БУЮК ДАВЛАТ – БУЮК ИНСОН

 
Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт!
Ислом Каримов
 
Халқимизнинг суюкли фарзанди, Ўзбекистондек буюк ва қудратли давлат асосчиси, бугунги гуллаб-яшнаётган юртимизнинг биринчи Президенти, чин маънода бутун ўзбек ёшларининг қалбидан чуқур ўрин эгаллаган инсон – Ислом Абдуғаниевич Каримов.
 
Ислом Каримов 1938 йил 30 январда Ўзбекистоннинг биринчи пойтахти бўлмиш Самарқанд шаҳрида хизматчи оиласида таваллуд топган. Миллати ўзбек. Болалиги уруш даврига, ёшлиги урушдан кейинги оғир вақтларга тўғри келди. Мактабни Самарқандда тугатди. Оддий мактаб, унча катта бўлмаган икки қаватли бино. Диққатга сазовор томони шундаки, мактабнинг қаршисида – йўлнинг у томонида, ўрта асрларнинг буюк меъморий ёдгорлиги, ўзбек миллий обидаларидан бири – Бибихоним масжиди жойлашган. Балки, шунинг учун давлатимизнинг биринчи раҳбари тарихий обидаларни, азалий қадриятларимизни асраб-авайлаш кераклигини ўша вақтда тушуниб етгандир. “Ўз тарихини билмайдиган, кечаги кунини унутган миллатнинг келажаги йўқ”,- дея халқига мурожаат қилган инсон бўлиб вояга етгандир. Мактабдан кейин Ўрта Осиё Политехника ва Тошкент Халқ хўжалиги институтларини тамомлаган. Унинг курсдошларининг айтишича, Ислом Каримов  меҳнатсевар, мулоҳазали талаба ва яхши ўртоқ бўлган. Бир сўз билан айтганда, бу ерда ҳам ғайритабиий ҳеч нарса йўқ. Талабалик йиллари унга енгил бўлмаган,ота-онасининг ёрдам беришга қурбилари етмасди. Шундай бўлса ҳам бу инсон изланишдан, илм олишдан чарчамади ва тўхтамади. Ислом Абдуғаниевич муҳандис-механик ва иқтисодчи мутахассисликларига эга эди. Иқтисод фанлари номзоди. Меҳнат фаолиятини 1960 йилда Тошкент қишлоқ қурилиш машинасозлиги заводида бошлаган. 1961 йилдан 1966 йилгача В.П.Чкалов номидаги Тошкент Авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, етакчи муҳандис-консултант бўлиб ишлади. 1966 йил Ўзбекистон ССР Давлат план комитетига ишга ўтиб, бош мутахассисликдан республика Давлат план комитети раисининг биринчи ўринбосаригача бўлган йўлни босиб ўтди. 1983 йил Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Молия министри, 1986 йилда Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Раисининг ўринбосари, республика Давлат план комитетининг раиси этиб тайинланди. 1986-1989 йиллар мобайнида Қашқадарё вилоят партия комитетининг биринчи котиби, 1989 йилнинг июнидан бошлаб Ўзбекистон Компартия Марказий Комитетининг биринчи котиби лавозимларида ишлади. 1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди. 1991 йил 31 август куни Ислом Каримов тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди. 1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. Ислом Абдуғаниевич Каримов оилали, икки нафар фарзанди, тўрт нафар набираси бор. Рафиқаси Татяна Акбаровна Каримова – мутахассислиги иқтисодчи, иқтисод фанлари номзоди. Ўзбекистон Фанлар Академияси иқтисодиёт институтида катта илмий ходим бўлиб ишлаган, айни пайтда пенсияда.
Тўқсонинчи йилларнинг бошига келиб бирорта ҳам шўро республикаси Ўзбекистондек оғир, фожеали аҳволда эмасди. Бу ерда кучли ижтимоий портлашлар етилиб келмоқда эди. “Ўзбек иши” тўғрисида эслаш кифоя. Пахта етиштириш ва уни сотиш билан боғлиқ коррупцияга қарши кампания шундай номланганди. Роса алам қиладигани шунда эдики, дунёдаги энг меҳнаткаш ва камсуқум ўзбек дехқони коррупциянинг жафосини тортган эмас, аксинча, ундан манфаат кўрганлар сифатида талқин қилина бошланди. Юрт қандайдир аждаҳонинг комига тушиб қолгандай эди. Аҳоли катта қисмининг шу йўсин оғир меҳнатда эзилиши ва чор-ночор турмуш кечириши халқнинг сабр косасини тўлдириб келмоқда эдики, у Фарғона ва Қўқондаги қонли тўқнашувларда ўзини намоён қилди. Шу аснода, шу йўсин ўзаро алоқадорлик орқасида республика раҳбарияти бир неча бор алмаштирилди. Раҳбарларнинг бу қадар қўнимсизлиги шусиз ҳам таранглашиб бораётган ижтимоий-сиёсий вазиятнинг чуқурлашувига олиб келди, гуруҳбозлик, маҳаллийчилик, уруғдошлик кайфиятларини кучайтирди. Натижада бу мамлакат мустақил давлат сифатида ўзини сақлай оладими, халқнинг аҳволи нима кечади деган фикрлар ҳам юзага чиқа бошлади. Яқин ва узоқ чет элдаги кузатувчилар воқеалар ривожининг кескинлашувини башорат қилишарди. Мана ўша пайтлардаги Москва нашрларидаги мақолаларнинг номлари: “Узиб қўйилган вагон”, “Ўзбекистон – эриб кетган самовар”, “Ўзбекистон – нонсиз ўлка”, “Қуёш ботиш олдидан”. Хайриятки, Россиядаги ва бошқа мамлакатлардаги журналист ва сиёсатчиларнинг Ўзбекистондаги сиёсий ҳаётнинг фожиавий ривож топиши тўғрисидаги тахминлари пуч бўлиб чиқди. Пуч бўлиб чиқишининг сабаби эса, ўша кезда давлат тепасига Ислом Каримов келганди. Суҳбатларнинг бирида Ислом Каримов шундай дейди: “Мен ҳеч қачон тўла маънодаги партия ходими бўлмаганман. Ҳатто ҳаётимда бундай туб бурилишнинг содир бўлишини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Бирданига вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби бўлиб қолдим. Иш бундай бўлган эди. 1986 йили Госпланнинг раислиги давримда ишларнинг аҳволини чуқур ўрганиб чиқиб билдимки, республика иқтисодий инқироз ёқасида турибди. Менинг шахсан иштирокимда “Ўзбекистон иқтисодий тараққиётининг истиқболлари ва муаммолари тўғрисида”ги ҳужжат тайёрланиб республика раҳбариятига топширилди. Жиддий суҳбатга тайёргарлик кўргандим. Аксинча дўқ-пўписа эшитдим. Ўша пайта бир нарсани сездимки, мендан ётсираш, ўзини олиб қочиш бошланди. Раҳбарият ҳам ўзини торта бошлади. Тошкентда қолишим бундай шароитда тўғри эмасди. Қисқа қилиб айтганда, менинг Қаршига, Қашқадарё вилоятига бадарға қилинишим тарихи шундай. Қашқадарё вилояти халқи мени қандайдир бефарқ қарши олишди. Эртаю кеч бошимдан бир фикр айланади: одамлар ишончини қозониш. Ва мен бахтлиманки, бу ниятимга эришдим. Мен уч йил мобайнида обком биносининг ўзидаги битта хонада яшадим. Кечасию кундузи жон жахдим билан ишладим. Нокамтарликка йўймангу, нималарнидир қилишга улгурдим. Пахта етиштириш 330 тоннадан 550 тоннага ошди, 300 км янги йўллар қурилди, бозорлар, чойхоналар ва бошқа маиший обектлар қурилди. Лекин энг муҳими, вилоятда бирор киши ҳам Ислом Каримовни нопок одам деёлмади. Аксинча, одамлар хозир ҳам мени ҳалол одам сифатида эслашаркан. Мен бундан фахрланаман.” деган эди мустақил Ўзбекистонимиз биринчи Президенти Ислом Каримов. Ислом Каримов мамлакат раҳбари сифатида ҳамма томондан яхши қабул қилинган эди: халққа ҳам, партноменклатурага ҳам, оппозицияга ҳам маъқул эди. Халққа маъқуллиги шуки у кўпдан бери ҳалол, ақлли, кучли давлат раҳбарини кутарди. Умуман ҳар қандай одам уч карра мунофиқ бўлса ҳам мамлакат тепасида ҳалол раҳбар туришини хохлайди. Албатта, у одамда бир мисқол бўлсада ватанпарварлик бўлса. Шу тарзда, шундай шарт-шароит ва ҳолатларда Ислом Каримов Ўзбекистон етакчилигига кўтарилди. Биринчи президентимизнинг ягона мақсади – ғалаба, яъни давлатчилик, иқтисодиёт ва маданиятнинг емирилишини тўхтатиб қолиш маъносидаги ғалаба эди. Ва ниҳоят, бу барча сиёсий кучларга мана шу олий мақсадлар, буюк ғалабалар йўлида бирлашишни таклиф этиш лозим эди. Ўзбекистон президенти шундай қилди ҳам. 1991 йил 1 сентябрда Ўзбекистон давлат мустақиллиги эълон қилинди. Бу даврга келиб Ислом Каримов мамалакатда унинг обрўсини беқиёс даражада ошириб юборадиган бир қатор катта сиёсий муваффақиятларга эришган эди. У ҳокимиятни мустаҳкамлаш, хуқуқни химоя қилиш органлари – милиция, давлат хавфсизлиги хизмати тизимини кучайтириш бўйича қатор қатъий қадамлар ташлади. Унинг шахсан иштироки билан республиканинг турли жойларида олов олаётган можаро ва тўқнашувларга барҳам берилди. Ислом Каримов жамият осойишталигини бузишга олиб келадиган ҳар қандай ҳаракатнинг, ижтимоий омилларнинг, кучларнинг пайини қирқиш бўйича жуда ҳам пишиқ-пухта бир текис иш кўрди. Қадрли президентимиз Ўзбекистонга раҳбар бўлган биринчи кунданоқ инқирознинг чуқурлиги ва кучини ҳамда ундан қутулишнинг ягона йўлини кўрди ва ҳис қилди. 1990 йилнинг март ойида у ўша пайтдаги иттифоқдош республикалар раҳбарлари орасида биринчи бўлиб Президентликка сайланди. Муҳтарам президенимиз Ислом Каримов шундай инсон эдиларки, ҳар қандай масалани фақат ва фақат тинчлик йўли билан ҳал қилишга ҳаракат қилар эдилар. Бу хусусият уларга Оллох томонида ином этилган туҳфа эди гўё. Мардлик, жасурлик хислатлари уларда яққол намоён бўлар эди. Ҳурматли Биринчи президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон инсоният цивилизациясида муносиб ўрин эгаллаб келгани ва келажакда ҳам шундай бўлажаги, нафақат минтақадаги, қолаверса бутун дунёда ҳам турли-туман маънавий ва сиёсий жараёнларга таъсир кўрсатажаги хақида фахр-ифтихор билан сўзларди. У ижтимоий онгнинг айнишига, меҳнатга, қариялар ва аёлларга ҳурматнинг орадан кўтарилишига, халқ ахлоқи ва умуман маънавиятнинг қадрсизланишига йўл қўймасликка интилади ва бор кучини шунга сарфлайди. Бу зот халқининг обрў-эътиборини бутун дунё хазинасидан ҳам юқори қўйган. Стратегик олдиндан кўра олиш истеъдоди, ҳаракат йўналишини ўзгартириш, янги тарафдорлар топиш, илгаригидан кўра бошқа концепцияларни шакллантириш, ижтимоий жараёнларни тезлигига таъсир ўтказиш қобилияти ҳам Ислом Каримовнинг кучли жиҳатларидан саналади.
Муҳтарам президентимиз Ислом Каримов эндигина республикамизга раҳбар этиб сайланган ва ишга киришган куннинг эртасигаёқ, яъни 24 июнь куни Ўзбекистон ССР Министрлар Советида катта мажлис ўтказди ва унда нутқ сўзлади. Бу нутқ моҳияти эътиборига кўра Ислом Каримовнинг Ўзбекистон раҳбари сифатидаги биринчи нутқи экани билан ҳам алоҳида тарихий аҳамиятга эгадир. Ушбу чиқишда Ислом Каримовнинг сиёсий етакчига хос барча фазилатлари яққол намоён бўлади. Ўзининг кескин танқидий ва амалий руҳи билан ажралиб турадиган мазкур нутқда республика раҳбари Ўзбекистонда вужудга келган ўта мураккаб ижтимоий-иқтисодий вазият ва унинг сабабларини чуқур таҳлил қилиб, аччиқ ва ҳаққоний бир хулосага келади. “Биз бундан буён эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди”,  деб янги лавозимга қандай улуғ мақсад ва маъсулият билан киришаётгани, ўз фаолиятида ислоҳотчилик, эл-юртнинг дард-у ташвишлари энг олий мезон бўлиб қолишини очиқ баён қилади. Янги раҳбарнинг мавжуд аҳволни ижобий томонга ўзгартириши, республикани чуқур инқироз ҳолатидан олиб чиқиш борасидаги азм-у қарори нақадар жиддий ва қатъий экани кўпчиликнинг ўртасида катта безовталик ва бесаранжомликка сабаб бўлади. 25 июнь куни эса Ислом Каримов жанжал-тўполонлар алангаси ичида қолиб кетган Фарғонага йўл олади. Ловиллаб ёнаётган уйлар, таҳлика ва саросимага тушган шаҳар ва қишлоқлар, қаҳр-ғазабга тўлган одамларнинг ичига дадил кириб боради. Улар билан чин дилдан, ҳеч нарсани яширмасдан очиқ гаплашади. Бу инсонларнинг шу вақтга қадар ҳеч ким эшитмаган оҳ-у нолаларини тинглаб, ўзининг юракдан чиққан самимий ва ҳаққоний сўзлари билан бамисоли уларнинг қалбидаги жароҳатларга малҳам қўйгандек бўлади, кўнгилларда сўнган умид учқунларини уйғотади. Тартиб-интизомни тиклаш, қон тўкилишининг олдини олиш бўйича бутун масъулиятни ўз зиммасига олиб, аниқ чора-тадбирлар кўради. У ҳаётнинг қайноқ нафасини бевосита ҳис қилиш, яхши-ёмон кунларда халқ билан бирга бўлиш, эл-юртнинг дард-у қувончига доим шерик бўлишни ўзининг ҳаётий маслаги, олий инсоний бурчи деб билади. Ислом Каримовнинг барча муаммолар ҳақида – улар қанчалик оғир ва нохуш бўлмасин – очиқ гапириши, ҳамиша ҳақиқатнинг кўзига тик қараши унга нисбатан халқимизнинг эътирофи ва эҳтиромини уйғотди. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, мамлакатимиздаги ҳуқуқий-демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида аввал-бошиданоқ асосий устувор йўналишга айланган масалалар – тинчлик ва барқарорликни сақлаш, миллатлараро ҳамжиҳатликни асраш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, иқтисодиётни тубдан ислоҳ этиш, миллий армияни шакллантириш, суд-ҳуқуқ тизимини янги асосда барпо этиш, инсон манфаати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий ҳаётни эркинлаштириш, аҳоли саломатлиги, илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва спорт жабҳаларига эътибор қаратиш, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш каби кўпдан кўп долзарб вазифалар мустақиллигимизнинг пойдевори қўйилаётган ўша даврда Юртбошимизнинг чиқишларида ҳар томонлама ўз ифодасини топа бошлаган эди. Президентимизнинг “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли” китобида иқтисодиётнинг сиёсатдан устуворлиги, давлат бош ислоҳотчи эканлиги, қонун устуворлиги, кучли ижтимоий сиёсат ва бозорга босқичма- босқич ўтиш қоидаларини ёритилади. Бу китоб чиққандан сўнг, чет эл оммавий ахборот воситалари жуда кўп фикрлар билдиришди. Президентимиз бунга жавобан “Янги уй қурмай туриб, эскисини бузманг” ақидаси билан “Комсомольская Правда” журналистининг саволларига жавоб бериб шундай деди: “Қон тўкилишига ва қарама-қаршиликка йўл қўймаслик, минтақада миллатлараро ва фуқаролар тотувлиги ва тинчлиги ва барқарорликни сақлаш учун мен жонимни фидо қилишга тайёрман”. Давлатимизнинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг “фақат ўз кучимиз, ўз салоҳиятимизга таяниб иш кўришимиз керак”, “ўзимиз ҳаракат қилмасак, четдан биров бизга ёрдам бермайди” деган, деярли ҳар бир оммавий чиқишнинг маъно-мазмунига сингиб кетган даъваткор сўзларни ўқир эканмиз, Яратган қайси элни тўғри йўлга бошламоқчи бўлса, аввало, унга донишманд, мард ва азм-у шижоатли инсонни йўлбошчи қилиб қўяди, деган ҳикматининг нақадар тўғри эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз. Бугун орадан йиллар ўтиб, кўп нарсалар ойдинлашганидан сўнг яна бир ҳақиқатни алоҳида эътироф этиш ҳар томонлама ўринли бўлади.
1990 йил 24 март куни ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг биринчи сессиясида иттифоқдош республикалар орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда республика Президенти лавозими жорий этилди. Ўлкамизда Президентлик институтининг жорий этилиши Юртбошимиз томонидан Ўзбекистоннинг давлат суверенитети ва мустақиллигига эришиш йўлида қўйилган нафақат тарихий қадам, балки чинакам сиёсий ва маънавий жасорат намунаси бўлганини изохлаб ўтмасдан иложи йўқ. Юртимиздаги мавжуд ҳолатни шунчаки номига эмас, аксинча, тубдан ўзгартириш, Ўзбекистонни нафақат иқтисодий, балки том маънодаги суверен ва мустақил, келажакдаги буюк давлатга айлантириш, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиб, дунё ҳамжамиятидан мустаҳкам ўрин эгаллаш, халқимиз учун дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт шароитлари яратишдек бугунги кунда реал воқеликка айланган улуғ мақсадларни бу мард ва жасур инсон ўша йиллардаёқ кўнгилга жо этиб, шу йўлда бутун борлиғи билан интилиб яшаган. Ислом Абдуғаниевич мустақил давлатимизнинг рамзлари: байроғимиз, гербимиз, мадҳиямиз, конституциямизни яратишда бевосита иштирок этдилар.
Биринчи президентимиз Ислом Каримовнинг раҳбарлик фаолиятига хос бўлган ғоят эътиборли ва ибратли яна бир фазилат борки, у ҳам бўлса, сўз ва иш бирлигидир. Агар яқин тарихимизга – ўтган асрнинг суронли 90- йилларига назар соладиган бўлсак, Биринчи президентимиз Ислом Каримовнинг ўша оғир йилларда кескин муаммолар гирдобида туриб, Ўзбекистоннинг келажагини аниқ тасаввур қилган холда илгари сурган ғоя ва дастурини унинг Ватанимизнинг ёруғ истиқболига қандай буюк ишонч билан қараганидан яққол далолат беради. Ўтган давр мобайнида Биринчи президентимиз Ислом Каримовнинг бевосита ташаббуси ва раҳбарлигида ишлаб чиқилиб, 1997  йили қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва унинг узвий, мантиқий давоми бўлган, 2004  йили қабул қилинган Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастурини амалга ошириш натижасида 1600 га яқин академик лицей ва касб-ҳунар коллежи, қарийб 10 мингта умумтаълим мактабининг, 200 га яқин болалар мусиқа ва санъат мактабининг янгитдан барпо этилгани ва реконструкция қилингани, 1200 тадан зиёд болалар спорт иншооти қуриб фойдаланишга топширилгани ва замонавий асосда жиҳозлангани, ҳеч шубҳасиз, юқорида тилга олинган сўз ва иш бирлигининг амалдаги ёрқин намойишидир десак, жудаям тўғри бўлади. Мен ўзим ҳам Намангандаги Муҳандислик-қурилиш институти қошидаги академик лицейда тахсил олганман. Лицейимизда ёшларни билим олишига, ўқиб-ўрганишига ҳамма шарт-шароитлар яратилган. Лицей қошида катта кутубхона фаолият олиб боради. Кутубхонада жуда кўп илмий, илмий-оммабоп, бадиий адабиётлар тўпланган. Лицей битирувчилари Россия, Корея ва бошқа чет мамлакатлари институтларида ўз ўқишларини давом эттирмоқдалар. Баркамол авлод ибораси ҳам президентимиз номи билан боғлиқ. Чунки шу инсон Ўзбекистонни ҳар бир фарзанди баркамол бўлиб вояга етиши учун шарт-шароитлар яратиб берди. Маънавияти юксак, ўз маданияти ва бошқа халқлар маданиятини ўрганиб, хурмат қиладиган, чет- тилларида бемалол сўзлаша оладиган ва ижод қила оладиган баркамол ёшларни кўриш биринчи президентимизнинг олий мақсадларидан бири эди. Албатта бунга жавобан биз ёшлар ҳам ҳаракат қилаяпмиз ва дунёга ўзбек номини энг юксак фазилатлари билан танитамиз. Ислом Абдуғаниевичнинг “Ўзбекистондаги барча болалар менинг ўғил-қизларим ва набираларим”,- деган сўзлари ҳар биримизнинг қалбимиздан чуқур жой эгаллаган. Бу инсон гўзал бир боғ яратиб кетди, бу боғнинг мевалари энг сархил мевалардир.
Муҳтарам биринчи президентимизнинг ҳар бир сўзида, ҳар бир чиқишида ўз халқининг тарихи ва маданиятига, ўз она заминига, миллий қадриятларига улкан муҳаббат туйғуси ёрқин сезилиб турарди. Бу инсоннинг ташаббуси билан унутилган, ташландиққа айланган аждодларимиз хоки ётган қанча жойлар обод этилди ва зиёратгоҳларга айлантирилди. Фарғонада Ал-Фарғоний хиёбони, Тошкентда Амир Темур хиёбони ва Темурийлар музейи, Самарқандда Ал-Бухорий мажмуаларининг барпо этилиши шулар жумласидандир. Ҳозирда Ал-Бухорий мажмуасини зиёрат қилиш учун дунёнинг турли томонларидан зиёратчилар тинимсиз ташриф буюрадилар. Дунёдаги бебаҳо бойлик бўлган тинчлик ва осойишталикни сақлаш, уни кўз қорачиғидек асраш масаласи мамлакатимиз биринчи раҳбари Ислом Абдуғаниевичнинг фаолиятида доимо энг муҳим, энг устувор йўналиш бўлиб келган. Ислом Каримовнинг вазиятга реал баҳо бериш, ностандарт қарорлар қабул қилиш борасидаги қобилияти, халқимизнинг азм-у шижоати, қатъий иродаси, бағрикенглиги, бунёдкорлик кучига бўлган чексиз ишончи унинг ҳар бир нутқ ва маърузасида аниқ-равшан сезилиб турарди. Халқимиз мустақилликка эришгунга қадар қанча-қанча синовларга дуч келган. Лекин шундай бўлса ҳам биринчи президентимиз бутун халққа мадад бўлиб, суянч бўлиб ҳеч ҳам таслим бўлмасликка ундаб келган. Мен ўша кунларни ўз кўзим билан кўрмаган бўлсам ҳам лекин жуда кўп эшитганман, ўқиганман ва ўзимда ҳис қилганман.
“Ватанимизнинг келажаги, халқимизнинг эртанги куни мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори, авваламбор фарзандларимизнинг униб-ўсиб, улғайиб қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб боришига боғлиқдир. Биз бундай ўткир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак”,- деган эди Ислом Абдуғаниевич. Президентимиз фаолиятининг биринчи куниданоқ биз ёшларга ва ёшлар тарбиясига бор эътиборини қаратди. Ёшларни дунё ёшлари қаторида билимли, салоҳиятли бўлиб улғайишини шу билан бирга миллий қадриятларимиз асосида тарбия олиши кераклигини уқтириб келганлар. Бу инсоннинг “Биз халқимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги, фарзандларимизнинг биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлиб яшаши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этаётган эканмиз, бу борада маънавий тарбия масаласи ҳеч шубҳасиз, беқиёс аҳамият касб этади”,- деган сўзлари биз ёшларнинг қалбимиздан чуқур ўрин эгаллаган. Бундан келиб чиқадики, биз ёшлар эътиборимизни билим олишга қаратишимиз керак, токи келажакда ҳар биримиз шу юрт учун, шу Ватан равнақи учун қайси соҳада ишламайлик ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. Ҳозирги техника асрида чет эллик тенгдошларимиз қаторида илм-фанда, адабиётда, санъатда, спортда ўз ўрнимизга эга бўлиш учун ҳаракат қилишимиз керак. Албатта шу кунгача жуда кўп соҳаларда айниқса, спорт ва санъат соҳаларида тенгдошларимиз давлатимиз номини улуғлаб мадҳиямиз янграши, байроғимизни ҳилпирашига эришишди. Бу мамлакатимизда ёшларга бўлган эътибордан далолатдир. Биринчи президентимиз қайси вилоятга боришларидан қатъий назар, биринчи навбатда ўқувчи-ёшлар билан учрашиб, уларни фикр-мулоҳазаларини тинглардилар, уларни қўллаб-қувватлардилар, шижоатли ва ғайратли бўлишга, билим олишга ундардилар. Ёшлар тарбиясида Ислом Абдуғаниевич маънавий тарбияга, халқнинг маънавиятига алоҳида эътибор қаратганлар. “Маънавиятга қаратилган ҳар қандай таҳдид ўз ўзидан мамлакат хавфсизлигини, унинг миллий манфаатларини, соғлом авлод келажагини таъминлаш йўлидаги жиддий хатарлардан бирига айланиши ва охир-оқибатда жамиятни инқирозга олиб келиши мумкин”,- деган эдилар. Шунинг учун ёшларни тарбияси доимо муҳим соҳа бўлиб келган ва бўлиб қолади.
Ислом Каримов суверен ва мустақил Ўзбекистонни барпо этиш, халқпарвар демократик ҳуқуқий давлат яратиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни таъминлаш ишига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда бу борада матонат ва жасорат кўрсатганлиги учун “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони, “Мустақиллик” ва “Амир Темур” орденлари билан тақдирланган. Ўзбекистон халқи истиқлол йилларида эришилган салмоқли ютуқларни ҳақли равишда Ислом Каримов номи ва фаолияти билан боғлайди.
Ислом Каримов мамлакатда амалга оширилган улкан ишлар, тарихий ўзгаришларнинг ташаббускори ва раҳнамосидир. Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси, мамлакат мустақил тараққиёти дастурини ишлаб чиққан ва миллий тараққиёт йўлини белгилаб берган атоқли давлат арбобидир. Демократик талаблар ва халқаро меъзонларга тўла жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий муаллифи ва уни ҳаётга татбиқ этган инсон. Марказий ҳокимият ва унинг жойлардаги бўғинларини ислоҳ қилиш, давлат, жамият ва инсон муносабатларини уйғунлаштиришга қаратилган янги сиёсий-ижтимоий тизим тамойилларини ишлаб чиқди ва амалга оширди. Халқнинг маънавий қадриятларига ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлиш, уларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, муқаддас динимизни, урф-одатларимизни, бебаҳо тарихий меросимизни ҳаётга қайтаришни давлат сиёсати даражасига кўтарди. Халқимизнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда илғор жаҳон тажрибаларини мужассамлаштирган иқтисодий ислоҳотларнинг янги моделини ишлаб чиқди. Бу ривожланиш йўли иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги, қонун устуворлиги, ўтиш даврида давлатнинг бошқарувчилик роли, ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш, кучли ижтимоий ҳимоя каби машҳур беш тамойилни ўз ичига олади ва у дунёда “Ўзбек модели” деб эътироф этилган. Ўзбекистон давлатининг ҳудудий яхлитлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини ҳимоя қилишга қодир Қуролли Кучлар, Чегара ва Ички қўшинларни замонавий ислоҳотлар асосида ташкил этишга бошчилик қилди.
Мен бугун шундай инсон бошчилик қилган юртда яшаётганимдан фахрланаман, ўз юртимнинг фахрли жиҳатлари билан ғурурланаман.
 
Фойдаланилган адабиётлар:
1. И. А. Каримов. “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида”. 2011 йил
2. Леонид Левитин, Доналд. С. Карлайл билан ҳамкорликда. “Ислом Каримов – Янги Ўзбекистон Президенти”. 1996 йил
3. И. А. Каримов. “Юксак маънавият – енгилмас куч”. 2008 йил
 
 
Муаллиф:
Абдураҳимова Шаҳноза Алишер қизи,
1997 йил 13 августда Наманган вилояти Чуст туманида туғилган.

Биз Twitterда