Ҳаж сафарига бориш тартиби қандай? Бу борада кимга ва қай тарзда мурожаат қилиш лозим?

Мамлакатимизда муқаддас ҳаж зиёратини эмин-эркин амалга ошириш учун барча шарт-шароитлар яратиб берилаётгани исломнинг ушбу арконини бажариш истагидаги фуқароларни кўпайишига замин яратмоқда. Зиёратга боришнинг тартиби, бу борада кимга ва қай тарзда мурожаат қилиш бўйича аниқ маълумотларга ҳақида тўла тушунча шаклланиб улгурган эмас. Шу боис қуйида бу ҳақда батафсил тўхталишга қарор қилдик.
 
 
-Ҳаж ва Умра сафарларига бормоқчи бўлган фуқароларнинг ҳужжатларини қабул қилиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
Ҳажга бормоқчи бўлган одам доимий яшаш жойидаги фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органига ариза ҳамда паспортининг нусхасини тақдим этади.
Аризалар йил давомида маҳалла фуқаролар йиғини томонидан қабул қилиниб, навбатга қўйиб борилади. Аризачига рўйхатга олингани қайд этилган маълумотнома тақдим қилинади. Навбати келган фуқаролар ташкилий гуруҳ томонидан чақиртирилади ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилади. Муайян сабабларга кўра, фуқарода зиёратга бориш имкони бўлмаса, у янги ариза билан навбатини кейинги йилга суриши мумкин. Шу одам иккинчи йил ҳам зиёратга бориш имконини топа олмаса, унинг навбати бекор қилинади. Унинг ўрнига кейинги навбатда турган фуқаро зиёратга боради.
Навбати бекор қилинган фуқаро белгиланган тартибда қайта рўйхатдан ўтади. Навбатни  ўзаро алмаштириш ёки рўйхатда турмаганларга бериш мумкин эмас. Зиёратчилар ташкилий гуруҳга тиббий маълумотнома ва рангли фотосуратлар топширадилар.
Маҳалла фуқаролар йиғини Ҳаж сафарига бормаган ҳамда ёши 40 дан ошган фуқароларнинг рўйхатга туришини тавсия қилади.
Тегишли муддатда Ҳаж ва Умра зиёратларига борувчи фуқаролар рўйхатини шакллантириш бўйича қуйидаги қўшимча шартлар бор:
-Ҳаж ёки Умра сафарига имкон қадар қўпроқ фуқароларимизнинг боришини таъминлаш мақсадида Ҳажга бормоқчи бўлган фуқаро сўнгги беш йил мобайнида ҳажга, умра зиёратига бормоқчи бўлган фуқаро эса охирги икки йил мобайнида Умра ёки Ҳажга бормаган бўлиши шарт;
-Ислом динимиз талабларига кўра, Ҳаж ва Умра зиёратига бормоқчи бўлган фуқаролар вояга етган бўлиши, 45 ёшгача бўлган аёллар учун маҳрамларидан (эри, отаси, ўғли, акаси,укаси ва ҳоказолардан) бирининг ҳам бирга бориши ҳамда маҳрам эканини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси тақдим этилиши лозим.
Зиёратчиларнинг сафар билан боғлиқ тўловлари, чет элга чиқиш ҳамда Саудия Арабистонига кириш визасини расмийлаштириш, тиббий кўрик ҳамда сафаролди машғулотларини ўтказиш ишлари Ҳаж ва Умра тадбирларларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши томонидан амалга оширилади.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда кўплаб ёши улуғ фуқароларимиздан кексайиб қолгани, беморлиги ёки ногиронлигини эътиборга олиб, навбатдан ташқари Ҳаж ёки Умра сафарига жўнатишни сўраб мурожаатлар келиб тушмоқда.
Ногиронлар, меҳнат ва уруш фахрийлари, Ватанимизни ҳимоя қилишда фидокорона хизмат кўрсатган фуқароларга ҳукуматимиз томонидан имтиёзлар берилади. Аммо Ҳаж ва Умра зиёратлари соф диний амал бўлгани ҳамда ҳозирги кунда навбатда турганларнинг аксариятини ёши улуғлар ташкил этаётганини эътиборга олиб, навбатдан ташқари сафарга юбориш назарда тутилмайди. Бу масала истисно тариқасида, маҳалла фуқаролар йиғинидаги Ҳаж ҳайъати йиғилишида барча навбатда турган фуқаролар иштирокида муҳокама қилиниб, кимдир бош-қа одамни, унинг ёшини, эл-юрт манфаати йўлидаги хизматларини инобатга олиб, ўзининг ўрнига тавсия этса, бу иш маҳалла, туман, вилоят ҳокимликлари томонидан тасдиқланган тақдирда ижобий ҳал этилиши мумкин.
Хуршид СОДИҚОВ,
 ҳуқуқшунос

Биз Twitterда