Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Новосибирскка ташриф буюрди

 
Ўзбекистон ва Россия Федерацияси вилоятлари ўртасида тўғридан тўғри иқтисодий-ижтимоий алоқаларни ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг қамровли жараён доирасида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги вилоят туманлари ҳокимлари, тадбиркорлар, саноат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар раҳбарларидан иборат ишчи делегация Новосибирскка ташриф буюрди. Бу ҳақда Россия ОАВ хабар берди.
Новосибирск вилояти ҳукумати раиси ўринбосари Владимир Знатков билан учрашув бу сафарнинг илк кунига тўғри келди.
Новосибирск вилояти билан Ўзбекистон ўртасида иқтисодий, маданий ва савдо алоқалари кенг йўлга қўйилганини таъкидлаган Знатков, бу ҳолат келгуси ҳамкорнинг янада ривож топишига асос бўлишига эътибор қаратди. “Хусусан, Андижон вилояти билан саноат, тиббиёт ва таълим соҳасида кенг ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Келгусида савдо-иқтисодий муносабатларни янада кенгайтириш учун мавжуд бўлган йирик салоҳиятдан тўла фойдаланамиз” деб баён қилди ҳукумат раиси ўринбосари.
Икки вилоят ўртасида маданий-маърифий соҳаларда, туризмда, таълим ва тиббиётда ўзаро ҳамкорликнинг янада ривожлантиришнинг аҳамиятини таъкидлаган Шуҳратбек Абдураҳмонов, ташрифнинг яна бир асосий мақсади иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, Андижондан Новосибирскка сифатли мева ва сабзавот таъминотини янада кенгроқ йўлга қўйиш, вилоят саноат маҳсулотларининг маҳаллий бозорда улушини кўпайтириш эканини билдирди.

Биз Twitterда