Аёлларни ардоқлаган Наманган!

Ўзгаришлар, янгиланишлар, юксалишлар даври бугунги хотин-қизлар зиммасига жуда улкан вазифаларни амалга ошириш масъулиятини юкламоқда. У ўзининг буюк ОНАлик мақомидан ташқари ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида фаол, тўғрироғи, ўта фаол бўлишга интилмоқда. Ўз навбатида шахсан Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан  алоҳида эътибор кўрсатилаётгани ва эъзозланаётгани АЁЛга куч-қувват, ирода ва жасорат бахш этаётир. Наманган шаҳридаги «Шодиёна» тантаналар мажмуасида 8 Март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан ўтказилган тўкин дастурхон атрофидаги тадбирнинг бошидан охиригача «Аёлга бахт тутган Ўзбекистон бу!» мисраларининг мазмун-моҳияти мазкур айёмнинг бош ғоясига айланди.
 
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров тадбирда иштирок этиб, барчани бахт ва баҳор байрами билан қизғин қутлар экан, хотин-қизлар вилоятнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маънавий жабҳаларида тутган ўрни ҳақида илиқ фикрларини изҳор этди. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Акмалхон Ортиқов эса Наманган аёлларининг ҳар соҳада эришаётган ютуқлари, жонажон Ўзбекистонимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, тараққиётига қўшаётган улуши ҳақида батафсил тўхталди.
Шундан сўнг фаол хотин-қизлар вакилларига вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиқлари топширилди. Зулфия номидаги Давлат мукофотининг бу йилги совриндори, Чуст спорт коллежи ўқувчиси Севинч Муҳаммаджонова ўз тимсолида давлатимизнинг ёшларни қўллаб-қувватлашга доир ғамхўрликлари учун миннатдорчилик билдирди.
 
 
Тадбир давомида таниқли санъаткорлар – Ўзбекистон халқ артисти Зулайҳо Бойхонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Илҳом Фармонов, хушовоз эстрада хонандаси Умида Мирҳамидова ва вилоят ижрочиларининг куй-қўшиқлари иштирокчилар кайфиятини кўтарди.
Анвар Икромов

Биз Twitterда