Божхонада 16,5 миллиардлик товар-моддий бойликлар мусодара қилинди

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириб, тадбиркорлар учун янги имкониятлар эшигини очди. 
 

Аммо айрим «тадбиркор»лар берилаётган имконият ва яратилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиш ўрнига амалдаги қонунларни четлаб ўтишга уринмоқда. Мўмай даромад орттириш мақсадида божхона чегаралари орқали олиб ўтилаётган товар-моддий бойликларнинг маълумотларини нотўғри кўрсатиб, соғлом рақобат муҳитига путур етказиш каби ҳолатлар ҳамон учраб турибди. 
Давлат божхона қўмитаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ташкил этилаётган тезкор тадбирлар мамлакатимиз божхона чегаралари орқали товар-моддий бойликлар ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олишга хизмат қилмоқда. 
2017 йилнинг биринчи чораги давомида божхона ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда 3 минг 200 дан ортиқ божхона қоидабузарлиги аниқланиб, қиймати 16,5 миллиард сўмдан ортиқ бўлган товар-моддий бойликлар далилий ашё сифатида олиб қўйилди. 
“Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида Хитойдан хусусий тадбиркор К.Зойиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) номига келтирилган канцелярия товарларини божхона кўригидан ўтказиш давомида йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган 39 турдаги салкам 850 минг дона канцелярия товарлари борлиги аниқланди. Дастлабки маълумотларга асосан қиймати 300 миллион сўмдан ортиқ бўлган мазкур канцелярия товарлари далилий ашё сифатида вақтинча олиб қўйилди. 
Мазкур бўлим ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Олмазор туманида олиб борилган тезкор тадбир натижасида фуқаро Ф.Жалоловнинг хонадони амалдаги тартибларга мувофиқ кўздан кечирилганида хорижда ишлаб чиқарилган салкам 70 минг дона ҳар хил турдаги қиймати 320 миллион сўмлик телефон аксессуарлари ҳеч қандай ҳужжатларсиз сақланаётганлиги маълум бўлди. 
Ҳозир мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда. 

Биз Twitterда