Аҳолини камбағаллик тоифасидан чиқариш энг муҳим вазифалардан бири

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Янгиқўрғон туманидаги “Олмазор” маҳалласида бўлиб, кам таъминланган оилалар холидан хабар олди.  Маҳаллада жами 586 та оила бўлиб, улардан 20 таси эҳтиёжманд хонадонлар қаторига киритилган. 
 
 
Жумладан, ушбу маҳаллада яшовчи Ойгул Маҳмудова 4 нафар фарзандни ёлғиз ўзи тарбияламоқда. Турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг оила вакиллари анчайин қийинчиликни бошдан кечирган. 25 сотих ҳовлида экин-тикин қилинмаганлигини уй бекаси қўли калталик қилаётгани билан изоҳлади. Ҳолат билан танишган вилоят раҳбари ушбу оилага томорқада деҳқончилик қилишлари учун ерни трактор ёрдамида тайёрлаб, картошка экишда кўмаклашиш бўйича топшириқ берди.
Шоира Отахонованинг ҳовлиси 10 сотихдан иборат. Турмуш ўртоғи мавсумий ишлар билан банд, икки нафар фарзандлари бор. Гарчи хонадонда паррандачилик, чорва билан шуғулланишга имкон бўлса ҳам, бунга ҳатто уриниб ҳам кўрилмаган. Вилоят ҳокими ушбу оилада боқилаётган товуқлар сонини кўпайтириш, мол учун кредит олинишида кўмаклашишни тавсия қилди. 
—Сигири бор одам камбағал бўлмайди. 5-10 литр сут берса, уйда болалар истеъмол қилади, ортганини қатиқ-қаймоқ қилиб сотиш мумкин. Паррандачилик ҳам кони фойда, ҳеч йўқ уйдан тухум аримайди. “Қимирлаган қир ошар” деб бекорга айтилмаган, ҳаракатдан тўхтаб қолмаслик керак, — деди Хайрулло Бозоров. 
Вилоят ҳокими туман мутасаддиларига жойларда камбағаллар тоифасига кирган оилалар сонини камайтириш, бунинг учун уйма-уй юриб, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф этиш йўлларини топиш энг муҳим вазифалардан бири эканлигини эслатди.

Биз Twitterда