Аждодлар хотираси – муқаддас қадрият

 
Аждодлар хотирасини ёд этиш, юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларга чуқур ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш элимизга хос азалий қадриятлардандир. Бу борада айниқса, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар мамлакатимизда инсон шаъни, қадр-қиммати нечоғлик юксак қадрланаётганидан, ёши улуғ инсонларни эъзозлаш эса маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётганидан ёрқин далолат.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти Кенгаши томонидан Президентимизнинг “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда айни кунларда Наманган вилояти ҳудудлари бўйлаб “Аждодлар хотираси – муқаддас қадрият” акцияси ташкил этилмоқда.
Хусусан, ЎзМТДП Наманган шаҳар партия ташкилоти фаоллари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларининг хонадонларига ташриф буюрдилар. “Заркент” маҳалласида истиқомат қилувчи 93 ёшли Низомхон ота Сатторовнинг хонадонларида бўлган “уч авлод” вакиллари учрашуви завқли ва мароқли ўтди.
Немис фашист босқинчиларига қарши даҳшатли урушда мардонавор курашган табаррук отахон партиянинг “Ёшлар қаноти” фаолларига қирғинбарот йиллардаги бошидан кечиган ўта қийин дамларни хотирлаб, тинчлик-осойишталик, мустақиллик нақадар улуғ ва буюк неъмат эканини, бугунги осуда ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, ҳар бир фуқаро ўз Ватанини чин юракдан севиши лозимлигини таъкидладилар.
“Гулпопа” маҳалласида фарзанду набира-эваралари даврасида кексалик гаштини сураётган 95 ёшли Қмбарали ота Муродов ҳам акция иштирокчиларининг ташрифидан хурсанд бўлдилар. Тинчлик нақадар тотли сўз, дея англовчи бу азиз нуроний ёш ўғил-қизларни дуо қилиб, давлатимиз яратиб бераётган қулай шарт-шароит ва беқиёс имкониятлардан оқилона фойдаланишга, халқимиз корига ярайдиган муносиб фарзандлар бўлишга чақирдилар.
ЎзМТДП Наманган шаҳар Кенгаши раиси Шамсиддин Қаюмов ҳамда халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутатлари вакиллари уруш ва меҳнат фахрийларига партиянинг ташаккурномаси ва эсдалик совғаларини топширишди.
Албатта бундай унутилмас учрашувлар улуғ аждодларимизга ҳурмат бажо келтириш, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик, хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эгадир.
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси
Наманган вилояти Кенгаши матбуот котиби.

Биз Twitterда