Бандлик муаммосини ҳал этиш ечими: Ишсизларга янги ташкил этиладиган марказларда касб-ҳунар ўргатилади ва стипендия тўланади

Ўзбекистон ҳукумати республика ҳудудларида ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорини эълон қилди. Ушбу қарорга кўра, 2017-2020 йиллар давомида ишсиз фуқароларни профессионал қайта тайёрлаш ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ташкил этилади.
 
 
Вазирлар Маҳкамаси қарори ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга қайта тайёрлашни самарали ташкил этиш ҳамда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган янги касб-ҳунар ва мутахассисликларга эга бўлиш учун уларга тегишли шарт-шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинган.
Янги ўқув марказлари давлат таълим муассасалари ҳисобланиб, улар Меҳнат вазирлигига бўйсунади. Ишсиз фуқароларга 6 ой мобайнида энг кам иш ҳақи миқдорида стипендия тайинланади. Янги ўқув марказларда кўпи билан 1 йил давомида таълим олиш мумкин, энг узоқ стипендия олиб ўқиш даври — 6 ой.
Бу марказларда ташкилот ва муассасалар буюртмаларига қараб, пуллик, қисқа муддатли ўқув — тайёрлов курслари ҳам ташкил қилиниши назарда тутилган.
Қарорда айтилишича, республика бўйлаб 11та шундай марказ ташкил этилади. Марказлар Нукус, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Гулистон, Термиз, Қўқон, Тўйтепа ва Урганч шаҳарларида жойлашади. Марказларнинг ҳар бирида 240 нафардан ўқувчи учун ўрин бўлади.
Марказларни молиялаштириш манбалари - Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, донор мамлакатлар грантлари, халқаро молия ташкилотларининг имтиёзли кредитлари ҳамда Корея Республикаси ҳукумати гранти (Қўқон ва Урганч шаҳарларида) ҳисобланади.
Шунингдек, Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги Ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг тузилмалари Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорлари билан тасдиқланган. 
Қарорнинг тўлиқ матни билан lex.uz саҳифасида танишиш мумкин.

Биз Twitterда