Аҳоли дардига ечим топмаган депутат – депутатми!? Попга келган ЎзМТДП Олий Мажлис депутати, қатор муаммоларни бир кунда ҳал қилди!

 
ПОП / VodiyMedia / – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида буюк аллома Нажмиддин Кубронинг “Муваффақиятни – саъй-ҳаракатда, муваффақиятсизликни эса – лоқайдлик ва дангасаликда кўрдим” деб айтган такрорланмас фикрини келтириб ўтди. Бугун мамлакатимизда барча жабҳаларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар замирида ҳам мамлакатимиз раҳбари бошчилигида давлат хизматчилари – раҳбарлар, давлат ва ташкилот вакиллари, депутатларнинг саъй-ҳаракатлари натижаси ётади.
Дарҳақиқат, айни дамда барча даражадаги раҳбарлар, давлат вакиллари ҳамда депутатлар фаолиятининг асосий мезони – аҳоли билан ўзаро мулоқот қилиш ва уларнинг йиллар давомида қийнаб келаётган дарду аламига қулоқ тутиш баробарида муаммоларнинг амалий ечимини топишдан иборат бўлмоқда.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис палатасидаги фракция аъзоси Нодиржон Мухторов томонидан 2019 йил 28-31 январь кунлари Поп тумани сайлов округларида ўтказилган учрашувларидан кўзланган асосий мақсад Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш ва унда белгиланган вазифаларнинг аҳамиятини кенг ва чуқур тушунтириш баробарида ўз сайловчиларининг муаммоларини тинглаш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш, яшаш ва фаолиятга салбий таъсир кўрсатаётган қийинчиликлар ечимини топишдан иборат бўлди.
Сайлов округи ҳудудида жойлашган маҳалла, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналари, ташкилот ҳамда идоралардаги ҳолатни ўрганган Нодиржон Мухторов Поп тумани 47-сонли умумий ўрта таълим мактабида “Қўштепа” МФЙ аҳолиси билан учрашди.
100 нафарга яқин аҳоли мурожаатлари тингланди. Ҳудудий халқ вакиллари томонидан ичимлик суви муаммоси, электр токи учун тортилган симларни янгилаш, бандликка кўмаклашиш, аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришдаги муаммоларни бартараф этишда ёрдам сўраб қилган мурожаатлари қабул қилинди. Шунингдек, мазкур ҳудудда истиқомат қилувчи Ўлмасой Абдухолиқованинг 13 йилдан буён шаърий никоҳ асосида турмуш ўртоғи билан яшаб келаётгани ва 3 нафар фарзанди борлигини хисобга олиб ФҲДЁ бўлимидан никоҳни қайд этиш гувоҳномасини олиш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишда ёрдам сўраб қилган мурожаати шу жойнинг ўзида тумандаги мутасадди ташкилот вакили зиммасига юклатилди ва мазкур мурожаат ўзининг ижобий ечимини топди.
 
 
 Поп шаҳридаги Аҳоли дам олиш ва маданият маркази биносида 400 га яқин халқ вакиллари билан учрашган Нодиржон Мухторов томонидан уй-жой қуришга, оилавий келишмовчиликни олдини олишга, ҳудуддаги қабристоннинг деворлари нураб кетаётгани ва буни олдини олиш учун девор яқинидан ўтган ариққа лоток ўрнатиш лозимлиги, моддий ёрдам ажратиш, боласи учун нафақа пули олишда дуч келинаётгани каби муаммолар тингланди. Учрашувга ташриф буюрган Шомозор МФЙ ҳудудида яшовчи Алижон Эшматов томонидан туманга ташриф буюрган Республика ишчи гуруҳидан иссиқхона қуриш учун ер майдони сўралганлиги ва туман хокимлиги ер майдони ажратилди деб маълумот берганлиги, аммо ҳозирги кунгача иссиқхона учун ер майдони ажратилмаганидан норози эканлиги баён қилинди. Мазкур мурожаат асосида тумандаги мутассадди рахбар томонидан тушунтириш ишлари олиб борилди ва тадбиркорга фаолият учун ер майдонига эга бўлишга кўмаклашилди.
Шунингдек, жазони ижро этиш муассасасидан озод этилганлигига 8 ой бўлган бўлсада ҳанузгача ишсиз ва уйсиз яшаб келаётган (ҳозирда синглисининг уйида яшамоқда) фуқаро Озодбек Ахмедовнинг иш сўраб ва уй-жой билан таъминлашга амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати шу ернинг ўзида қониқтирилди. Фуқаро Озодбек Ахмедов тумандаги “Азиз Аъзамжон Қурилиш Савдо Сервис” хусусий корхонасига ишчи сифатида қабул қилинди ва шу куниёқ иш бошлади.
 – Ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш баробарида мактабимизга ташриф буюриб, ўқувчилар билан жонли мулоқот ўтказган депутатимиз Нодиржон Мухторов фаолиятига тахсинлар айтамиз – дейди, тумандаги 9-умумий ўрта таълим мактаби директори Ҳамдамжон Парпиев. – Ўқувчиларимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати билан юзма-юз суҳбатлашди, чет тилларида мулоқотлар олиб бордилар, математик амаллар бажардилар. Суҳбат жараёнида Ватан тараннуми акс этган шеърлар ўқилди, қўшиқлар куйланди. Билимнинг сирли чўққиларини забт этган юртнинг эртаси, ишончи бўлган ёшларга юксак эътирофлар айтилди. Фан олимпиадаларида иштирок этиб вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритган билимдон ўқувчиларга ўз тавсияларини бердилар. Ўқувчиларимиз қалбида бу муҳим учрашув абадий сақланиб қолиши аниқ.
 
 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодиржон Мухторов тумандаги 37-умумий ўрта таълим ҳам ташриф буюрди. Мактаб педагогик жамоаси билан “Мурожаатнома – мамлакатимиз тараққиётининг дастуруламали” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Йиғилишда Мурожаатнома мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифалар аҳамияти кенг ва чуқур тушунтирилди.
Дилноза Азизова,
ЎзМТДП Наманган вилояти Кенгаши матбуот котиби

Биз Twitterда