-қувватлади. Мониторинг ўтказиш Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошидаги Халқаро Меҳнат Ташкилотига (ХМТ) юкланди.
2015 ҳамда 2016 йилларда бу ташкилот томонидан кенг кўламли пахта йиғим-терими мониторинги ўтказилди. Ҳар икки йилги ҳисобот деярли бир хил бўлди: ЎЗБЕКИСТОНДА БОЛАЛАР МЕҲНАТИДАН ФОЙДАЛАНИШГА ТЎЛА БАРҲАМ БЕРИЛГАН.
Бу ҳисоботдан “кўнгли тўлмаган” “халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари” ҳамда турли хорижий матбуот нашрлари энди Жаҳон банкини ва Халқаро Меҳнат Ташкилотини айблашга бошлашди. Нимаймиш, Банк Ўзбекистонга ён босаётганмиш, ХМТ эса атайин ўзини кўрмаганга солаётганмиш. Ё қудратингдан, жа кучли давлатга айланиб кетибмиз-у, билмай юрган эканмиз. Жаҳон банки билан БМТ бўлинмаси бўлган ташкилотни ўз йўриғимизда ўйнатаётган эканмиз-а, қаранг!
2016 йил декабрда Европа Иттифоқи Парламенти Ўзбекистондан текстиль маҳсулотларини импорт қилишда бож тўловларини камайтиришга қаратилган, Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида пахта ва текстиль маҳсулотларини савдо қилишни енгиллаштирадиган тўқимачилик протоколини ратификация қилди. Бу билан ЕИ ҳам Ўзбекистонда болалар меҳнати умуман мавжуд эмаслигини эътироф этди.
Лекин, “тиниб-тинчимас” “бизнинг ҳуқуқларнинг биз танимаган ҳимоячилари” яна эски қўшиқларини давом эттиришмоқда. Сабаби... сабаби шуки, бир неча кундан кейин Халқаро Меҳнат Ташкилоти яна мониторинг қилишни бошлаяпти Ўзбекистонда. Уларга босим ўтказишга уриниш натижасида, мониторинг хулосасини объективликдан четга чиқишига, Ўзбекистонда пахта йиғим-теримида болалар меҳнати мавжудлигига ишора беришга мажбур қилишига ишонган бундай “ҳуқуқ жарчилари” муттасил жаҳон матбуотида бу масала юзасидан “буюртма” материалларни чоп эттиришяпти.
Хуллас, тушунганингиздай, биз пахтанинг қора меҳнатини қилиб, арзон-гаровга ўртадаги олиб-сотарларнинг қўлига тутқазмагунимизча, бизнинг пахта далаларидаги “аянчи аҳвол, қўлида автомат билан пахта теришга мажбурлаётган ҳарбийлар, далада жон бераётган минглаб теримчилар, ҳали она сути оғзидан кетмай туриб, этак кўтариб далада юрган болажонлар, терган пахтаси учун бир сўм ҳам пул олмаётган доимий ишчилар, теримчилар қочиб кетмасин дея атрофи 4 метрлик сим девор билан ўралган далалар, далага бормагани учун 20 йилга қамалган ҳашарчилар” ҳақида океан ортида туриб аниқ-равшан кўрган ҳолда “холисона” битилган материаллар дунё матбуотини “безаш”га давом этаверади.
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда