Бош вазир Сўх аҳлига Президентнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромини етказиб, янги ҳоким тайинлади

Бугун халқ депутатлари Сўх тумани кенгаши сессияси бўлиб ўтди.  Унда бош вазир Абдулла Арипов ҳам иштирок этди.
 
 
Сессияда 2019 йилдан буён Сўх тумани ички ишлар бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган Сайидбаҳром Сайидмусаев Сўх тумани ҳокими этиб тайинланди.
У 1970 йилда Қўштепа туманида туғилган. Фарғона давлат университети, ИИВ академиясини тамомлаган. Қува, Бешариқ туман ҳамда Қўқон шаҳар ИИБ бошлиғи ҳамда вилоят ИИБ жиноят қидирув бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаган.
Бош вазирнинг айтишича, бир неча кун олдин чегара ҳудудидаги бўлган нохуш ҳолат кўп нарсаларни қайтадан кўриб, қайтадан қарашга ҳаммамизни мажбур қилди.
 
 
“Бевосита Президентимизнинг топшириқлари билан мен бошчилигимда вазиятни ўрганиш учун мутасадди идоралар раҳбарлари етиб келишди. Биринчи навбатда вилоят раҳбари Шуҳрат Ғаниев ва бошқа раҳбарлар етиб келиб вазиятни чуқурлашишига йўл қўймаган.
 
 
Олдимизда энг катта масъулият турибди – бу Сўх туманидаги муаммоларни ҳал этиш ва туманни обод қилиш. Бунинг учун давлатимиз томонидан барча имкониятлар ва шароитлар яратиб берилади”, деди у.

Биз Twitterда