Бўҳтон тайёрлаш технологияси: калит сўзлар – Наманган, ўқитувчилар, пул йиғиш…

 
Яқинда “Озодлик” Ўзбек хизмати раҳбари Алишер Сиддиқ исмли шахснинг бизга “жуда яхши таниш” бўлиб бораётган “Америка овози” мухбири Навбаҳор Имомова билан суҳбати акс этган видеони кўргандим. Суҳбатда Ўзбекистонга оид ўз мақсадларини шу даража очиқ баён қилишяптики, сочингиз тикка бўлади эшитиб. “Озодлик” вакили мақсадини ифодалади, Биз Ўзбекистондаги матбуот биздақа материаллар берадиган бўлгунча фаолиятимизни давом эттирамиз қабилида. Мулоқотдан “Озодлик”нинг мақсади ичкаридан турли ишончли-ишончсиз салбий материалларни бериш, “Америка овози”ники бўлса ичкаридаги масалаларга аралашмасдан Ўзбекистонга АҚШнинг ғояларини тиқиштириш эканига гувоҳ бўласиз...
Энди буларнинг ёнида яна бир нечта шу “йўналиш”да фаолият олиб борувчи нашрлар борки, улар хабар қидириб ҳам ўтирмайди, “Озодлик” берган кичкинагина тўқима хабарни шишириб, катта мақолага айлантиради...
Не “бахт”ки, Наманган вилояти бу “холис матбуот”нинг эътиборида мудом. Ҳеч нима топилмай қолса, уч-тўрт йил олдин берган материалидаги қишлоқ номини, туман номини ўзгартириб, кун тартибида бўлган бирор воқеъликка боғлаб эълон қилишади. Баъзида менинг бундай бўҳтонларга қарши ёзганларимга муносабат билдирганлар, “ит ҳурар, карвон ўтар, индама” дейишади, лекин вовуллайверган қанжиқ итларнинг саси бошқаларнинг асабига тегмасин деб, тур йўқол, деб ҳайдаб туриш ҳам керакку...
28 май куни “Фергана” сайтида Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида “Обод қишлоқ” дастури бўйича олиб борилаётган тадбирлар давомида салбий ҳолатлар юзага келаётганлиги хусусида “Власти Наманганской области решили построить дома за счет учителей” номли мақола эълон қилинибди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Обод қишлоқ” Дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-табдирлар тўғрисида”ги жорий йил 29 мартдаги ПҚ-3630 сонли қарори бўйича Тўрақўрғон тумани ҳудудидаги Оқтош маҳалласида ҳам ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
“Фергана” сайтидаги мақолада эса, “Озодлик”нинг бир неча кун аввал эълон қилган “Ўқитувчиларга “Обод қишлоқ” дастурини молиялаш учун ўлпон солинди” деб номланган қуруқ бўҳтондан иборат материали манба сифатида олинган. Эмишки, “Тўрақўрғон тумани ҳокимининг буйруғига асосан мактаб ўқитувчилари ойлик иш хақидан “Обод қишлоқ” дастурини бажарилишига мажбурий равишда пул маблағлари ўтказилаётганмиш, маблағ ўтказишдан бўйин товлаган ходимларни қўрқитиш ва ишдан бўшатиш жараёни кетаётганмиш...
Энг қизиғи, Ҳурмат Бобожон исмли “Озодлик” мухбири, туман халқ таълими бўлими раҳбари муовини Абдурасул Бойматов у билан суҳбатда “Обод қишлоқ” дастури учун пул туман ҳокимининг фармойишига кўра, нафақат мактаб ўқитувчилари, балки бошқа бюджет ташкилотлари ходимларидан йиғилаётганини тасдиқлаганини ёзибди.
Тўрақўрғон Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири ўринбосари Абдурасул АБДУЛЛАЕВ (Бойматов эмас экан гаплашганлари, “Озодлик” ҳеч бўлмаса бировнинг номидан ёлғон иқтибос тўқиганда, исми шарифини текшириб олишини маслаҳат берамиз) биз билан суҳбатда масалага ойдинлик киритди. Киритганда ҳам шунақа ОЙДИНЛИК киритдики, “Озодлик”нинг бухгалтерияси Ҳурмат Бобожондан материал учун тўланган гонорарни балки қайтиб олар (балки қайтиб олмас, чунки “Озодлик”нинг асосий нашр сиёсати бўҳтон тўқишдан иборатлигини унутмаслик керак...)
Хуллас, ҳақиқатдан ҳам 25 май куни Абдурасул Абдуллаевга “Озодлик” радиоси мухбири Ҳурмат Бобожон қўнғироқ қилиб, туман ҳокимининг тазйиқи остида таълим муассасаси ўқитувчиларининг бир кунлик иш хақи “Обод қишлоқ” дастури доирасидаги сарф-харажатларга йўналтирилганлиги тўғрисида саволлар берган.
Бўлим бошлиғи ўринбосари, суҳбат давомида пул йиғиш ҳолати мавжуд эмаслиги ва ўқитувчиларнинг бир кунлик иш хақларини дастур доирасидаги сарф-харажатларга йўналтирилганлик ҳолати мавжуд эмаслигини айтиб ўтганлигига қарамай, Ҳурмат Бобожон унинг номидан ўз бўҳтонларини эълон қилган. Келдик кульминацияга: Абдурасул Абдуллаевнинг қўлидаги замонавий маркали телефонда ҳам барча қўнғироқларни ёзиб олиш функцияси фаол бўлганини Ҳурмат Бобожон ўйлаб кўрмаган. Мана Сизга тўла суҳбатнинг ёзуви. Очиқ айтиляпти, ўқитувчилар тўлансин деган жойи йўқ, деб.
 

 
Нима ҳам дердик, қишлоқларимиз обод бўлаверсин, бундай қишлоқларда яшаш бахтидан маҳрум бўлиб, хориж эллардаги обод шаҳарларда бировларнинг совуқ қўйнидан бошпана топганларга ҳам Худо ўзи Рамазон кунларида инсоф берсин!
Дилмурод Жумабоев
 
ҚУЙИДА Тўрақўрғон тумани ҳудудидаги Оқтош маҳалласида “Обод қишлоқ” Дастурини амалга ошириш бўйича қилинаётган ишлар ҳақидаги Ўзбекистон 24 телеканали лавҳасини томоша қилинг:
 

Биз Twitterда