Хайрулло Бозоров: Кичик иссиқхоналардан йилига 50 миллион сўмгача даромад олиш мумкин

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Учқўрғон туманидаги “Деҳқонобод” маҳалласида барпо этилаётган кичик иссиқхоналар билан танишди. 
 
 
Вилоят ҳокими 4 май куни туманга борган чоғида ушбу ҳудудда бўлиб, бу ерда кичик иссиқхоналар қуриш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ташаббусини илгари сурганди. Орадан бир ой вақт ўтиб, ушбу ташаббус ҳаётга татбиқ этилди. 
11 гектар майдонда “Фаровон томорқа хизмати” ва “Агроинтенсив  томорқа” МЧЖлар  томонидан 71 та 4 сотихли ва 60 та 8 сотихли, жами 131 та кичик иссиқхона қурилиши бошланди. Ушбу иссиқхоналарда помидор, бодринг, қулупнай ва бошқа харидоргир мева-сабзавотлар экилиши режалаштирилган. Томорқа хизматлари томонидан тайёр кўчатлар етказиб берилади ва етиштирилган маҳсулотлар сотиб олинади. 
“Деҳқонобод” маҳалласида 700 дан ортиқ оила истиқомат қилади. Улардан 23 таси кам таъминланганлар тоифасига киритилган. Вилоят ҳокими ушбу оилаларга ҳам мазкур ҳудудда 2 сотихдан иссиқхоналар ажратиб беришни топширди. 
—Кичик иссиқхоналардан йил давомида 50 миллион сўмгача даромад олиш мумкин. Бу билан аҳоли бандлиги йўлга қўйилиб, кам таъминланган оилаларнинг дастурхонига ҳам барака киради, — деди Хайрулло Бозоров. 
Вилоят ҳокими “Каттачек” маҳалласида туман сув таъминот корхонасига қарашли ҳудудда ташкил этилаётган иссиқхоналар билан ҳам танишди. Бу ерда ҳозирнинг ўзида 3 минг туп помидор кўчати экилган. Шунингдек, ғишт ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 6 киши доимий иш билан таъминланди.

Биз Twitterда