Ҳаж 2017: Ўзбекистон ҳожиларига қандай шароитлар яратиб берилди?

Article
Ўзбекистонлик ҳожилар ҳаж зиёрати, ҳаж ибодатини янада чиройли адо этишлари учун йилдан йилга такомиллашган ва яхшиланган хизмат кўрсатишга қаратилган барча чора-тадбирлар амалга ошириляпти. 
Жорий йил Саудия Арабистонининг Ҳаж ва умра ишлари вазири доктор Солиҳ Бинтнинг таклифига асосан Ўзбекистон ҳаж делегацияси 18 январдан 25 январгача Саудия Арабистонида бўлиб, саудиялик вазир билан учрашди. Кейинги учрашувлар Ҳаж вазирлигининг Макка, Жидда ва Мадинаи мунавварадаги мутасаддилари билан бўлиб ўтди. Ушбу учрашувларда қатор ҳужжат ва битимлар имзоланди. Бу ҳақда kun.uz  хабар беради.
“Бу битимлардан келиб чиқиб шуни таъкидлаш мумкинки, келаётган ҳаж мавсуми олдинги йилларга нисбатан янада чиройлироқ, янада сифат даражасига эга бўлади. Ўтган йили ўзбекистонлик ҳожилар Маккаи мукаррамадаги Абороди Ҳидоий меҳмонхонасида тўхташган эди. Бу йил ҳам шу меҳмонхона танланяпти. Ушбу меҳмонхона ўтган йили қуриб, фойдаланишга топширилган бўлиб, унда ўзбекистонлик ҳожилар биринчилардан бўлиб тўхташган эди. 2017 йилнинг 2 март куни ҳожиларимиз яна ушбу меҳмонхонага бориб тушишади. Ўтган йили ҳожиларимизнинг адади (квота) 5200 нафар бўлган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 7200 кишига кўпайтирилди”, деб маълум қилган Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот котиби Жалолиддин Нуриддинов.
Ушбу ҳолатдан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва бошқа мутасадди ташкилотлар зарур бўлган барча шароитларни амалга оширмоқда. Ўзбекистонлик ҳожилар ўз зиёратларини тўлақонли бажаришлари учун, Маккадан Мадинага, Маккадан Мино ва Муздалифага ҳамда Маккадан Жиддага қайтиш учун энг замонавий транспорт воситалари тайёрлаб қўйилди.
“Яна шуни айтиб ўтиш керак-ки, Ҳаж вазири доктор Солиҳ Бинти, Туркия ва Шарқий Европа ҳожиларига хизмат кўрсатувчи муассаса раҳбари Ториҳ Анторий, Транспорт уюшмаси раҳбари генерал Аҳмад Синбао ва Мадинадаги масъуллар Ўзбекистон ҳаж делегациясига, Ўзбекистон ҳожиларининг ишчи гуруҳига ўзларининг катта миннатдорчиликларини изҳор қилишди”, дейди Жалолиддин Нуриддинов.
 

Биз Twitterда